Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар: Қиссалар
Автор произведения Чингиз Айтматов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4



Скачать книгу

ва бунга ўзи яна ичичидан куюнгани негадир кўнглимни ғаш қилар эди. Бундан кўра илгаригидек ҳазиллашиб юраверса бўлмасмиди? Ўзим шундай дейману, бироқ кечалари овулга қайтаётганимизда Дониёрнинг ашуласини эшитарканман, уларни ўйлаб, қалбим қувончга тўлиб-тошар, ҳалиги ғамгин ўй-фикрлар хаёлимдан кўтарилиб, дунёнинг бутун лаззати шу ашулада деб билардим. Дарадан ўтиб, дарё бўйига чиққанимизда Жамила аравадан тушиб, пиёда юрарди. Мен ҳам аравадан тушиб юрардим, яёв юриб, мириқиб куй тинглаганга нима етсин! Бундай пайтда йўлдаги чанг-тўзонлар орасида эмас, худди осмонда, булутлар қўйнида кетиб бораётгандек бўласан киши! Аввал янгам иккаламиз араваларимиз ёнида борамиз, сўнгра аста-секин беихтиёр Дониёрга ёндашиб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмай қоламиз. Қандайдир сеҳрли бир куч бизни Дониёр сари етакларди. Қоронғида унинг юз ифодасини, кўз қарашини кўришни истардик, наҳотки шу қадар юрак билан куйлаётган киши ўша ўзимизнинг камгап, одамови Дониёр бўлса! Юраги талпиниб, куйдан ором олган Жамила ҳар доим унга яқинлаб борганида Дониёр томон секин қўл чўзганини ўзи ҳам сезмай қоларди. Лекин завқ-шавқ билан куйлаётган Дониёр буни пайқамас эди. Унинг ўй-хаёли қаердадир, осмонда кезиб юргандек узоқ-узоқларга кўз тикиб, қўлларини кўксига қовуштирганча, куй оҳангига чайқалиб ўтирарди. Жамиланинг қўли шилқ этиб тушиб, арава четига текканда худди ҳушига келгандек қўлини тортиб олар ва йўл ўртасида серрайиб туриб қоларди. Жамила ҳангу манг бўлиб, анчагача Дониёрга мўлтайиб қараб турар, кейин яна қадам ташларди.

      Баъзан менга янгам икковимизни ҳам бир хил, аллақандай ажиб ҳис-туйғу ҳаяжонга солаётгандек бўлиб туюларди. Эҳтимол, бу ҳис-туйғулар икковимизнинг ҳам қалбимизда кўпдан буён яшириниб ётиб, энди вақт-соати келиб туғён ураётгандир.

      Жамила иш билан алаҳсираб, унча сир бой бермасликка ҳаракат қиларди. Лекин хирмонда қолиб, қўли ишдан бўшади дегунча, Жамила ўтиргани жой тополмай каловланиб қоларди. Бекорчиликдан нима қиларини билмаган одамдек шу ўртада айланиб юрар, сўнгра хирмон совураётганларнинг ёнига борар, уларга ёрдамлашмоқчи бўлиб, уч-тўрт курак ғалла ташларди-да, кейин бирдан куракни четга ирғитиб, сомон ғарами олдига кетарди. У дам олмоқчи бўлгандек ғарам соясига ўтирарди-ю, гўё якка-ёлғиз ўтиришдан қўрққандек мени чақирарди:

      – Бу ёққа кел, кичкина бола!

      Мен, янгам ҳозир менга бутун сир-асрорини очиб, юрагидаги дардини айтса керак, деб кутардим. Лекин у ҳеч нарса айтмас, эркалатиб бошимни ўз тиззасига қўярди-да, ўзи олис-олисларга узоқ тикилганча қалтираган иссиқ кафтлари билан сочимни, юзимни секин-секин силарди. Мен янгамнинг ташвишли, ғамгин чеҳрасига қарар эканман, негадир ўзимни унга ўхшатардим. Чунки унинг ҳам қалбини аллақандай бир ҳиссиёт ўртаётганини, унинг ҳам юрагида янги умид-орзулар уйғона бошлаганини сезиб қолгандим. Назаримда, Жамила бу оташин ҳисни қалбидан чиқариб ташлашга уринаётгандек бўларди. Бироқ ўз севгисини тарк этолмай, унинг барча заҳматларига чидашга мажбур бўларди. Мен ҳам бунга ўхшаб, бир кўнглим Жамила Дониёрни