Название | Энг яхши даво |
---|---|
Автор произведения | Абдукарим Усмонхужаев |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 5-640-03140-9 |
«Қуёнсифат» одамлар яхши ишлайдилар, яхши дам оладилар, аммо фавқулодда бир ҳолат юз бергудек бўлса, ўзларини йўқотиб қўядилар. Улар фикрларини бир жойга тўплашлари ва тетикланишлари учун уйда бир шаршара ҳосил қилишлари лозим бўлади. Бу шаршара уйдаги мусбат ионларни йўқотади. Бу мусбат ионлар одамни паришонхотир, бўшанг қилиб қўяди. Муздай сувни бор босими билан оқизиб қўйиш керак. Сув оқими қўлювгич чаноғи четларига урилиб оқаётганида, унинг яқинида, ярим метр (50 см) масофада ўтирилади. Сув зарралари бутун атрофни қоплайди, ҳаммаёққа сачрайди. Унинг олдида ўтирган одам ўзини кучли, бақувват ҳис қилади.
Вулқон одам—бу одамларда ҳамма ҳис-туйғулар бирга қўшилиб келади. Уларда хавф-хатар гормони ҳам, барқарорлик гормонлари ҳам етарлича бўлади. Улар ҳис-туйғу жиҳатдан беқарор бўладилар, воқеа-ҳодисаларга дадил жавоб қайтарадилар, кайфиятлари кескин ўзгариб туради ва улардан ҳар нарса кутиш мумкин. Агар ана шу хусусиятлар кимда бўлса, бу инсоннинг уйида доимо паст овозда ёқимли мусиқа янграб турсин. Мусиқа асаб бузилишларини бир мувозанатга солади.
ОММАВИЙ ВАҚТ ТАРАНГЛИГИ
АҚШ Саломатлик ва касбий хавфсизлик Миллий институтининг берган маълумотларига кўра, 46 фоиз америкалик иш вақтига ҳар ҳафтада 40 соат вақт сарфласа, 45 фоизи иш вақтидан ташқари ҳам кўпроқ ишлашга мажбур экан.
Америкаликлар бутун умрлари давомида юриб кетаётган поездга сакраб чиқар ва ҳали тўхтамаган поезддан сакраб тушиб қолар экан. Ҳозирги оммавий вақт танглигидан бутун олам қийналмоқда.
Эрталаб ишга шошилиш, сўнг уйга ошиқиш, уй ишларини қилиб улгуришга шошиб-пишиш сабабли одамлар етарлича ҳордиқ чиқара олмайдилар, севган ишлари билан шуғуллана олмайдилар, болалар тарбиясига ҳам вақт кам ажратилади. Иши дурустроқ бўлганлар ишидан ажралиб қолишдан қўрқиб, раҳбарига ёқиш учун кўпроқ ишлашга ҳаракат қиладилар.
Бозор иқтисодиёти домига илинганлар қишин-ёзин чангтўзонга тўлган, ёзда тандирдек қизиб кетадиган, қишда қаҳратон совуқ бўладиган бозорларда ўтирадилар. У ердаги шовқин-сурон, бақир-чақирлар, қўпол муомалалар асабни тез орада ишдан чиқаради. Бозорда қанча кўп ўтирса, савдоси ва фойдаси кўп бўлишига ишонган «бизнесчи» дам олиш нималигини ҳам унутади.
Қадимги жамоа тузумида одамлар ўзлари учун ов қилганлар. Қулдорлик даврида уларнинг эгалари қамчи остида ишлашга мажбур қилган. Феодализм даврида очлик мажбур қилган. Эндиги даврда ҳам худди ана шу эҳтиёж, яхшироқ яшаш истаги уларни дам олмай ишлашга мажбур қилмоқда. Ишлаш мажбурияти одамларни ўз домига шунчалик қаттиқ тортганки, улар ҳатто еб-ичишдан орттирган тақдирларида ҳам қониқмайдилар. Яна ва яна ишлайверадилар.