Название | Жавдарзордаги халоскор |
---|---|
Автор произведения | Дж. Д. Сэлинджер |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-176-4 |
– Ҳой, унга мактабдан ҳайдалганимни айтма, бўптими?
– Бўпти.
Стредлейтернинг яхши томони – унга худди Эклига тушунтиргандек ҳар бир нарсани икир-чикиригача гапиришнинг ҳожати йўқ эди. Менимча, унинг бу жиҳати ўзидан бошқаларга тупуриб қўйганлигидан. Мана, гап нимада. Экли эса умуман бошқа масала. У бурнини ҳар ерга тиқмаса, ҳаром ўлади.
Стредлейтер менинг катак-катак жакетимни кийди.
– Худо ҳақи, жакетимни чўзиб юборма, – дедим мен. – Уни энди икки мартагина кийганман.
– Хавотирланма, чўзилиб кетмайди. Уф, жин ургур папиросларим қай гўрда қолди?
– Стол устида турибди, – Стредлейтер ҳеч қачон нарсаларини қаерда қолдирганини эслай олмасди. – Шарфинг остида, – у папиросларини пальтосининг чўнтагига солди – менинг пальтомнинг чўнтагига.
Шу пайт дарҳол ов қалпоғимни қўлимга олдим ва унинг учини тескари қилиб кийиб олдим. Тўсатдан асабийлаша бошлагандим. Сизга айтсам, озгина жиззакилигим бор.
– Менга қара, Жейнни қаерга олиб бормоқчисан? Бирор жойни мўлжаллагандирсан?
– Билмайман. Вақтимиз етса, Нью-Йоркка борамиз. У ўқишидан атиги тўққиз яримгача рухсат олибди.
Унинг гапидан тепа сочим тикка бўлди. – Ҳа-а, қизгина сен қанчалик кетворган ҳаромилигингни билмаган-да! Билганда борми, нақ эрталабки тўққиз яримгача рухсат олган бўларди.
– Тўппа-тўғри, – деди Стредлейтер. Унинг димоғидан эшакқурт ёғилгани учун жаҳли ҳам унча-мунча нарсага чиқай демасди. – Ҳазил-пазилни қўй, анави иншони ёзиб берақолсанг-чи, – деди. У пальтони кийиб олиб кетишга чоғланиб турар эди. – Ўзингни ортиқча уринтириб юборма, муҳими иншо тасвирий бўлсин, тушундингми?
Унга жавоб бермадим. Буни хоҳламадим. Фақатгина, “У ҳамон “қиролича”ларини орқа қаторга териб қўярмикан, сўраб кўр-чи” – дедим.
– Бўпти, – деди Стредлейтер. Шундай дегани билан у бундай қилмайди, буни биламан. – Яхши қол, – у эшикни қарсиллатиб чиқиб кетди.
Стредлейтер кетгач, ярим соатча курсимдан қимирлай демадим. Жейн ва унинг Стредлейтер билан бўладиган учрашуви ҳақида ўйлардим. Бу мени шунчалик асабийлаштирар эдики, ақлдан озай дердим. Сизга аллақачон айтгандим-ку, Стредлейтер қанчалар келишган ҳаромилигини.
Тўсатдан Экли ювиниш хонаси пардаси ортидан кўринди ва хонамизга қайтиб кирди. Бу бемаъни ҳаётимда Эклини кўрганимдан биринчи марта мамнун бўлиб кетдим. У хаёлимни бошқа томонларга чалғитди.
Экли тушликкача қолиб, Пенсидаги жини суймайдиган болалар ҳақида гапириб ўтирди. Шу орада иягидаги каттагина ҳуснбузарини сиқиб ташлади. Бу ишни қилаётиб ҳаттоки рўмолча ҳам ишлатмади. Бу исқиртда рўмолча нима қилсин? Ҳар ҳолда, умрим бино бўлиб, Эклининг рўмолча ишлатганини кўрмаганман.
5
Пенсида шанба кунлари кечки овқатга доим бир хил нарса ердик. Бу жуда муҳим жараён эди, чунки бизга стейк бериларди-да. Минг долларга ҳам гаров боғлаб айтишим мумкинки, бунинг сабаби якшанба куни кўпчиликнинг ота-онаси болаларини кўргани келиши