Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
деб куйлаб юборди. Бироқ у яна тўхтаб, йўталиб қўйди, лекин кейинги икки мисрани юракдан чиқариб завқ билан айтди:
Эй, Олатоғ, Олатоғ,
Оқ булут қалқиб кўчган ер!
Дониёр нимадандир чўчигандек яна жим бўлиб қолди. Киши деган уялмаса-да, нима энди, шу ҳам ашула айтиш бўлдими, бундан кўра айтмагани тузук эди. Худо билади, юзи олов бўлиб ёниб кетгандир. Негадир унинг учун ўзим ҳам мулзам бўлдим.
Лекин Дониёрнинг шу бир оғиз куйлашида ҳам қандайдир бир жозиба, нафосат борлиги аниқ сезилиб турарди. Ҳа, овози ҳам яхши эди.
«Қойилман!» – деб қўйдим ичимда ҳайратланиб. Жамила ҳам қичқириб юборди.
– Ие, дурустсан-ку, илгари қаерда юрган эдинг? Қани айт, яхшилаб айт!
Дониёр миқ этмай келаверди. Олдимизда дарадан водийга чиқадиган жой оқариб кўринарди, ўша томондан шабада эсарди. Дониёрнинг ҳали бошлаган куйини яна давом эттиришини сабрсизлик билан кутардим. Дониёр яна куйлай бошлади, мен ўзимда йўқ қувониб кетдим.
Дониёр аввалига тортиниб-тортиниб секин куйлай бошлади. Аммо бора-бора овозини баралла қўйиб, эркин айта бошлади, унинг ашуласи дарада қўнғироқдек янграб, узоқ-узоқлардаги қояларда акс садо берди. Дониёрнинг қўнғироқдек овозигина эмас, балки куйнинг оҳанраболиги, жўшқин ҳистуйғуларга бойлиги ҳам кишини мафтун этарди. Бунинг нималигини ақлимга сиғдира олмай лол бўлиб қолдим: бу ашулачининг овозими ё бўлмаса, юракдан қайнаб чиқаётган бошқа бир нарсами? Киши қалбининг энг нозик торларини чертиб, унда эзгу ниятлар уйғотаётган бу нима ўзи? Ростини айтсам, бу саволга ҳозир ҳам жавоб бера олмайман.
Қани энди, қўлимдан келсаю, буларнинг ҳаммасини қоғозга битиб ўтирмай, иложи бўлса ўша ажойиб куйнинг ўзгинасини яратиб берсам.
Унда деярли сўз йўқ, лекин бу куй сўзсиз ҳам самимий, соф ниятли қалб эгасининг бутун қувончи, умид-орзулари ва тилакларини ифодалаб берарди. Мен умрим бино бўлиб бундай куйни эшитган эмасман. У қирғизчага ҳам, қозоқчага ҳам ўхшамасди, бироқ бу куйга азалдан бир-бирига қондош-жондош бўлган қирғиз билан қозоқ халқининг куйларидаги энг нафис, энг дилрабо оҳанглар сингдирилгандек бўлиб туюларди. Бу куй гоҳ қирғиз тоғларидек баланд-баландларга парвоз қилса, гоҳ поёни йўқ қозоқ далаларидек узоқ-узоқларга тараларди. «Ё тавба, Дониёрни шунчалик ашулачи деб ким ўйлаган эди?» – дердим мен ўзимга ўзим.
Дарани босиб ўтиб кенг далага чиққанимиздан кейин, Дониёрнинг ашуласи қанот ёзиб, яна ҳам кучлироқ янгради. Бу дилрабо куй бир-бирига уланиб, бир-бири билан алмашиниб борарди. Бугун Дониёрга нима бўлди, тинчликми ўзи, ҳеч нарсани тушуна олмасдим. Гўё у шу кунни, шу дамни кўпдан бери орзиқиб кутгандек, қалбидаги бутун сир-асрорини тўкиб солди. Дониёрнинг нима учун меров одамдай элга кулги бўлиб юрганини, нима учун кечқурунлари Қоровултепага чиқиб олиб ёлғиз ўйга чўмиб ўтирганини, нима учун киши илғамас товушларга қулоқ осганида қошлари чимирилиб, кўзлари қувончга тўлганини энди бир қадар тушуна бошлаган эдим. У қалбида юксак инсоний муҳаббат туғён урган бир инсон эди! Менимча, унинг севгиси бирор кишига ишқи тушиб, ўша одамга ато қилинган