Название | Юрак - аланга: бадиалар |
---|---|
Автор произведения | Иброҳим Ғафуров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-988-6 |
Али Қушчи орқали адиб маърифат инсонни канчалик сарафроз қилиши, уни мумтоз бир даражага кўтаришини ишонарли ифода қилиб беради.
Али Қушчи асарда нозик шоирона кайфиятлар соҳибидир. Айни чоғда Мирзо Абдуллатиф ва Мавлоно Муҳиддин билан тўқинувларда, зиндон қийноқларига дучор бўлган чоғларида қанчалар жонли руҳ, ҳаётий куч, сабот-матонат, метин ирода зуҳур бўлади Али Қушчида!
Романнинг мазмуни халқимиз яратган маънавий хазиналарни келажак учун асраб қолиш бўлса, шунга мос равишда бу асарнинг бош қаҳрамони Али Қушчи деган конуний хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади.
Бу кўҳна оламда ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгаришлар бировларга равнақ ва иқбол келтирса, бошқа бировларни хазон япроғидек шарт юлиб, омонсиз гирдибод қучоғига улоқтиради. Мавлоно Муҳиддин романда мана шундай титраб, қалтираб турган варам япроққа ўхшайди. Пажмурда япроқ ўзини етиштирган, ранг ва шакл берган дарахтга вафо қилмай хазон бўлганидек, Мавлоно Муҳиддин илм ва ҳаётда ўзига раҳнамо бўлган Мирзо Улуғбекдан, унинг маърифатидан юз ўгиради. Унинг қадамларига хиёнат илашиб юради. Али Қушчига, ўз ғоялари ва асарларига, фарзандига сотқинлик қилади. Омонсиз тақдир қўлидаги бу ўйинчоқ ўзи қатори бошқаларни ҳам диёнатсизлик, имонсизликка ундайди.
Юксак иқтидор эгаси бўлган бу олим ҳаётда ўзини ғоят ночор ва заиф сезади. У бениҳоя қўрқоқ, бениҳоя иродасиз, кўзига ўз жонидан бошқа ҳеч нарса кўринмайдиган йиғлоқи одам. Ширин жон уни олчоқ қилиб қўйган. Қўрқоқлик уни кулга айлантирган. У олчоқлигини тан олади. Лекин ҳеч нарсани ўзгартиролмайди.
Биз ҳали романда образларнинг қандайдир қутблашуви ҳақида сўзлаганимиз йўқ. Мирзо Улуғбек Абдуллатиф, Али Қушчи Мавлоно Муҳиддин, Қаландар-Қашқир эҳтимол мана шундай қутбларни ташкил қилар. Буларнинг иккинчилари биринчиларини бўрттириб турадилар. Адиб бунда эски мумтоз усулдан – қора воситасида оқни равшанроқ, ифодалироқ кўрсатиш усулидан дуруст фойдаланади.
Хуллас, Мавлоно Муҳиддин Али Қушчи каби Одил Ёқубовнинг романда яратган энг муваффақиятли образларидандир.
Мавлоно Муҳиддин романда ўз бўйнига юкланган яна бир вазифани дўндириб адо этади-да, сўнг бутунлай саҳнадан чикиб кетади. У китобёқарлар тантанасини барбод қилади. Телба ботир шаҳзода Абдуллатифнинг ҳам шу эпизодда қазосини ўқийди. Ва ёзувчи бу икки телба тақдирини кўринмас бир ип билан боғлаб қўяди.
Адиб шаҳзода тасвирида тарихий қолипдан четга чиқмайди. Айни чоғда уни ишонарли қилиб гавдалантириш учун қаттиқ ҳаракат қилганлиги кўриниб туради. Абдуллатиф унинг тасвирида Алишер Навоий таърифлагандек, девонасор, аламзада, шу билан бирга табиатига шоирлик бегона бўлмаган бир образ каби ҳаракат қилади. Абдуллатиф тож кўйида ёниб, Шайх Низомуддин Хомуш сингари шариатнинг манфур айғоқчилари қўлида