Танланган асарлар. Носир Фозилов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар
Автор произведения Носир Фозилов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-4-5



Скачать книгу

пахсали деворларининг тепа томони нураб қолибди. «Бир қўл текканда лўмбоз қўйишим керак экан…»

      Тўрада, айниқса кейинги кунларда, ажойиб ўзгаришлар содир бўла бошлади. Катталардек фикр юритадиган, фойдали ишга уринадиган, ўйлаброқ гапирадиган бўлиб қолди. У кечагина ёш болаларга қўшилишиб, кўчада «оқ теракми, кўк терак» ўйнаб юрган эди. Ҳозир ҳам кечқурунлари ўша ўйин хумор қилар эди-ю, аммо негадир истиҳола қилар, гўё ўйнаса одамлар ундан куладигандай туюларди назарида.

      У ҳовлида майда-чуйда ишлар билан ивирсиб юрганида Салима хола ишдан қайтиб келди. Тўра шундагина қош қорайиб қолганини сезди. Ойиси келиши билан уйга чироқ ёқиб, овқатга уннай бошлаганида, Тўра идорага қараб йўл олди.

      Хайрият, идоранинг чироғи ёқилипти. Демак, кимдир бор. «Раиснинг ўзи бўлса керак. Ҳали Бойғози чўлоқнинг қайтиб келадиган вақти бўлгани йўқ». У аста бориб деразадан мўралади. Раиснинг хонасида уч-тўрт одам гаплашиб ўтирар эди. У ўтирганлар орасида фақат битта кишини танимади. Бошқалари – раис бобо, Соли оқсоқол, Абдихолиқ бригадир, бошланғич комсомол ячейкасининг секретари Тожихон опа… «Идорага йиғилишганидан бирор муҳим масала ҳал қилинаётган бўлса ажаб эмас. Кирсаммикан ё… Соли оқсоқол ҳам шу ерда экан. Эрталабки гапни айтдимикан? Айтмаган бўлса кирсам эсига тушар. Кирганим яхши!..»

      Тўра аста ичкарига мўралади. Раис бува кўзи тушиб қолиб қичқирди:

      – Абдитўра?

      Тўра бегона одамдан ийманиброқ ичкарига қадам қўйди.

      – Ассалому алайкум.

      – Ваалайкум ассалом. Ке, ўтир. Қалай, шеригинг тузукми? Бир иш чиқадиганми?

      Тўра ийманиброқ жавоб қилди:

      – Ёмон эмас.

      – Ўртоқ полномочин, – дея мурожаат қилди раис ўгирилиб. – Бу бола колхозимизнинг манаман деган ёшларидан. Подачи. Манави Соли оқсоқол хирмонга берасан, деб икки оёғини бир этикка тиқиб, тиқилинч қиляпти…

      «Соли оқсоқол айтибди.»

      Бошида энсаси баланд оқ каламинка кепка, устида ёқаси гулдор оқ украинча кўйлак, белини учи попукли чизимча билан боғлаб олган, галифе шиму жигарранг брезент этик кийган нотаниш киши «яхши» деб илжайди. Илжайганида аслида узунчоқ юзи яна ҳам чўзилгандай, қўнғиздайгина қора мўйлови бурнининг тагига сурилгандай бўлди.

      Ҳар йили пахта терими, буғдой ўрими маҳалида баъзи вакиллар келиб мавсум тамом бўлгунча колхозда юрар, баъзан колхоз раҳбарларининг жонига тегиб кетар эди. Райондан чиққандан кейин ҳамма нарсани биламан, деб ўйласа керак-да. Бободеҳқонларга деҳқончилик ҳақида ақл ўргатмоқчи бўлар, шу билан асл деҳқонларнинг ғашига тегар эди. Баъзилари қишлоқда масхара бўлишар, ҳатто эсдалик учун бирор лақаб ҳам орттириб кетар эди. «Бу ҳам ўшанақаларнинг биридирда», деган гап Тўранинг кўнглидан лип этиб ўтди. «Ҳали бошини ярим эгиб, «яхши» деганига қараганда, арпа ўроғи муносабати билан келган вакил бўлса ажаб эмас. Хирмонга ўтсам «яхши» бўлса, албатта ўша масалада келади-да. Бу ҳам ўзининг иши кўнгилдагидек битишини, район олдида юзи ёруғ бўлишини истайди-да!»

      Раис бобо истеҳзоли илжайди.

      – Яхшилигига