эди. «Қирқ беш кун»да адиб шу қаҳрамон йигитнинг биографиясига чуқур киради. Унинг инсон сифатида шаклланиш жараёнларини атрофлича очади, шахс характерининг тиклана бориш қонуниятларини бадиий таҳлил қилади. Халқимизда йигит киши ўзини маърака-майдонда кўрсатади, деган гап бор. Ёзувчи трилогиянинг барча қисмларида мана шу ҳаётий фикрга қатъий амал қилади. Унинг барча қаҳрамонлари ўзларини, ўзларидаги оддий, лекин оддийлигида кўркам маънавий фазилатларини қурилишларда, янги ерларни очишда, оғир меҳнат жабҳаларида намоён қиладилар. Трилогиянинг бу китобида шундай синов майдони – қирқ беш кун ичида қуриб битказилган, халқ қудратини намойиш этган, Катта Фарғона канали қурилишидир. Романда ёзувчи қаҳрамонининг биографиясинигина эмас, канал қурилиши биографиясини ҳам бадиий тадқиқ қилади. Канал қурилиши умумхалқ қаҳрамонона ҳаракатининг бир характерли бўлаги, узви сифатида кўрсатилади. Шунинг учун ҳам бу қурилишда фаол иштирок этган кўпгина тарихий шахслар, партия ва ҳукумат раҳбарлари, машҳур санъаткорлар роман саҳифаларида ўз изларини қолдириб ўтадилар. Йўлдош Охунбобоев, Усмон Юсупов сингари давлат арбоблари қурилиш ташаббускори ва жонкуяр раҳбари сифатида кўринсалар, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Тамарахоним, Ҳалима Носирова сингари улкан санъаткорлар унинг илҳомчиси ва куйчиси каби талқин этиладилар. Адиб бу ҳолларда тарихий ҳақиқатга амал қилади, ҳашамдор, публицистик тасвирлардан қочади. Тарихий шахсларни қисқа бўлса-да, жонли инсоний белгилари, характерли хусусиятлари билан ифодалаб беришга интилади. Романда қурилишнинг миқёси, моҳияти ва аҳамиятини кўрсатадиган информацион маълумотлар батафсил берилади. Айни чоғда ёзувчи қурилиш халқ ҳаётида, одамларнинг дунёқарашида қандай из қолдирганлигини ҳам бадиий тадқиқ қилади. Ерга урса кўкка сапчийдиган, ҳеч кимга бўй бермай юрган ўт-олов йигит Азизхон ўзидай шўх ва бевош севгисининг азми билан юрагини жизиллатган Лутфинисани олиб қочиб қурилишга келади. Кучини қаерга сиғдиришни билмай юрган содда ва дўлвор йигитнинг юрагига қурилиш бир илҳом бўлиб киради, унинг юрагида меҳнатга кучли иштиёқ уйғонади, шу иштиёқ ундаги мудраб ётган соғлом ҳиссиётларни рўёбга чиқаради, тартибга туширади. Албатта, бу иштиёқ онгли бир сезгига айлангунча бирмунча муддат ўтади. Кураш тушиб давраларда танилиб қолган Азизхон аввал ўзини, ўз кучини кўрсатиб қўйиш, қойил қилиш, ҳайратга солишга уринади. Қандай қилиб бўлмасин, йигитлигини, паҳлавонлигини намойиш килиб кўрсатишга ўзида тийиқсиз бир интилиш сезади. Лекин меҳнат ичига чуқурроқ кирган сари унда онг етилади, фикр шаклланади. Канал битгач, матбуот конференциясида мухбирлардан бирининг «сизни бундай қаҳрамонликка нима мажбур қилди?» – деган саволига Азизхон шундай жавоб қилади: «Очиғини айтсам, каналга бир кучимни кўрсатиб қўяй, полвонларни доғда қолдирай, деб келгандим. Бошида шундоқ бўлди ҳам. Аммо кейинчалик қилаётган ишимнинг маъносига етиб қолдим. Одамларнинг завқшавқ билан ишлашларини кўриб, канал битгандан кейин қанақа бўлишини, бу иш ўйин