Название | Танланган асарлар |
---|---|
Автор произведения | Носир Фозилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-5993-4-5 |
Дафъатан уларнинг кўзлари кўзларига тушиб қолди. Камола жилмайди. Тўра худди билмасдан чўғ ютиб юборгандай, бутун аъзойи бадани жизиллаб кетди. Нима дейишини билмай, аста «ола»ни олдига солиб ҳайдаб кета бошлади.
Камола бир табассум ҳадя қилди. Бу табассумдан унинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Айни пайтда бир дайди фикр зарбидан ғариб бир аҳволга тушиб қолди. «Бу кўйлакда у пода боқишга чиқмайди!»
У бу фикри ва хулосасидан чўчиб тушди, ўзининг бир ноёб нарсасидан айрилиб қолгандай, ич-ичидан ўртаниб кетди…
Шу аҳволда қишлоқдан чиқиб келаётганида Соли оқсоқолга дуч келди, унинг гапи, илтимоси кўнглини бир баҳя кўтаргандай бўлса, бу таклиф Камоланинг табассуми каби дилини яйратиб юборди. Тўра пода кетида қарама-қарши хаёлларга ғарқ бўлиб аста келар экан, ўша хаёлларнинг тафти билан унинг юзи гоҳ чарақлаб кетар, гоҳ тундлашиб қолар эди. У бошидан кечаётган ҳисларга сира ҳам ақли бовар қилмасди. Кечагина оддий кўринган нарсалар бугун негадир бошқа бир фазилати, бошқача бир қирраси билан намоён бўлар ва бу кўринишлар унинг кўнглида қандайдир шоирона кайфият уйғотар эди. Унингча, бугунги тонг бошқа тонгларга мутлақо ўхшамас, кайфиятига бунчалик фаол таъсир кўрсатган эмас эди. Назарида кун ҳар куни чиқади, тушлик пайти бўлади ва кеч киради. Бундан бошқа унинг кўзга ташланадиган жиҳати йўқдай эди. Бугун ҳамма нарса сеҳрли, ҳамма нарсада ўзига хос маъно бор.
Тўра атрофига разм солди. Қуёш терак бўйи кўтарилган бўлса ҳам, ҳали тунги салқин ўзининг ҳарир этагини Қарқарали яйловларидан йиғиштириб олишга улгурмаган, гиёҳларнинг баргларидаги зумрад шудринглар ҳали-замон офтоб тиғига бардош беролмай буғга айланиб кетишини сезгандай, кўзчаларини жавдиратиб мунгли боқишар, гўё нажот тилагандай болдирларга суйкалиб, кўз ёшлари билан почани ҳўл қилишар эди. Чиннидек мусаффо осмонда яна бир гўзал тонг отганидан миннатдор сўфитўрғай-у сарғалтоқлар ўзларида йўқ шод; пир-пир учишиб, қанот қоқишиб, вижир-вижир сайрашади. Йўл чеккасидаги сарғиш тортиб қолган буғдойлар, эрта-индин ўроқ тушай деб турган бошоқлари гўё саховатли