Название | Изхор |
---|---|
Автор произведения | Xurshid Do`stmuhammad |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-794-3 |
Зиналарнинг ҳар бир пиллапоясида Зоҳид Яқин ҳаёти сарҳисоб бўлади. У бутун кучини ишга солиб, юқорига кўтарилаётган паллада ҳамшира Мужоҳидага учраши қаҳрамоннинг ўзини мужоҳидга айлантиради. Айни замонда у мушоҳидага дуч келганидан кейин, Мужоҳидага ҳожат қолмайди, шу боисдан қаҳрамон Мужоҳиданинг қавати – бешинчига эмас, Мушоҳида ишлаётган олтинчи қаватга кўтарилади. Шу ондан бошлаб у ҳамма нарсани мушоҳада қила бошлайди. Ҳатто умрининг сўнгги дақиқалари, у билан боғлиқ манзараларга гувоҳ бўлади. Зеро, бемор ётган палатани ҳам бежиз мушоҳада палатаси дейилмайди. Ёзувчи Зоҳид Яқин сиймосини тасвирлар экан, ҳар бир хонада мавжуд бўлган радиога эътиборни қаратади. Бу детал қаҳрамонга қуйи қаватларда тез-тез керак бўлгани эслатиб ўтилади. Аммо у олтинчи қаватда қаҳрамонга ортиқ зарур бўлмайди. Чунки, «қулоғига жуда сокин ва жозибадор мусиқа садоси қуйила бошлади». Зоҳид Яқиннинг ҳолати ҳазрат Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонидаги қуйидаги мисраларига ҳамоҳангдир:
Ҳеч қойсида ўзин билмас яқин,
Ҳайрат ойлар они хориж борчадин.
Фоний эрканнию боқийлиғин ҳам,
Маст эрканнию соқийлиғин ҳам.
Ниҳоят, ёзувчи талқинидаги еттинчи қават касалхона билан боғлиқ эмас эди. Бу персонаж тилидан айтилган, фаришталаргагина насиб этадиган қават эди. Адиб Зоҳид Яқиннинг руҳлар оламидаги оний лаҳзалари тасвирида муайян илмий ҳақиқатга асосланади. Айтиш мумкинки, Зоҳид Яқиннинг ўлимдан кейинги ҳолати ёзувчи томонидан ўйлаб топилган эмас, балки айниятнинг бадииятда акс этишидир.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг қаҳрамони Дино Корте жимжитликда даҳшатни кўрса, Зоҳид Яқин жимжитликдан жозиба топа олади. Жимжитлик қаҳрамонлар учунгина эмас, ўқувчига ҳам ўзини тафтиш қилиш имкониятини беради.
Инсонларни абадий ўйга толдирувчи ўлим руҳоний ва илмий далиллар билан синтезлашиб, бадиий адабиётда ҳам аксини топмоқда. Муҳими шундаки, турли шароитлар туфайли ҳар хил талқинга эга бўлаётган ўлим мавзуси умумбашарий моҳият касб этади. Ўлим ҳақида, унинг сир-синоатлари ҳақида ёзиш ҳам бадиий адабиётда қаҳрамонларнинг ўзликни англашга бўлган интилишларини тушуниш имконини беради.
РУҲИЯТ МУСАВВИРИ
Ҳикоя жанрида фаол ижод қилаётган таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ушбу жанрда шу пайтгача яратган қарийб барча асарлари «Шарқ» нашриётида «Беозор қушнинг қарғиши» номи билан китоб ҳолида чоп этилди. Тўпламдаги ҳикоялар мавзусига қараб саккизта бўлимга бўлинган.
Мутолаа жараёнида дарҳол кўзга ташланадиган жиҳат шуки, ҳикояларда қизиқарли воқелар тасвирига асосланган, бўртиб турган сюжет йўқ ҳисоби. Бу ҳол Х.Дўстмуҳаммад ижодий услубининг