Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров

Читать онлайн.
Название Мангу латофат: бадиалар
Автор произведения Иброҳим Ғафуров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-8593-8-8



Скачать книгу

мафкураси қайси мамлакатда бўлмасин, маърифатпарвар «миллатчилар»ни омма кўз унгида аянчли қилиб кўрсатишга, унинг устидан кулиш, масхара қилиш, уни киноя ва истеҳзоларга кўмиб ташлашга турли йўллар билан ўриниб келган. Халқ ўртасида уларни обрўсизлантириш, ҳуқуқсиз, кулгили махлуқларга айлантириш учун ўз ихтиёридаги барча чораларни кўрган. Бу масхаралаш, айниқса, XX асрнинг йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларида авж олиб, ўз чўққисига кўтарилган эди.

      Аср бошларида ва ундан кейинги ўн йилликларда ўзбек миллатпарварлари, маърифатпарварлари мустамлакачиликнинг шунга ўхшаш қаҳрли, таҳқирловчи барча кўргиликларини ўз бошларидан тўла кечирдилар. Не-не машаққатлар билан янги усулдаги мактаблар очдилар, театрулар бунёд этдилар, жаридалар ва мажаллалар чиқардилар, ижтимоий ҳаракатчанлик муҳитини яратиш учун турли хайрия ва эътиқодия жамиятлари туздилар. Шулар воситасида бутун куч-ғайратларини миллатни уйғотишгa сарф этдилар.

      Бизнинг Туркистон диёри шароитида улар қандай бўлмасин, ҳатто истимлок маъмурияти билан келишган ва ҳамкорлик қилган ҳолда халқнинг онгини ёритиш, уни асрий жароҳатлардан халос қилиш учун жонларидан ҳам, молларидан ҳам кечдилар. Ажабмаски, оз вақт ичида улар ҳақиқий миллат қаҳрамонларига айландилар. «Миллат қаҳрамонлари» деган тушунчани биз энди-энди йигирманчи асрнинг охирига келиб, бу аср устидан баъзи хулосалар чиқараётиб ишлатмоқдамиз. Миллат қаҳрамонлари чин маънода миллатнинг ўзи билан бирга чиққан, миллатни ижтимоий ҳаракатга келтирган ва бу ҳаракатга маъно ҳамда мазмун бахш этган сиймолар эдилар. Беҳбудий, Авлоний, Қодирий, Ҳамза, Айний, Тавалло, Сўфизода, Убайдулла Асадуллахўжаев, Фитрат, Ажзий, Чўлпон, Мирмулла ва Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Мунаввар Қори, Нўширавон Евушев ва булардан сўнг майдонга чиққан ўнлаб сафдошлари ва издошларини ҳақиқий миллат қаҳрамонлари демай яна қандай атайлик? Улар миллатнинг кўзини очиш, юзини ёруғ қилиш учун жонларини тикдилар.

* * *

      Яқинда бир қаламкаш биродарим куйиниб-куйиниб сўйлади:

      – Жаҳолат, жаҳолат деявериб қулоғимизни ейишди-ку! Наҳотки, айнийлар, қаҳҳорлар, яшинларнинг болалиги шунчалар жаҳолатда ўтган бўлса? Йўқ, ҳеч ишониб бўлмайди бунга! Рост, улар ўз асарларида жаҳолат шунчалар эди ва баттар эди деб ёзиб қолдирганлар. Барибир шунчалар бўлганига ишониш қийин! Бизни камситмоқчи бўлганларнинг қаттиқ муболағалари бўлса керак. Шу йўл билан бизнинг иродамизни синдирмоқни кўзлайдилар. Ахир халқнинг иродасини синдиришнинг турли-туман йўллари ва усуллари бор-ку! Камситиш, ўтмишни қоралаш ва ерга уриш, халқни жоҳил деб кўрсатиш шундай усуллардан бири. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, жаҳолат бутун вужудни энг майда ҳужайраларигача заҳарлаб ташлаган бўлиши мумкинми? Борингки, шундай ҳам бўлган дейлик. Лекин ундай десак, биз қандай омон қолдик? Нима бизни қутқарди? Ким? Жаҳолат ҳақида гапирмайликми?

* * *

      1914 йил 4 апрелда «Садои Туркистон» деб кейинчалик