Название | Элжернонга аталган гуллар |
---|---|
Автор произведения | Дэниел Киз |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-193-1 |
Штраус:
– Шошилиб дув-дув гап тарқатадиган иш эмас бу. Биласан, ҳаммамиз учун бу тажриба жуда ҳам муҳим. Сен ошиқча даражада…
Немур:
– Сен эса лойиҳа раҳбари мен эканлигимни эсингдан чиқаряпсан!
Шраус:
– Ўзинг-чи, ўзинг бу иш фақатгина сенинг обрў-эътиборинг билан боғлиқмаслигини унутиб қўймаяпсанми? Натижалар тасдиқланмаса, бутун назария пучга чиқади.
Немур:
– Мен натижаларни қайта-қайта текшириб, регрессия юз бермаслигига ишонч ҳосил қилдим. Кичик ҳисоботнинг бизга зарари йўқ. Ҳаммаси бинойидай бўлишига ишончим комил!
Сўнгра Штраус Немур Гэлстондаги психология кафедраси мудири бўлишга интилаётганини писанда қилди. Немур бўлса, Штраус унинг этагига осилиб, шон-шарафга эришмоқчилигини айтди.
Штраус:
– Менинг нейрохирургиядаги иш услубим ва энзема уколларисиз сенинг назарияларинг сариқ чақага ҳам арзимайди. Ва тез орада минглаб жарроҳлар менинг услубимни қўллай бошлайди.
Немур:
– Янги методикалар менинг назарияларим соясида дунёга келди!
Улар бир-бирини ҳақоратлашга тушишди: оппортунист, циник, пессимист. Мен негадир қўрқиб кетдим. Бирдан эшик тагида туриб, уларни пинҳона эшитишга ҳақим йўқлигини англаб етдим. Аввалги ҳолатим бўлганида эди, уларга ҳеч қандай қизиғи бўлмас эди, аммо ҳозир, менинг ақлий салоҳиятим қай даражада ошганини билишган пайтда, ўзларининг баҳсини тинглашимни истамаган бўлардилар. Баҳс сўнгини кутмасдан ортимга қайтдим.
Қоронғи тушиб бўлганди ва мен кўчаларда узоқ вақт сайр қилиб юрдим. Нимадан қўрқиб кетганимни ҳеч тушуна олмасдим. Биринчи марта уларнинг асл юзларини кўргандим – худолар эмас, ҳаттоқи қаҳрамонлар ҳам эмас, ишидан ўзига фойда чиқармоқчи бўлган икки толиққан одамни.
Немур ростдан ҳам ҳақ бўлса-чи? Ростдан ҳам тажриба муваффақиятли ўтган бўлса, унда баҳслашишга не ҳожат?
Кинниан хонимни кинога таклиф қилсаммикан? Майли, эртага сўрарман.
26 апрель
Коллежда бекорчилардай юрмасам яхши, менимча. Қўлларида китоблар билар у ёқдан-бу ёққа шошилиб кетаётган йигит-қизларни кўриб, уларнинг овозларини эшитиб, хавотирга тушяпман. Улар билан асарлар, сиёсат, янги ғоялар ҳақида жуда ҳам баҳслашгим келяпти. Улар шеърият, фан ва фалсафа – Шекспир ва Милтон, Ньютон, Эйнштейн, Платон, Гегел, Кант ва бошқалар ҳақида қандай баҳслашишларини эшитгим келяпти.
Суҳбатларини тинглар эканман, улардан анча катта бўлсам ҳам, ўзимни талаба сифатида тутишга уринаман. Мен ҳам ўзим билан китоблар олиб юришни бошладим, ҳаттоки трубка чекишни ҳам ўргандим. Тентаклик, албатта, аммо мен ҳам ўзимни уларнинг дунёсига тегишлидай ҳис қиляпман. Уйимдан ва ёлғизлик ҳукм сурувчи хоначамдан нафратланаман.
27 апрель
Қаҳвахонада бир неча талаба билан танишиб, дўстлашиб олдим. Улар Шекспир пьесаларини ўзи ёзганми-йўқми, шу ҳақда тортишишаётганди. Уларнинг бири – катта бурунли семиз талаба – Шекспирнинг барча пьесаларини