Название | Ой ва сариқ чақа |
---|---|
Автор произведения | Уильям Сомерсет Моэм |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-893-3 |
– Мен буни сир тутишни лозим топдим.
– Рассомчиликдан бирор нарса чиқяптими?
– Ҳозирча унчалик муваффақиятли эмас. Лекин ўрганаман. Шу туфайли бу ерга келдим. Лондонда менга керакли нарсалар йўқ. Кўрамиз, бу ерда нима бўларкин.
– Наҳотки сиз шу ёшда рассомчиликни бошлаб, бирор нарсага эришаман, деб ўйласангиз? Одамлар бу ишга ўн саккиз ёшларида киришади.
– Мен эса ҳозир ўн саккиз ёш вақтимдагига қараганда тезроқ ўрганаман.
– Ўзингизда истеъдод борлигини қаёқдан билдингиз?
У дарҳол жавоб бермади. Унинг нигоҳи олдимиздан бир-бирига ёпишиб ўтиб кетаётганларда бўлиб, лекин уларни кўраётгани ҳам амримаҳол эди. Сирасини айтганда, жавоби ҳам берилган саволнинг жавоби эмасди.
– Мен расм чизишим керак.
– Лекин бу жудаям таваккал иш-ку!
У менга қараб қўйди. Кўзларида шундай ғалати ифода акс этдики, ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим.
– Ёшингиз нечада? Йигирма учдами?
Савол андишасизлик билан берилгандай туйилди. Ҳа, менинг ёшимда одам саргузаштларга ўч бўлади. Унинг ёшлиги эса ўтиб кетган, жамиятда маълум мавқега эга бўлган, хотин, бола-чақали эркак, биржа даллоли эди. Мен учун табиий бўлган нарса у учун ножоиз эди. Мен холис бўлишга интилдим.
– Албатта, мўъжиза рўй бериб сиз улуғ рассом бўлишингиз мумкин. Лекин бу миллиондан бир имконият эканлигини тушунишингиз керак. Лекин пировард-натижада нотўғри йўлга қадам қўйганингизни билиб қолсангиз, фожиа бўлади.
– Мен расм чизишим керак, – қайтарди у.
– Агар учинчи даражали рассом бўлиб қолгудай бўлсангиз, шунинг учун ҳамма нарсадан воз кечишга арзийдими? Ҳамма ишда ҳам биринчи бўлавериш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бошқа касбларда ўртамиёна бўлсанг ҳам шод-хуррам яшашинг мумкин. Лекин бу соҳада ўртамиёна бўлиш мумкин эмас.
– Сиз қип-қизил аҳмоқ экансиз, – деди у.
– Негалигини билмайман-у, кўриниб турган ҳақиқатлар доимо аҳмоқона бўлади.
– Сизга мен расм чизишим керак, деб айтяпман, – жаҳл аралаш жавоб қилди. – Мен бошқача йўл тута олмайман. Агар одам дарёга тушиб кетгудай бўлса, яхши ёки ёмон сузишидан қатъи назар, сув қаъридан қутулмоғи шарт, акс ҳолда дарёга ғарқ бўлади.
Унинг овозида ҳақиқий эҳтирос оҳанглари бор эди. Истагимга қарши ўлароқ, бу овоз мени ўзига ром қилди. Мен унинг вужудида қандайдир улкан куч туғён ураётганини ҳис этдим. Уни иродасидан ташқари, қандайдир шафқатсиз ва енгиб бўлмас нарса бошқараётганга ўхшарди. Ҳеч нарсани тушуна олмай қолдим. Бу одамнинг ичига шайтон ўрнашиб олгандай, бу шайтон ҳар дақиқада уни парча-парча қилиб ташлаши, хароб этиши мумкинга ўхшарди. Стрикленд кўринишидан ўртамиёна одам эди. Мен ундан кўзимни узмасдим, лекин бу ҳол уни хижолатга қўймасди. Ичимда эса эски камзул, анчадан бери тозаланмаган бош кийим, ҳалпиллаб турган шим кийиб олган, анчадан бери олинмаган сарғимтир соқол ва катта бурунли бу одамни кимга ўхшатишни билмасдим. Оғзи катта, лаблари қалин эди. Йўқ, мен унинг аниқ таърифини барибир бера