қалбан мурожаат этарди. Унинг мажруҳ қалбидаги дарду ҳасратларини фақат юлдузлару оймомогагина тўкиб солиши, уларгагина илтижо қилиши мумкин эди, холос. Зора улар унинг оҳу зорларини эшитиб, қандайдир бир мўъжиза билан ердаги воқеаларга таъсир ўтказишса: эрини, чақалоғини, қайнонасини ҳамда ўзини бало-қазолардан авайлаб-асрашса. Хусусан, Исмоилнинг қочоқлигидан хабар топиши биланоқ уларнинг ҳаммаларининг қўл-оёқларини боғлаб Сибирга бадарға қилиш ва йўқотиб юбориш пайида юрган кимсалардан қутқара қолишса. “Менинг илтижоларимни эшитингизлар, уларни фақат Сизларгагина изҳор қилмоқдаман, – унинг ўзи тўқиган муножотлари шу сўзлар билан бошланарди. – Сизлар самода ўз ўрнингиздасиз, шу важдан ҳеч нима сизларга таҳдид сололмайди, ҳеч ким ҳеч кимни таъқиб ҳам қилмайди ва у ерда ҳеч қандай ўзаро урушлар ҳам бўлмайди. Бизлар эса бу ерда даҳшатли урушнинг дастидан ўзимизни қаёққа уришни ҳам билмаймиз. Урушда эса сон-саноқсиз халойиқ қирилиб ётибди. Овулимизда эркак зоти қолмади ҳисоб: ҳаммаси урушга кетган. Душман билан урушиш, жанг қилиш керак, дейилиши биланоқ ҳамма бирдай фронтга жўнади. Аслида эса бирон киши ҳам ўлишни кўнглидан хоҳламайди, шунга қарамай, ҳамма ўзини ўлимга ураётибди. Нега шундай-а? Эримнинг айтишича у эшелондан қочган экан, ўз хоҳиши билан шу қарорга келган, ҳар ким ўз ақлиҳуши билан иш тутади, бандаликни қаерда бажо келтиришнинг ҳеч аҳамияти йўқ. Шундайликка шундаю, аммо буларнинг ҳаммаси охир-оқибат қандай якун топаркин-а? Шу боис Сизлардан ёлвориб илтижо қилаяпман, юлдузлар ва оймомо! Сизлардан ўзга ҳеч кимимиз йўқ бизларнинг. Мунглиғ қайнонам икковимиз фақат шу ҳақда бош қотирамиз. Гўдакчамиз ҳали жуда ёш бўлса, ундан нимани ҳам сўрашимиз мумкин! Унинг мурғак тақдири қандай кечаркин? Шу ҳақда эрим билан кенгашган чоғларимда у ўз билганидан қолмайди: менинг қисматим нима бўлса, сизларники ҳам шундай бўлади. Турмуш қурганимизда нима бўлган эди? Ўшанда ҳар биримиз ёмон кунда ҳам, яхши кунда ҳам доим бирга бўлиш тўғрисида қасамёд қилган эдик. Мен-ку шунга ҳамиша шайман. Бироқ бундан кейин шу зайлда қандай яшай олар эканмиз? Ҳаммани урушга чорлаётган ўлкалардаги бу даҳшатли уруш яна қанча давом этаркин? Бизнинг ҳаммадан яшириниб, таҳликада кун кечириш тарзимиз қачонгача давом этаркин, қўққисдан сиримиз очилиб қолса-чи?.. Эрим бечорага ҳам раҳмим келади, қачондан бери тўдасидан айрилган бўридек, одамлардан қочиб-безиб юрибди шўрлик. Аҳволи оғир унинг. Қаттиқ йўталади, шамоллаган боёқиш. Уйда ҳам ҳамма нарсамиз тамом бўлай деб қолди. Ўрада уруғ учун асраётган картошкамиздан озгина қолди, у ҳам ниш чиқариб ўсмоқда. Ун ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади: у умуман тугаяпти. Ваҳоланки унинг ҳар бир сиқимини ҳам ниҳоятда тежаб-тергаб ишлатаяпмиз, нонни эса қаллиғим учунгина пиширамиз, ўзимизнинг кунимиз эса фақат жўхори бўтқасига қолган… Жамоа хўжалигидаги кўпгина хонадонларда ҳақиқий очарчилик бошланмоқда дейиш мумкин. Одамлар аранг, зўрға-зўрға тирикчилик ўтказишаяпти, шу сабабли ҳамма кўклам бошланиб, сигирлари туғиб, сут-қатиққа ёлчийдиган кунлар келишини