Танланган асарлар. Носир Фозилов

Читать онлайн.
Название Танланган асарлар
Автор произведения Носир Фозилов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-5993-4-5



Скачать книгу

кўтарилди.

      – Оббо Анвари тушмагур-эй, – деди тўрда ўтирган Расулмат ака паловдан ёғ бўлиб кетган бармоқларини сочиққа артиб. – «Қулонмиди уюринг, тортармиди буюринг» деганлари шу-да. Бобонг раҳматли шўхроқ эди. Бобосининг невараси-да? Хи-хи-хи…

      Анвар ялтоқланиб бир дадасига, бир ойисига қарар, қаторга бориб ўтиришни ҳам, ўтирмасликни ҳам билмас эди. Меҳмонлардан бири луқма ташлади:

      – Расулмат ака, Анварга анави Назарбекдаги воқеани айтиб беринг. Бобосининг невараси бўлгандан кейин билиб қўйсин-да.

      – Қайсини? Ҳалиги Тўланхўжа билан бойни боплаганиними?

      – Иий, қахари суққури… хи-хи-хи. – Атий кўзларидан ёш оққанча қийқириб кулди, – ўлам, ўлам…

      – Ҳа-я, айтгандай, Атий сиз ҳам бор эдингиз-а, ўшанда?

      – Как бўлмийм? Мин онга Замонға тилмоч эдим, бит. Как бўлмийм? – деди Атий кулгидан аранг тўхтаб. – Ўрисчани бирда билмий ул. Командирларнинг сўзларини таржима этип, мин онинг ёнида бир йилча юрдим бит.

      – Сиз депода мастеровой бўлиб юрмабмидингиз?

      – Мастеровой эмас, мин онда совсем саби идим. Ўн дурт ёшинда, – деди Атий жиддий тортиб. – Мен онда Иван Николаевич деган бир мастеровойга помошник идим. Темир-терсакдан кўра, листовкаларни кўброқ таширдим. Связной идим. Кейин мини онда Замоннинг олдина тилмоч итиб юбордилар. Фурқатнинг бобоси Қодирда биз билан иди. Мин била тенг у кахари суққури. У-да, кўп нарсани била.

      – Шунақами? – деди Расулмат ака.– Сиз ҳам муштдай бўлиб кўп нарсани бошингиздан ўтказибсиз-да, а?

      – Шулай-шулай…– деди Атий, кампирим кўриб қўйсин, дегандай ориққина қаддини кўтарди. – Ий у замонлар…

      – Шундай қилиб, хи-хи-хи… албатта бу гапдан Атийнинг хабари бор, бир куни десангиз… Йигирманчи йилмиди ё йигирма иккинчи йилмиди, Омон махсум отряди Назарбекка борса…

      – Анвар!!!

      Бутун жисми қулоққа айланиб, ўртада тикка турган Анвар ғайришуурий тарзда орқасига ўгирилди.

      – Тўхтаб тур…–дея қўл силтади. Қараса, Маҳфуза қўлида қандайдир қоғоз ушлаб олган, ғира-ширада тузукроқ кўринмади, ҳадеб чақирарди:

      – Бу ёққа чиқ!..

      Бир сирли гап борга ўхшайди. Анвар иккиланиб қолди, чиқай деса, бобоси ҳақидаги қизиқ гапни эшитмай қоладиган, чиқмай деса, Маҳфуза имлаб чақиряпти. Кулиб чақираётганига қараганда қизиқ гап борга ўхшайди. «Қўлидаги қоғоз нима экан? Бирон зарур гап чиқиб қолди шекилли». У эшикка чиқди.

      – Нима дейсан?

      Маҳфуза шошмай қўлларини фартуғига артди-да, ҳалиги қоғозни кўрсатди:

      – Бу нима?

      Анварнинг ранги оқариб кетди. «Гулхан» журналидан Фурқатнинг номига келган хат эди.

      – Бу нима деб сўраяпман сендан? – деди зарда аралаш Маҳфуза.

      – Анвар шошиб қолиб сўради:

      – Қаёқдан олдинг?

      – Ҳозир Зуҳрани уйларига кузатиб қайтиб кираётиб, бундай қарасам йўлакда осилиб турган курткангнинг чўнтагидан ярми чиқиб турган экан. Нима экан бу деб олиб қарасам… Хўш, қаёқдан олдинг?

      – Э, Зуҳра кетиб қолдими? – деди у гапни чалғитмоқчи