Название | Алвидо, қурол |
---|---|
Автор произведения | Эрнест Миллер Хемингуэй |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-19-463-2 |
Овқат устида ғовур-ғувур гап кўп бўлади, мен вино ичдим, чунки агар бугун кечқурун озгина ичмасам, ошна-оғайнигарчиликдан чиқиб қолардим, мен яна кашиш билан архиепископ Айрленд ҳақида суҳбатлашиб ўтирдим. Гап анчайин ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлган бир одамнинг тақдиридаги адолатсизлик, унга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар ҳақида кетди, бу ноҳақликларга мен ҳам америкалик сифатида қисман сабабчи эканман, мен айбим нимадан иборат эканлигини билмасам ҳам ўзимни гўё ростданам айби бордай қилиб кўрсатардим. Бу ишнинг бутун моҳиятига тўла етмасдан туриб, у менга шунчалар тушунтириб кетдики, охирида йўқ ҳеч нарса билмайман, хабарим йўқ, деб туриш одобдан бўлмай қоладиганга ўхшайди. Менга унинг номи жуда ҳам чиройли туюлди, бунинг устига у миннесоталик эди, шунинг учун оти ҳам чиндан ажойиб жаранглар эди: Айрленд Миннесотий, Айрленд Висконсиний, Айрленд Мичигоний. Йўқ, гап бундамас. Масала бундан кўра чуқурроқ. Ҳа, отахон. Тўғри, отахон. Эҳтимол, отахон. Йўқ, отахон. Балки, эҳтимол, шундай бўлса бордир, отахон. Булар сизга кўпроқ маълум, отахон. Кашиш яхши одам эди, лекин одамни зериктириб юборарди. Офицерлар бўлмағур одамлар эди, уларга қараб одамнинг эсноғи келарди. Қирол яхши, лекин зерикарли эди. Вино ёмон, лекин зерикарли эмасди. У тишларимизнинг сирини кўчириб, танглайимизга ёпиштириб қўймоқда эди.
– Шундай қилиб, ўша кашишни қамаб қўйишибди, – дерди Рокка, – чунки унинг ёнидан уч процентли қоғозлардан чиқибди. Бу Франциядаги гап, албатта. Бу ерда уни ҳеч қачон қамаб-памаб ўтиришмасди. У бўлса, беш фоизли қоғозлардан мутлақо бехабарман, дебди. Булар ҳаммаси Безье шаҳрида бўлган гаплар. Мен ўшанда у ерда эдим, бу тўғрида газеталардан ўқиб қолиб, қамоққа бордим ва мени кашишнинг олдига киритишларини сўрадим.