Название | Ҳаёт қайиғи (1 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-895-1 |
Саксонинчи йилнинг бошларида Москвада фантаст ёзувчиларнинг кенгашида Бестужев-Лада деган социология профессори шу ҳақда гапириб, “фантастлар космосга қарайвермасдан Ер муаммоларини ҳам ечишлари керак”, деди. Мен сўзга чиққанимда шарқ фантастикаси ҳақида гапиргач, унга жавобан дедимки: “Муҳтарам профессор, сиз таъкидлаган муаммо фақат ғарбга, яъни Европага хосдир. Бизнинг Осиёда бу муаммо йўқдир. Ўзбеклар бола туғилиши бўйича биринчи ўринда турадилар, ўзбек эркаклари номидан ваъда қиламанки, бу илғорликни йигирма биринчи асрда ҳам қўлдан бермаймиз”. Ҳақиқатга асосланган бу ҳазилга кулдилар. Мендан кейин сўзга чиққан тожикистонлик адиб эса: “Ўзбеклар туғилиш бўйича биринчи эмаслар, биринчилик Туркманистонда”, деб гапни жиддий томонга бурди. Ундан сўнг сўзга чиққан москвалик адиб: “Тоҳир Малик ҳазилнамо қилиб айтган бўлса ҳам, унинг гапи тўғри, Ўзбекистон умумий сон жиҳатдан олдинда, Туркманистон эса жон бошига ҳисоблаганда биринчи”, деб масалага ойдинлик киритганди.
Набий (с.а.в.) “Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, Қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”, деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: “Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!” деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. Олимни бу ҳолат қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: “Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат Ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак”. Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар.
Мазкур баён оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган “Вельт” газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки,