Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
Эрталаб ғалла қоплаётганда Жамила бу касофат қопни олди-да, уни чок-чокидан шир-шир йиртиб юборди.
– Ма, топган матоҳингни бошингга ур! Бригадирингга айтиб қўй, иккинчи марта бундай қопларни бера кўрмасин, – деб ҳалиги йиртилган қоп парчаларини тарозибоннинг олдига отиб юборди.
– Ҳой, ақлинг жойидами, бу нима қилганинг?
– Ҳеч нима!..
Эртасига ҳар кунгидек станцияга келиб, қош қорайганда яна овулга йўл олдик. Дониёр олдинда кетиб борар эди. Унинг кўнглидаги хижили ёзилдими йўқми, била олмадик, зотан, буни билиш осон эмасди. Худди ўртамизда ҳеч гап ўтмагандек, Дониёр индамай ишини қилаверди. Шуниси борки, ярадор оёғи кўпроқ лат еган бўлса керак, у қаттиқроқ оқсаб, айниқса, қоп кўтарганда қийналиб юрди. Гарчи у ҳеч нарса демаса ҳам, унинг юриш-туриши гуноҳкор эканлигимизни эслатиб, кўнглимизни оғритар эди. Лоақал Дониёр сал-пал ҳазиллашиб, кулиб қараса ҳам майли эди, кўнглимиз равшан тортарди.
Жамила отдан тушса ҳам эгардан тушмай, гўё кўнглида ҳеч гап йўқдай ҳазил-ҳузул қилиб юраверди. Лекин ичи-чидан эзилиб, хафа бўлиб юрганини аниқ сезардим.
Мана, овулга кетиб боряпмиз. Латофатли ажойиб тун.
Сутдек ойдин август кечаларини ким билмайди дейсиз. Осмондаги юлдузлар узоқ-узоқлардан мўралашса ҳам гўё улар шундай яқиндан ҳар бири ўзича нур сочаётгандек туюларди.
Юлдузлар чарақлаган шундай гўзал кечада биз дара бўйлаб келардик. Отлар гўё уйга шошилаётгандек тобора тез йўрғаларди. Майда шағал от туёқлари ва арава ғилдираклари остида ғирчиллаб, атрофга учиб чиқарди. Ғир-ғир эсиб турган майин шабада эрманнинг аччиқ иси билан ғарқ пишган ғалланинг хушбўй ҳидини димоққа келтириб урарди. Буларнинг ҳаммаси отларнинг терга ботган эгар-жабдуғидан чиқаётган ҳид билан қўшилиб бошни айлантирар эди. Йўлнинг бир томонида наъматаклар билан қопланган қоялар қад кўтариб турарди, йўлнинг иккинчи томонида, пастликда, тол ва ёввойи тераклар орасидан Гуркуров жўш уриб оқарди. Орқада кўприкдан тарақа-туруқ қилиб ўтаётган поездларнинг янгроқ гудоги олис-олислардан ҳам эшитилиб турарди.
Бундай сўлим тунда йўл юришнинг ўзига яраша гашти бор. Тун қучоғида балиқдек сузиб бораётган отларнинг ёқимли «чир-чирига» қулоқ солиш, шамол димоққа ураётган хушбўй ҳидларни тўйиб-тўйиб симириш қандай яхши!
Жамила олдимда кетиб борарди. У тизгинни бўш қўйиб, атрофига суқланиб қарар, ўзича аллақандай ашулани хиргойи қиларди. Бизнинг оғзимизга талқон солгандек жим келаётганимиздан Жамиланинг тоқати тоқ бўлаётганини сезиб турардим. Шундай кечада жим кетиб бўладими? Юрагида ўти бор одам шундай гўзал табиат манзарасини кўриб жим