Название | Парвоз ёки интуицияни кодлаш |
---|---|
Автор произведения | Шухрат Суюндик |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
«Ўлимни ҳеч бўлмаса, бир кунда уч марта эсингга ол» дейилганининг маъноси асли шу. Бу «барибир ўламиз эканда, мен нима қиламан» деган маънода айтилаётгани йўқ. «Ҳаётнинг қадрига ет» деган маънони билдиради. Борлигингга, яшаётганингга шукур қил дегани. Юзингга ажин туширяпти. Бошқа маънода эса фақат юзингдаги ажинларни санайвермай инсондек яша деяпти. Одамлар қойил қолсин, барчага ўрнак бўл деяпти. Ҳаётнинг ўзи парвоз қилишга чорлаяпти. Умрингни беҳудага, бўлар-бўлмасга сарфлама, арзимаган мол-дунёингга боғланиб қолма! Уйингдаги икки метр шкафинг ҳаётингнинг қувончига, темир машинанг ҳаётингнинг асосий мақсадига айланиб қолмасин! Улов узоқни яқин қилувчи транспорт воситаси, холос. Гувалакданми, ғиштданми, бетонданми қурган уйингга, кулбангга, боғланиб қолма! Ҳаммаси эллик йил, ё бўлмаса юз, икки юз, беш юз йилдан кейин тупроққа айланиб кетади, кўзингни оч деяпти. Дунёдаги манаман деган энг баланд осмонўпар бинолар, Эйфель минораси, Миср эҳромлари ҳам, дунёдаги жамики нарсалар бир кунмас бир кун занглаб, чириб тупроққа айланиб кетади. Аммо инсон иморату иншоотларни яна янгидан бунёд қилаверади.
Ўлим ҳақ деяпти. Кўзингни оч деяпти. Ҳаёт майдонида яхши ўйинчи бўл деяпти. Хурсанд бўлиб юр, жанжалдан йироқ бўл дейиляпти. Доим ўзингни ҳақман деб ўйлаб, бошқаларни ёмонга чиқариш тўғри эмаслигини уқтирмоқчи. Кўнгилдан ҳасадни аритиб, аҳилликни ўргатяпти. Кишига бундан ортиқ яна нима керак!? Томошабин бўлгандан кўра, ўйинчи бўлганингиз яхши. Аммо моҳиятини тушуниб ўйнаш керак. Ўйин бўлаётганини ҳали тушуниб етмаган бўлсангиз, тўп келиб пешонангизга «пақ» этиб тегади. Майдон ичида эканлигингни англашинг лозим. Қалбинг мудрамасин! Завқи ичига сиғмай ўйнаётганлар каби яша. Улар билан бўл, орасида ўйна, ўзиб кет!
Ўзи кавлаб, ўзи тепкилаб кўмаётганлар ҳам шунинг маъносини англамайди. Бир қадрдонини тупроққа кўмиб туриб ҳам, «мен ҳали ўлмайман, эндигина йигирмага, ўттизга, қирққа… саксонга кирган бўлсам, бунга ҳали анча бор» деган хаёлга боради. Вақти келганида сўрамай олиб кетишини тасаввур ҳам қилолмайди.
Ўлимни бир кунда уч марта ёдга олишнинг асл моҳияти шу. Яшаб қол деяпти, бировларнинг фикрига боғланиб қолма. Ҳамма хўмрайиб юрса, сенам шундай қилишинг керак дегани эмас. Чунки инсон ниҳоятда оддий кўринса-да, аслида мураккаб яратилган. Беш кунлик дунёда бола-чақангиз билан яйраб, ўйнабкулиб, чиройли яшанг! Ҳаёт яшаш учун берилган, ўзингизни ё бошқаларни қийнаш учун эмас. Азоб тортиш учун ҳам берилмаган. Ҳадиси шарифларда оилангда ҳам, кўча-кўйда ҳам тўғри бўл, бировни алдама, бошқанинг ҳақини ема, зино қилма, худо берган жонига қасд қилма дейилади. Қон-қариндош, қўни-қўшни билан яхши бўлиш кераклиги уқтирилади. Ўғирлик ва бошқа жиноятлардан йироқ туриш кераклиги ҳақида гап кетади. Савдосотиқ қилибми ёки бирон бир ҳалол иш қилиб, бола-чақангни боқ дейилади. Даромадни қандай қилиш, қайси ишда барака борлиги ҳам айтиб берилади. Савдода, чорвада, паррандачиликда, деҳқончиликда барака бор дейилади.