Название | Алиф |
---|---|
Автор произведения | Пауло Коэльо |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-166-5 |
– Мен Туркияда туғилганман. Ўн икки ёшимда эса Екатеринбургга скрипка чалишни ўрганиш учун кўчиб келганман. Сиз, албатта, бўлажак мусиқачиларни қандай танлашларини билсангиз керак.
Элчининг рафиқаси бу ҳақда умуман тасаввурга эга эмас. Стол атрофидагилар жимиб қолишди. Афтидан, бу ўзига тортадиган либосдаги қизни эшитиш ҳамма учун қизиқ, шекилли.
– Мусиқа асбоби чалишни энди ўрганаётган бола ҳафтада маълум соатлар шуғулланади. Бу босқичдаги болаларнинг ҳар биридан дурустгина оркестрант чиқиши мумкин. Вақт ўтиши билан айрим болалар бошқаларидан кўпроқ шуғуллана бошлайдилар. Оқибатда ҳафтасига қирқ соатдан шуғулланадиганлар гуруҳчаси шаклланади. Катта оркестрларнинг эмиссарлари мусиқа мактабларидан келажакда зўр мусиқачи қилса бўладиган истеъдодларни қидириб юришади. Мен билан ҳам шундай бўлган.
– Демак, сиз истеъдодингиз ортидан ҳаётда ўз ўрнингизни топибсиз, – таъкидлайди элчи. – Бундай имконият ҳаммага ҳам учрайвермайди.
– Унчалик эмас. Мен мусиқадан бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмаганман. Чунки ўн ёшимда зўрлаш қурбони бўлганман.
Стол атрофига сукут чўкади. Элчи мавзуни ўзгартириб, Россия ва Бразилия ўртасидаги оғир саноат экспорт ва импорти тўғрисида гапира бошлайди. Аммо таклиф қилинганларнинг бирортасини Ватанимнинг савдо ишлари қизиқтирмайди. Суҳбат жиловини ўз қўлимга олиш фурсати келганга ўхшайди.
– Ҳилол, рухсат берсангиз, разолат қурбони бўлган мурғак қизалоқнинг қандай қилиб моҳир скрипкачи бўлганини эшитиш ҳаммамиз учун қизиқ бўларди.
– Исмингиз қандай маънони англатади? – сўрайди элчининг хотини суҳбат мавзусини ўзгартириш йўлидаги сўнгги уриниш сифатида.
– Туркчада “ярим ой” деган маънони билдиради. Бу белги байроғимизда ҳам тасвирланган. Отам ашаддий миллатчи эди. Умуман, бу исмни кўпроқ ўғил болаларга қўйишади. Бу сўз арабчада ҳам қандайдир маънони билдирса керак, яна билмадим.
Менинг эса енгилгим келмайди.
– Ҳикоянгизга қайтсак. Уялманг, бу ерда бегона йўқ.
Бегона йўқ? Қатнашчиларнинг деярли ҳаммаси уни илк бор кўриб турибди.
Ҳамма бошини эгиб олганча ўзини берилиб овқат тановул қилаётгандай тутади. Аммо билиб турибманки, уларнинг ҳар бири қизиқишдан ўлай деб турибди. Ҳилол эса одатий ҳодисалар ҳақида гапираётгандай ҳикоя қиларди.
– У бизнинг қўшнимиз эди. Уни ҳамма одобли, меҳрибон, тарбияли, ҳар доим ёрдамга тайёр бўлган ишончли дўст деб биларди. Унинг хотини ва мен тенги иккита қизи бор эди. Улар билан ўйнагани келганимда у мени тиззасига ўтқазиб олиб ҳар хил ҳикоялар айтиб берарди. Ўзи эса билмагандек мени сийпалаб ўтирарди. Хуллас, шунақа.
Ҳилол стол атрофида ўтирган бешта аёлга бирма-бир назар ташлайди.
– Афсуски, бундай ҳолатлар кўп учрайди, шундай эмасми?
Аёллар индашмайди. Аммо қандайдир овоз менга улардан бир ёки иккитаси