Название | Жавдарзордаги халоскор |
---|---|
Автор произведения | Дж. Д. Сэлинджер |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-176-4 |
Ҳатто кўчада ҳам юракни эзадиган муҳит ҳукмрон эди. Машиналарнинг овози ҳам эшитилмай қўйганди. Ўзимни шунчалик ёлғиз, шунчалик ёмон ҳис қила бошладимки, ҳаттоки Эклини уйғотишгача бориб етдим.
– Ҳой, Экли, – дедим мен, овозим ваннахона орқали Стредлейтерга эшитилиб қолмасин деб пичирлаганча.
Лекин Экли мени эшитгани йўқ.
– Ҳой, Экли!
Бу сафар ҳам эшитмади. Экли тошдек донг қотиб ухларди.
– Ҳой, Экли!
Ниҳоят у мени эшитди.
– Нима жин урган сени? – қопиб берди у. – Уйқуни буздинг, жин урсин.
– Менга қара. Монастирга қўшилишнинг шартлари қандай? – сўрадим ундан. Бирданига шу нарса хаёлимга келиб қолганди. – Католик бўлишинг шартми?
– Албатта, католик бўлишинг керак. Сен ҳароми ҳали шуни сўрагани уйғотдингми мени…
– Ҳа майли, ухлайвер. Барибир монастирга бормоқчи эмасман. Мен бу пешонам билан, роҳиблари менга тўғри келмайдиганига бориб қолардим ҳойнаҳой, агар қўшилганимда ҳам. У ердаги роҳибларнинг бари аҳмоқ, ўйнашдан бўлган. Ёки фақат ўйнашдан бўлган.
Бу гапни эшитиши билан Экли дик этиб турди-да, жойига ўтирди.
– Менга қара, – деди у, – Мен ҳақимда ёки исталган бошқа нарса ҳақида нимани гапирсанг гапиравер, ишим йўқ, лекин динимга тил теккизсанг, Худо ҳақи, мен…
– Ўзингни бос, – дедим. – Ер юткур динингга ҳеч ким тил теккизгани йўқ.
Элнинг ётоғидан туриб, эшикка йўналдим. Бу аҳмоқона муҳитда ортиқ қолгим келмади. Аммо кетаётганимда тўхтаб, Эклининг қўлидан тутдим-да, ёлғондан уни маҳкам сиқдим. У қўлини тортиб олди.
– Бу яна нимаси бўлди?
– Ҳеч нима. Шунчаки мен ажойиб шаҳзода эканлигинг учун сенга миннатдорлик билдирмоқчи эдим, шу холос. – Мен бу гапни жуда самимий оҳангда айтдим. – Сенга гап бўлиши мумкин эмас, ошна. Шуни ўзинг биласанми?
– Сендақа билағондан ўргилдим. Бир куни шу қилиғинг учун кимдир бошингни ёр…
Унинг гапини охиригача эшитиб ҳам ўтирганим йўқ. Палакат, эшикни ёпдим-да, йўлакка чиқдим.
Ҳафта охири бўлгани учун ҳамма уйқуда ёки уйига кетган ё кўчага санғигани чиққан, йўлак ҳам ҳувиллаб ётарди. Леги ва Ҳофманнинг хонаси ёнида “Колинос” тиш пастасининг бўш қутиси ётган экан, зинага етиб боргунимча ўшани ичи жунли шиппагим билан эрмакка тепиб кетдим. Пастга тушиб ошнам Мел Броссардан хабар олсаммикан, деган ўй келди. Лекин бирдан фикрим ўзгариб қолди. Томдан тараша тушгандай ўша тундаёқ Пенсидан қуённинг расмини чизишга қарор қилдим. Чоршанбани кутишга бало борми?! Шунчаки бу ерда ортиқ қолгим келмасди. Пенсида ўзимни жуда ёлғиз ва ғамгин ҳис қилаётгандим. Шу билан нима қиладиган бўлдим денг: Нью-Йоркка бориб, бирор арзонроқ меҳмонхонадан бўлма оладиган бўлдим. Чоршанбагача ўша ерда яшаб тураман. Чоршанба куни эса уйга кучга тўлиб, кайфим чоғ ҳолда кириб бораман. Сешанба ё узоғи билан чоршанбагача қария Турмернинг ҳайдалганим тўғрисидаги