Название | Тирилиш |
---|---|
Автор произведения | Лев Толстой |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-5841-0-5 |
– Бундай бўлар деб ўйламабман, – деди Нехлюдов.
– Ўйламагандан кейин шундай бўлади.
– Ҳалиям тўғриласа бўлади, – деди Нехлюдов.
– Йўқ, энди тўғрилаб бўпмиз.
Нехлюдов судланувчиларга қаради. Улар, яъни тақдири ҳал этилаётган бу кишилар панжара орқасида, солдатлар олдида боягидек қимир этмай ўтиришарди. Маслова нимагадир жилмайиб ўтирарди. Нехлюдовнинг кўнглида ёмон ҳис уйғонди. Боя, Катюшанинг оқланиши ва шаҳарда қолишига кўзи етгандан кейин унга қандай муносабатда бўлишига ҳайрон бўлиб ўтирган эди; у билан муносабатда бўлиш ҳам қийин эди. Каторга ва Сибирга сургун қилиниши эса, унга нисбатан бўладиган ҳар қанақа муносабатга хотима беради: яраланган қуш овчининг халтасида типирчилаб, ўзини эслата олмайди.
XXIV
Петр Герасимовичнинг тахмини тўғри эди.
Раис кенгашиб чиқди-да, қоғозни ўқий бошлади:
– «Округ судининг жиноий ишларни кўриш бўлими император ҳазрати олийларининг фармонига мувофиқ 188* йилнинг 28 апрель куни жаноб суд маслаҳатчиларининг қарорига биноан, жиноий ишларни кўриш уставининг 771-моддасининг 3-банди, 776-моддаси ва 777-моддасига асосан, 33 яшар деҳқон Симон Картинкин, 27 яшар мешчанка Екатерина Маслова каторга ишига ҳукм этилсин, мол-мулки мусодара қилинсин; Картинкин 8 йилга, Маслова 4 йилга кесилсин. Иккалови қонунлар мажмуасининг 28-моддасига биноан ҳуқуқлардан маҳрум этилсин. 43 яшар мешчанка Евфимия Бочкова мол-мулки мусодара қилиниб, 3 йил муддат билан турмага қамалсин, қонунлар мажмуасининг 49-моддасига биноан ҳуқуқдан маҳрум этилсин. Шу иш бўйича чиқимлар судланувчиларнинг гарданига қўйилиб, учаловига баравар тақсимлансин. Уларнинг қурби етмаган тақдирда эса, хазина ҳисобига ўтказилсин. Шу иш бўйича келтирилган далилий ашёлар сотилсин, узук қайтариб берилсин, шиша идишлар синдириб ташлансин».
Картинкин бармоқларини кериб, қўлларини икки ёнига ташлаб турар, юзлари пир-пир учарди. Бочкова жудаям хотиржам кўринарди. Маслова эса ҳукмни эшитиб қип-қизариб кетди.
– Гуноҳим йўқ, гуноҳим йўқ! – деб овозининг борича чинқириб юборди у. – Бу инсофдан эмас. Гуноҳим йўқ, ўйламаган эдим ҳам, хаёлимга ҳам келмаган эди. Рост айтяпман. Рост. – Шундай деб у ўриндиққа ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
Картинкин билан Бочкова чиқиб кетганда ҳам у жойида йиғлаб ўтирарди, жандарм халатининг енгидан тортиб турғизишга мажбур бўлди.
«Йўқ, буни шу аҳволда қолдириб бўлмайди», – деб ғўлдиради Нехлюдов ўзига ўзи, боя кўнглида пайдо бўлган ярамас ҳисни тамомила унутиб; Масловани яна бир бор кўриб қолиш учун шошиб йўлакка чиқди. Нега бундай қилганини ўзи ҳам билмас эди. Ишнинг тугаганидан хурсанд бўлиб чиқиб кетаётган маслаҳатчилар ва адвокатлар эшик олдида уймаланишарди. Шунинг учун Нехлюдов эшик ёнида бир неча дақиқа тўхталиб қолди, Нехлюдов йўлакка чиққанда эса Маслова анча нарига кетиб қолган эди. Нехлюдов одамларнинг эътиборини жалб қилаётганига парво қилмай тез-тез юриб ундан ўзиб кетди-да, тўхтади. Катюша йиғидан тўхтаган эди. У ўқтин-ўқтин