ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК. Комил Синдаров

Читать онлайн.
Название ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК
Автор произведения Комил Синдаров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-20-780-6



Скачать книгу

ўғлини ўқишга киритишда унга ҳамкор бўлиши мумкин бўлган икки шахсни аниқладик. Биринчиси, фармацевтика институти декани, профессор Қодир Эсонов. Луқмон у билан тез-тез учрашиб, қўнғироқлашиб турган. Жумладан, Самиғ Луқмонни ёнига келиб, пулини қайтаришни талаб қилиб кетган кунлар ҳам икковлари телефонлашган. Профессор билан гаплашдик, лекин у шогирди билан бирор-бир пулли иш қилганликларини рад этди. Ўзиям бунақа қиладиган одамга ўхшамайди, оддий олим одам-да! Чақиртирганман, ҳали замон келиб, қолса ўзингиз гаплашиб кўришингиз мумкин.

      – Кейингиси ким экан? – тоқатсизланди Санжарбек.

      – Иккинчи гумондоримиз – Охунжон Парпиев – тиббиёт академияси ректори ёрдамчиси. Кейинги пайтда телефонда кўп гаплашишган. Ўша куни ҳам икки марта қўнғироқлашиб, жами ўн дақиқа сўзлашишган. Бундан ташқари, айнан Самиғ пулини сўраб, олдига келган кунлари у чиқиб кетиши билан Луқмон ўша йигитга телефон қилган. Биз Жўрабой билан керакли одамни топдик, деб ўйлагандик. Охунни топиб, сўроқ қилдик. Қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган, халимдек ювош йигит экан. Луқмон билан узоқ йиллардан буён ака-ука эканликларини, учрашиб, гаплашиб туришларини, хуллас, ҳаммасини тан олди. Окахонининг Самиғ деган синфдошидан 25 минг АҚШ доллар қарзи борлигини ҳам биларкан. Фақат Луқмон унга бир таниш домла ўқишга киритиб бераман, деб алдаб 25 мингга «кийдириб» кетганини айтиб, синфдошига қайтариб бериш учун ҳеч бўлмаса 10-15 минг доллар қарз бериб туришни илтимос қилган экан. Шунинг учун Самиғ ҳар гал келиб тўполон кўтарганда, Луқмон Охунга қўнғироқ қилган. Эртага пешиндан кейин уни ҳам чақирганмиз.

      – Жўрабой, сизнинг фикрингиз қандай? – гуруҳ раҳбари нимадир дейишга «шефи»дан истихола қилиб, турган талабага юзланди.

      – Сўзлари ишончли чиқди, ўзини инсофли, имонли йигитдек кўрсатишга ҳаракат қилди, – Жўрабой «шериги»нинг гапини тасдиқлаган бўлди. – Лекин барибир текшириб кўриш лозим.

      – Нимани текширасан, – ўқрайди Маъмур, – мен одамларни бир кўришда биламан. Шу боланинг қўлидан бировни чув тушириш келмайди.

      – Одамни сиртига қараб хулоса қилиш қийин, – «шериги»нинг дилини оғритмаслик учун эҳтиёткорлик билан фикр билдирди Жўрабой. – Одамнинг оласи ичида дейдилар. Артистлик қилаётган бўлмасин тағин. Ўзиям жуда анвинақа… нима десам экан, бошқача киши экан.

      – Қанақа киши экан? – ҳайратланди Санжарбек.

      – Аёл мижозми-эй, ишқилиб қилиқлари, юриш-туриши, гап-сўзи хотинларникига ўхшаб кетадими-эй…

      – Хезалак сифат йигит экан-да! – изоҳ берди Маъмур. – Шуни айтаёлмай қийналиб кетди, бола фақир.

      – Демак, бошқа гумондор топилмади, шундайми? – гуруҳ раҳбари Маъмурга юзланди.

      – Йўқ, Луқмоннинг яқинлари, таниш-билишлари орасида биз излаётган одам топилмади. Бу иккови ҳам бошқа гапни айтиб турибди. Шу сабабли буларнинг ҳаммаси Самиғ қурғур тўқиган афсонамикан, деб ўйлаб қолдим.

      – Нима демоқчи бўляпсиз? – Санжарбек изоҳ талаб қилди.

      – Демоқчиманки, Самиғ билан Луқмон ўртасида ҳеч қандай олди-берди бўлмаган.