Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар: Қиссалар
Автор произведения Чингиз Айтматов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4



Скачать книгу

Шу кўйда қанча вақт ётдим, билмайман. Ҳарқалай, анчагина ётган бўлсам керак. Кейин, нима учунлигини ҳали ҳам билмайман: бир маҳал бошимни кўтардим. Машинанинг нариги томонида туфлича кийган оёқлар тўхтади. Ўша! Дарров танидим. Шундай қувониб кетдимки, ўрнимдан туролмай, чўккалаганча ўтириб қолдим. Бу сафар ҳам биз ўша жойда – биринчи марта учрашган ерда кўришдик.

      – Йўлингдан қолма, кампир! – дедим машина остидан «туфличалардан» кўз узмай.

      – Ҳеч ҳам кампир эмасман-да! – деб ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтарди Асал.

      – Кимсан бўлмаса?

      – Қиз боламан?

      – Қиз боламан? Чиройлимисан?

      – Қараб кўринг-чи!

      Иккаламиз ҳам бараварига кулиб юбордик. Мен сакраб туриб, унга томон отилдим. У ҳам менга қараб югурди. Юзма-юз тўхтадик. Бахтиёр болалардек қувнаб кулардик.

      – Гўзалларнинг гўзали! – дедим мен. Қўлтиғида иккита китоб, эгнида калта енгли кўйлак, юзлари гул-гул ёниб, шабадада тебраниб турган нозиккина сарв дарахтига ўхшарди у.

      – Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдинг?

      – Кутубхонадан келаётган эдим, қарасам, йўлда сизнинг машинангизнинг излари!

      – Ростданми?

      Мен учун бу «севаман» сўзидан ҳам азизроқ, қимматлироқ эди. У ҳам менинг ҳақимда ўйлар экан, ҳатто машинамнинг изини ҳам таниркан, демак, мени севар экан-да. Орқадаги чап ғилдиракнинг покришкаси икки хил эди, қиз ана шундан хабардор экан.

      – Мен изга кўзим тушиши биланоқ бу ёққа югурдим, кўнглимда сиз худди шу ерда кутиб тургандек бўлавердингиз!

      Мен унинг қўлидан ушладим:

      – Бу ёққа чиқ, Асал, бир оз айланамиз.

      У жон деб рози бўлди. Энди у ҳам, мен ҳам гўё бутунлай бошқа одам эдик. Барча ташвишу ғам-ғуссалар унутилиб, улардан асар ҳам қолмаган эди. Кўзимизга самою ер ва иккимиздан бошқа ҳеч нарса кўринмасди, биз бахтиёр эдик. Кабина эшигини очиб, уни ўтқаздим, ўзим эса рулни тутдим.

      Йўлга тушдик. Йўл бўйлаб боравердик, қаёққа ва нега – ўзимиз ҳам билмасдик. Аммо биз учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Ёнма-ён ўтирсак, бир-биримизга кулиб қарасак, қўлга қўл тегиб турса, бунинг ўзгача гашти борда. Асал менинг солдатча шапкамни тўғрилаб қўйди. Мен уни икки йилдан бери кийиб юрган эдим.

      – Шундай кийсангиз ярашаркан! – деди у ва эркаланиб елкамга суйкала бошлади.

      Машина даштда қушдек учиб борарди. Бутун борлиқ ҳаракатга келгандек эди. Тоғлар, даралар, дов-дарахтлар – ҳамма-ҳаммаси бизни қарши олишга ошиқарди. Қаршимиздан шамол урилар – биз олға қараб елиб борардик, қуёш бизга табассум билан боқарди, чунки биз қувнаб-кулиб борардик. Ҳаво ёвшан ва гуллолаларнинг хушбўй ҳидини таратарди, чунки биз тўйиб-тўйиб нафас олаётган эдик.

      Яккаю ёлғиз қабр устидаги кўҳна гумбаз харобаларида ўтирган чўл калхати кўтарилиб, қанотларини силкиб-силкиб машина билан биргама-бирга йўл бўйлаб ер бағирлаб учиб борарди.

      Йўлда кетаётган икки чавандоз чўчиб кетиб, ўзларини четга олди. Кейин дағдаға билан қийқириб, орқамиздан от қўйди.

      – Ҳей, тўхта! Тўхта, – деб қийқириб, ер ўпиб чопиб келаётган