Название | Ҳаёт қайиғи (3 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-897-5 |
– Яшин, бу болани қийнаб юбордингиз-ку, ишини тезроқ қилиб бера қолмайсизми?
– Бу бола эмас, катта ёзувчи, у менинг ишимни қиляпти, – дедилар Яшин ака.
Ҳалима опа менга мамнун қиёфада қараб жавондан коньяк шишасини олиб, учта қадаҳга қуйдилар. Мен қадаҳни суриб қўйдим.
– Ичмайсизми? Ичмайдиган шоирни энди кўришим, – дедилар опа.
– Опангиз билан биттадан оламиз, бизга қувват бўлади, – дедилар Яшин ака.
Шўрвани ичиб бўлгунларича бурунлари қизарди. Ишлаб юрганларида турли мажлисларда шу ҳолда кўриб ажабланардик. Бурун бекорга қизармас экан…
Тушликдан сўнг адиб қўлёзмага “Таҳрирларга эътирозим йўқ”, деб имзо чекиб бердилар. Нашриётга қайтганимда Лола опа “Инжиқ чолни осон кўндирганингизга қойилман”, деб мақтаб қўйдилар. Катта ҳажмдаги бу асар режага биноан босмахонага топширишга тайёрланаётган кунлари кутилмаганда адиб қўнғироқ қилиб, “Баъзи саҳифаларга ўзгартиш киритдим, келиб кўчириб олинглар” дебдилар. Бундан Лола опанинг фиғонлари фалакка учди. “Бунақада режадан чиқиб кетамиз, боринг, битта ҳам тузатишларини олманг”, деб тайинладилар. Кекса ва инжиқ ёзувчини қандай кўндирдим экан, деган муаммо билан бордим. Адиб қўлимга асарни тутқаздилар.
– Кеча варақлаб қарасам, анча яхши таҳрир қилиб қўйган эканман, кўчириб олинг.
Дарров рад жавоби бермай, қўлёзмани варақлай бошладим. 2-3 саҳифадан кейин елкамдаги тоғ ағдарилди. Оқсоқол адибнинг таҳрирларини рад этишга ҳожат ҳам йўқ эди. Чунки у кишида кексаликка хос хотира сусайиши бошланган эканми, ҳар ҳолда 4-5 кун аввал “таржимонга бераман”, деб мендан кўчириб олган тузатишларни ўзлариники деб ўйлабдилар. Мен адибни хижолат қилмаслик учун гўё таҳрирларини кўчириб олгандай бўлдим-да, сўнг “Ана энди янада гўзаллашибди”, деб мақтадим.
– Ёзувчи шунақа изланувчан бўлиши керак, ҳар ўқиганда асар сайқал топаверади, – деб менга насиҳат қилдилар.
Мазкур баёнда оқсоқол адибларни эслаб, баъзан камчиликларни эслашимга ҳам тўғри келяпти. Ёшларга ибрат бўлар, деган мақсадда шундай қилаётганимни яна такрорлайман. Аслида устозларнинг барчасини ҳурмат қилардим ва бу ҳурматим ҳозир ҳам сусаймаган. Барчаларини илиқ хотиралар билан эслайман ва ҳақларига дуо қиламан. Ёзган асарларининг савиясидан қатъи назар, адабиётимиз гулшанида барчаларининг ўз ўринлари бор. Баъзан ўтган кунларни эсласам, у зотлар билан бўлган учрашувларни, суҳбатларни қўмсайман…
Қоратоллар,
қариган толлар,
қадимги тор кўчалар бўйлаб,
тўртта фасл доирасида
айланаркан неларни ўйлаб?
Эсимда бор,
сойлар ёқалаб,
кўчаларга бир савлат қўшиб,
ўйга ботиб файласуфлардай
турардилар