Танланган асарлар: Қиссалар. Чингиз Айтматов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар: Қиссалар
Автор произведения Чингиз Айтматов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-6609-8-4



Скачать книгу

вақти келиб, унинг учун оламдаги энг азиз ва табаррук қароргоҳ бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди…

      Ўзини ўзи банди қилиб қўйганидан гангиб, одамови бўлиб қолган Исмоил учун ҳам, ўша от ўғриси қўшиғида куйланганидек, умид ёғдуси сўнмаганди: у бутун қалби билан муз ва қорлар оша Чотқолга ошиқарди, унинг фикри-хаёли фақат шу ҳақда эди.

      Исмоилнинг онаси – беозор, касалманд Бексаат кампир – ўша қишни бамисоли бир уюм тупроқ тагидаги инида онда-сондагина атрофга қараб қўйиб, таҳликали кун кечирувчи кўрсичқондек ўтказди. Қочқинчи ўғлини одамлар нигоҳидан яшириш зарурати туғилган кезларда она бечора бутун фаросатини ишга солиб, ҳовлисидан ҳеч қаёққа чиқмасликка, ҳеч қаерда кўринмасликка, ҳамқишлоқлари билан ортиқча учрашув ва мулоқотлардан йироқ юришга ундади. Бундан ўзгача тарзда яшашнинг сира иложи йўқ эди. Шўрлик кун бўйи уйида набирагинасига қараб ўтирарди, бошқа ҳеч нима талаб ҳам қилинмас эди ундан. Энг муҳими: кампирнинг шундай ҳаёт тарзи ўғлини ҳам, келинини ҳам тўла қаноатлантирарди. Улар унга тўла ишонишар ва суянишар эди. Шу кампир бўлмаганида аҳволлари қандай кечарди?! Саида ўтин йиғишга, шунингдек эрининг тоғ этагидаги бошпанасига бориб келиши учун гўдагини кимга ва қаерга қолдириб кетган бўларди?!

      Саида Мирзақул уни қамчилаб савалагунига қадар ҳам қайнонасини бот-бот огоҳликка чақириб турарди: мабодо биров ундан ўғли тўғрисида бир нарса сўраб қолса, ўзини дадил тутиб, унинг тақдирига ачинаётганини билдириши жоизлиги, ҳозирги замонда юз бераётган воқеаларни бир нотавон, саводсиз кампир қаёқдан ҳам билишлигини айтиши даркорлигини уқтирар эди. Бугина эмас… Исмоилни аскарликка олиб, урушга жўнатишганидан бери ундан ҳеч қандай дом-дарак йўқ. Ким билади дейсиз: хатлар йўлда қаерлардадир йўқолиб кетар, балки. Ишқилиб яккаю ягона, ёлғизгина ўғлимни Худойим ўз паноҳида асрасин-да. Тирик бўлса, бир куни албатта қайтиб келади. Шу кунлар менга насиб қилиш-қилмаслиги эса ёлғиз Эгамнинг ўзигагина аён, деганга ўхшаш огоҳлантиришлар…

      Шундай вазиятларда кекса Бексаат ҳаммасини тўлиғинча тушуниб етганини бош ирғаб маъқуллаб турарди. Унинг серажин яноқлари сезилар-сезилмас оққан кўзёши томчиларидан намиқиб кетган, у шу қадар мункайиб, озибтўзиб, бир тутам бўлиб, кексайиб қолган эдики, Саида унга ачинишни ҳам, бирор маслаҳат беришни ҳам билмасди:

      – Эй, энагинам, нега беҳудага ҳадеб кўзёш тўкаверасиз! Худонинг ғазабини келтирманг, – дея гина қила бошлади келини. – Нима бўлгандаям Яратганга шукр қилсангиз-чи: ўғлингиз гарчи қочқинчи бўлса ҳам, тирик юрибди-ку, ахир. Ярим кечада, оз фурсатга бўлса-да, уйимизга келиб турибди-ку! Аёзли кечаларда юриш қанчалик оғир бўлмасин, барибир, бу ерлардаги аҳвол урушдагидан афзалроқ-ку, у ёқларда қанчадан-қанча одамлар қирилиб кетмоқда… Ўғлингизнинг ўзи ҳам айтган эди-ку: бегона юртларда жон фидо қилишимнинг нима ҳожати бор. Тушимга ҳам кирмаган, ота-боболарим ҳам кўрмаган аллақаерларга бориб жанг қилишни менга ким қўйибди! Урушни ким бошлаган бўлса, унинг ўзи урушаверсин. Мен эса “Болта тушгунча кунда дам олар” мақолига амал қилиб, тоқат