Дарё. Абдукаюм Йулдошев

Читать онлайн.
Название Дарё
Автор произведения Абдукаюм Йулдошев
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-03-762-5



Скачать книгу

тушуниб турибсиз. Далолатнома тузаман. Шунга гувоҳ бўласиз. Балиқларни бирга тарозида тортиб, дарёга қўйиб юборамиз. Кейин далолатномага қўл қўйиб берасиз.

      – Майли… Шуларми қўлга тушган?

      – Ҳа.

      – Қайиқлари пишиққина экан. Кўриниб турибди. – Бердиқул кўз қисиб қўйди: – Бегона қилмасак-чи, а?

      – Буни хаёлингизгаям келтирманг. Тўр билан қайиқ давлат фойдасига мусодара қилинади.

      Тоҳир қайиқни супага яқин тортиб, Самад билан Қаҳҳорни пастга туширди. Ўзининг қайиғидан тарози олиб, ерга қўйгач, сумкасидан далолатнома қоғози чиқариб текислаётган Тоҳирнинг қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонининг экранчадаги рақамига қараб, бирдан сергак тортган инспектор беш-олти қадам узоқлашиб, тескари ўгирилди.

      – Эшитаман.

      Жуда таниш овоз:

      – Ким бу?

      – Бу мен, – дея олди томоғи қақраб кетган Тоҳир.

      Гулноза таниди:

      – Рақамингиз ўзгарибдими?

      – Ҳа.

      – Ўшандан кейинми?

      – Ҳа.

      – Нима бўлди? Хабар юборибсизлар.

      – Маърифат холам илтимос қилганди.

      – Отам…

      – Сиз хавотир олманг. Амаким яхши. Холам илтимос қилмаганида…

      – Ўзингиз бориб кўрдингизми отамни?

      – Тўғриси, сменадайдим.

      – Тушунарли. Мен ҳозироқ йўлга тушаман.

      – Айтдим-ку…

      Аппаратдан қисқа гудоклар эшитилди.

      Тоҳир телефонда гаплашаётган пайт Бердиқул ёнидан пичоқ чиқариб, Самад билан Қаҳҳорга кўрсаткич бармоғини лабига босганча «жим» ишорасини қилди-да, мушукдай чаққонлик билан уларнинг ёнига бориб, қўллари боғланган арқонларни кесди, сўнг ҳар икковининг пристанга сассиз чиқиб олишига кўмаклашгач, қайиқ шатакка олиб келинган арқонни ҳам кесди-да, Тоҳирнинг эшкакларини ҳам қўшиб тўр устига ташлаб, қайиқни дарёга итариб юборди. Қайиқ оқимда лапанглаб сузиб кетди. Бердиқул янада чаққонлик билан Тоҳирнинг қайиғидаги моторнинг ингичка бир шлангини юлиб олган эди, қайиқ ичига мотордан бензин жилдираб оқиб туша бошлади.

      Шундан кейингина Бердиқул ҳамон гарангсиб турган Самад билан Қаҳҳорнинг ёнига келди ва ўзини берилиб дарёни томоша қилаётгандай тутган кўйи чўнтагидан сигарета чиқариб, хотиржам тутатди.

      Бу орада Тошкент билан гаплашиб бўлган Тоҳир телефонини ўчириб, ортига ўгирилдию, кўрган манзарасидан донг қотиб қолди.

      – Бердиқул! – ахийри бўкириб юборди Тоҳир.

      – Лаббай, камандир.

      – Қайиқ… қайиқ қани?

      Бердиқул Тоҳирнинг қайиғига ишора қилди:

      – Мана, турибди. Бус-бутун.

      – Буларники қани? Браконьерларники! Тўр қани? Балиқ қани? Буларнинг қўлини ким ечди?

      – Начайник, сизни жин чалиб кетдими? – гапирган сари ҳузур қиларди бир қўлини намойишкорона шими чўнтагига солиб олган Бердиқул. Бироқ эътибор берган одам унинг сигарета тутган қўли дир-дир титраётганини сезарди. – Кўзингизга нима балолар кўринаяпти? Қанақа қайиқ? Қанақа браконьерлар? Мана, биз уч ўртоқ тинчгина соҳилда айланиб юрибмиз. Ё бунга ҳаққимиз йўқми?