ва унинг теран тубларида доим билқиллаб, қайнаб ётувчи шуурийлик бўтаналари қирғоқлардан тошади. Ғоятда бемаънидан бемаъни бўлиб кўринадиган ва туюладиган ҳолатлар остидан кутилмаган инсоний маънилар – маъновийлик балқиб чиқади. Фақат бу муқаррар маъновийликни илғаб олиш, тушунчага сингдириш учун у қаҳрамонлар, чунончи, «Кўз қорачиғидаги уй» ҳикоясининг қаҳрамонига ҳиссиётдош бўлиш керак. Худди Ибсен театрининг актёрлари каби уларнинг қобиғига кириш, худди улардек фикрлаш, керак бўлса, ғайришуурий ҳаракатлар қилиш, яъни «ролга» кириш лозим. Бу эса ўқувчилардан эврилиш, яъни актёрлик лаёқати ва ирода ҳукмини талаб қилади. Муроса қилиб, «актёрлик» қилиб яшаш, яшайвериш мумкинми? Бир сурбетроқ персонаж буни шундай таърифлайди: «шовқин экану, масалан, мени кўза ичига ташлаб қўйишса, кўза шаклига кириб оламан-да, яшайвераман. Ерёнғоқ бор-ку, ерёнғоқ! Ўшанинг ичига сиғдириб жойлаб қўйишсин, ерёнғоқ шаклига кириб-кўникиб роҳат қилиб яшамаган номард!» Ўйлаб кўрсангиз, домла, бу каби ҳикояларда назаримда одамлар эмас, улардан каттароқ, уларга бўйсунмайдиган, ер юзига хос умумҳаёт ҳодисалари – Сукунат ва Шовқин олишяпти, мужодала қиляпти. Бу ҳикояларда Сукунат ва Шовқин – икки монстрга айланган. Худди қадим асотирий Ахриман ва Ахурамазда каби. Шовқин ва Сукунатнинг ўз девлари бор ва шу дев шипшиб турса керакким, газга қайнатиш учун қўйилган чойнакнинг шанғиллашида дунё аррахонасининг турфа серваҳима харрос овозларини илғайди. Сукунат эса кимса хаёлотида ўргимчак қиёфасига киради. Ўргимчак кимсанинг қулоғи ичидан миясига кириб, мия қобиқларидан айланиб, ниҳоят кўзининг тепаси – икки киприк орасидан чиқиб кетади. Кимса бу ўргимчакка қаршилик кўрсатишга ожиз. У ўргимчакни ўз ҳолига қўйиб беради. Домла, мени айниқса, «Ўзим» деган ҳикоянинг негадир турмуш йўлларидан, ўр-қирларидан, паст-баландликларидан кўрпа кўтариб бораётган кимсанинг ҳолати жуда қаттиқ ўй ва ҳаяжонга солди. Бу воқеа нақ тушнинг ўзи, худди тушда юргандек одамлар. Кўрпа кўтарган йигит билмайди кўрпа кўтариб қайга кетяпти, нимага кетяпти, нимани қидиряпти, қай манзилга боряпти? Йўлларда унинг кўрпасига кўп харидорлар ҳам чиқяпти, гоҳида чарчаб-ҳориб кўрпадан айрилай деяпти. Кўтариб юра-юра, кўрпа йигитнинг ўзига ҳам қадрдон бўлиб қолади, ундан айрилиш, уни ташлаб, улоқтириб юборишни истамайди. Бир мўйсафиддан: «Кўрпасини сотган йигит эр бўлмайди, эр йигит кўрпа сотмайди», деган ҳикматни эшитади. Кўрпа кўтариб тентирашларининг сири очилгандай бўлади. Кўрпа турмуш, қисмат рамзи каби талқин этилаётганлигини элас-элас туманлар ичидан англагандек бўласиз. Бир умр кўрпа билан юриш ўта ноқулай. Лекин одамлар қисматида бу ноқулайликлардан ҳеч қайга қочиб ҳам қутулолмайдилар. Зеро, кўрпа кўтариб юрган одамлар камми? Бу ҳикояларни ўқиганда, адибимиз Кафка ва Камю асарларида характерли бўлган бемаъни, бемақсад, ғайришуурий тентирашлар, довдирашлар, (лекин инсон учун ҳеч қачон бегона бўлмаган) эсанг қарашларга пайров бўлаётгандай кўринади.
Ҳаётнинг маъноси унинг