Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар: Қиссалар
Автор произведения Чингиз Айтматов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4



Скачать книгу

қавм-қариндошлари турганда дастлаб хотинини эсга олиш, хатни унинг номига ёзиш одобдан эмас, албатта. Бу нарса фақат Содиққа эмас, балки умуман эркак зотига тўғри келмайди. Бироқ биз шу икки энли хат олиб турганимизга ҳам минг қатла шукур қиламиз, овулдагилар учун бу бир катта бахт эди. Ойим хатни менга икки-уч марта ўқитиб олгандан кейин қозон-товоқ, иссиқ-совуққа уравериб ёрилиб кетган қўлларига олиб, гўё учириб юборишдан қўрққандек уни авайлаб учбурчак қилиб буклаб қўярди.

      – Ээ, тумордек хатларингдан онанг айлансин, – дерди у кўзига ёш олиб, оғир хўрсиниб. – Ота-она, қариндошларнинг аҳволини сўрайди-я! Ахир биз уйдамиз-ку, бизни жин урармиди! Бахтимизга, ишқилиб, сизлар омон бўлинглар, Худо ўз паноҳида сақласин. Икки энли хат ёзиб, соғ-саломат юрибман, деб қўйсаларинг, шунинг ўзи ҳам катта ғанимат.

      Ойим хатга яна бир оз термилиб қараб турарди-да, сўнгра уни сандиқдаги хатлар сақланадиган халтачага яшириб қўярди.

      Агар шу пайт Жамила уйда бўлиб қолса, у ҳам хатни бир карра ичида ўқиб чиқарди. Жамила ҳар сафар хатни қўлига олиши билан ўз-ўзидан қизишиб кетар, уни ҳарислик билан тез-тез ўқий бошларди. Лекин хатнинг охирига яқинлашган сайин юзидаги қувонч алангалари сўниб, ранги ўчиб, қошлари яна чимирилиб қоларди. Баъзида хатни охиригача ўқиб чиқишга ҳам сабри чидамай, ҳафсаласи пир бўлардию, ғинг демасдан, гўё қарз олган нарсани қайтариб бераётгандек бўшашиб, хатни ойимнинг қўлига тутқазарди.

      Хат сақланадиган халтачани сандиққа бекитаркан, келинининг тумшайиб қолганини пайқаган ойим унга тасалли берган бўларди:

      – Хабар келганига қувониш ўрнига хафа бўлганинг нимаси, болам. Ёки фақат сенинг куёвинг аскарликка кетганми? Барчага баробар мусибат, сабр қил… Кўз очиб кўрган ёрини ким соғинмайди дейсан. Соғинсанг ҳам сир бой берма, ичингда сақла.

      Жамила бўлса миқ этмасди. Лом-мим демаса ҳам паришон чеҳраси гўё: «Эҳ, кошки эди тушунсангиз!»– деяётгандек бўларди.

      Содиқ акам бу хатини ҳам Саратовдан, госпиталдан ёзган эди. Худо хоҳласа, кузнинг ўрталарига бориб қоларман, дебди. Илгари ҳам шундай деб ёзганида биз жуда қувонган эдик.

      Отам ишдан қайтгач, тезда сочимни олдирдиму уйда қолмай, отларни бедазорга қўйиб юбордим-да, ўзим ҳар кунгидек хирмонда тунадим. Раисимиз молларни бедазорга ёйишга рухсат бермасди, бироқ мен отларим яхши тўйсин, деб уларни кўздан овлоқ жойдаги бедазорга тушовлаб қўярдим. Буни ҳеч ким билмасди. Бу сафар аравани хирмонда қолдириб борсам, пастликда яна тўрт от ўтлаб юрибди. Жаҳлим чиқиб, уларни чеккароқ жойга ҳайдаб юбормоқчи бўлдим. Бироқ отларнинг иккитаси бригадир айтган ўша Дониёрники эканини таниб қолдим. Мен, эртадан бошлаб баримиз бир бригада бўлиб, стансияга бирга қатнаймиз, деган ўй билан отларга текканим йўқ. Сўнгра хирмонга келсам, Дониёр ҳам шу ерда экан. У эндигина аравасининг ғилдиракларини мойлаб бўлиб, ўқнинг гайкаларини бураётган экан.

      – Дониёр ака, отлар сизникими? – деб сўрадим ундан.

      У менга бир қараб қўйди-да:

      – Иккитаси