Улуғбек хазинаси. Одил Ёкубов

Читать онлайн.
Название Улуғбек хазинаси
Автор произведения Одил Ёкубов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn

Скачать книгу

Биринчи қисм

1

Вақт тун ярмидан ошган. Расадхона теран сукутда. Одатдагидай, кечаси самовий ҳолатларни кузатиб ўтирган мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи бир пайт вужудида хиёл нохушлик сезиб, ўрнидан турди. Лекин қўлидаги олатларни1 жойига қўйиб улгурмаган ҳам эдики, қаердадир юқорида, биринчи ошиёнада оёқ товушлари эшитилди. Бу товушлар расадхона толиби илмларининг шарпасиз одимларига ўхшамас, сипоҳларнинг бетакаллуф қадамларини эслатарди. Мавлоно сергакланиб юқори ошиёнанинг дарчадан кичик ўймакор эшигига тикилди, нимқоронғи расадхонада йўғон ва ўктам овоз янгради:

– Мавлоно Али ибн Муҳаммад Қушчи ҳазратлари! Шаҳриёри фалак-иқтидор2 Мирзо Улуғбек Кўрагоний ҳазратлари амр этмишларким, Кўксаройда дарҳол ҳозиру нозир бўлғайсиз!

Али Қушчи кафтини қошлари устига тутиб, навкарларни яхшироқ кўришга уринди, лекин навкарлар машъалларини бошлари узра баланд ушлаб туришар, серсоқол юзлари чала-чулпа кўринарди.

– Бир дақиқа фурсат бергайсиз. Олатларни йиғиштирай, – деди Али Қушчи.

Ғира-шира расадхонада яна бояги таҳдидли овоз янгради:

– Фурсат зиқ, мавлоно. Отлар шай!

Навкарлар нағал қоқилган оғир этиклари билан мармар зиналарни гурс-гурс босишиб, орқага чекинишди. Қўлларидаги машъалларнинг шуъласи деворларнинг тилла суви юритилган нақшларини бир ялаб сўнди, расадхона яна қоронғулашди. Фақат шифтдаги туйнукда оппоқ йирик юлдузлар ғалати чарақлаб турарди. Бу туйнук шундай ясалган эдики, пастда ўрнатилган судси фахри3 сатҳида самода сайр этаётган юлдузлар ҳолати кузатилиб борилар эди.

Али Қушчи калтагина чўққи соқолини тутамлаб, бир зум туйнукка тикилиб қолди.

Ўтган куни тонг пайти устод Мирзо Улуғбек расадхонага ташриф буюрган эди. Йўлбарс териси ёпилган ўз курсисида ўтириб, тимқора осмонга разм солиб узоқ хаёл сурди.

Али Қушчи билар, бу йил соҳибқирон Амир Темур туғилган йилдагидай фалак қозиси Муштарий4 билан Зуҳро юлдузлари бир-бирига яқин келиши кутилар эди. Кўнгли нотинч давлатпаноҳ эса бунга аллақандай умид боғлар, ниманидир кутар эди.

Мана, бир-икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Тахт ва салтанат ишқида ёнган Темурий шаҳзодалар қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамади. Ниҳоят, Улуғбек қиличи ўткир чиқиб, мағрибдан машриққа қанот ёзган ҳудудсиз салтанат хиёл осойиш топган эди, тожу тахт валиаҳди шаҳзода Абдуллатиф ўз падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиқди. Ражаб ойининг бошларида аълоҳазратлари лашкар тортиб Жайҳун5 томон отланишга мажбур бўлди. Аммо давлатпаноҳ Жайҳун бўйларида лашкар тортиб турганида дорулмулкда содир бўлган фитналар уни Самарқандга қайтишга мажбур этди. Мана энди уч-тўрт кундирким, шаҳарда ваҳимали мишмишлар: гўё шаҳзода лашкарлари Жайҳундан ўтиб Кешга6 яқинлашиб қолганмиш…

Тўғри, ўтган куни саҳарда расадхонага кириб келган устод бу тўғрида сўз очмади. Қўлида устурлоб, самони кузатиб узоқ ўтирди, сўнг мармар зинанинг тик пиллапояларидан ҳорғин одимлаб, учинчи ошиёнадаги кутубхонага ўтди. Чеҳраси сўлғин, хаёли паришон, нақшинкор жовонларга терилган китобларни, салкам қирқ йил салтанат тебратиб йиққан нодир қўлёзмаларни бир-бир кўздан кечирди, ёдига устод Қозизода Румий тушди, чамаси, унинг “Риёзиёт”7ини варақлаб узоқ турди, кейин бўйнини хам қилганича лом-мим демай бир-бир босиб чиқиб кетди. У ҳатто Али Қушчи билан хайрлашмади ҳам. Аълоҳазратларини ҳовлига кузатиб чиққан Али Қушчига устод гўё расадхона билан видолашгани келгандай туюлиб, юраги зирқираб кетди. Икки кунгача устоднинг маҳзун нигоҳи кўз олдидан кетмай изтироб чекди, бир неча бор Кўксаройга боришга чоғланди, лекин журъат этолмади. Мана энди устод ўзи уни Кўксаройга чорлабдилар.

Али Қушчи қора духоба такясининг устидан мударра дасторини8 ўради, эгнига енгсиз кимхоб нимчасини, унинг устидан оқ чакмонини кийди-да, тик зиналардан юриб, юқорига чиқа бошлади…

2

Само артилган чиннидай тиниқ, юлдузлар чарақлаб турар, лекин шаъбони ойи ўз кучига кирган, тоғдан эсаётган изғирин остида дарахтлар дарёдай шовуллар, кекса тут ва садалар нола чекаётгандай чийиллар, ғийтиллар эди.

Али Қушчи ҳовлига чиқиши билан ўнг қўлидаги бинодан кимдир “лип” этиб чиқиб, йўлини тўсди.

– Тўхтанг, устод! Бу навкарларнинг муроди не? Қайга олиб кетадур сизни?

Али Қушчи суюкли шогирди Мирам Чалабийни таниб, унинг елкасидан қучди.

– Қўрқма, иним, аълоҳазратлари чақирибдурлар. Тезда қайтамен.

Али Қушчи расадхонанинг калитини Мирам Чалабийга топшириб, ҳовлига чиқди. Навкарлардан бири қоронғида бетоқат депсиниб турган арғумоқни рўпара қилиб, қўлтиғидан олди. Лекин Али Қушчи узангини топиб, типирчилаган отга ўзи сапчиб минди-да, жиловини қўлига

1

Олат – асбоб.

2

Шаҳриёри фалак-иқтидор – қудратли шоҳ маъносида.

3

Судси фахри – секстант.

4

Муштарий – Юпитер.

5

Жайҳун – Амударё.

6

Кеш – Шахрисабз.

7

Риёзиёт – математика.

8

Мударра дастори – мударрислик салласи.