Название | Қасос ва муҳаббат |
---|---|
Автор произведения | Хабиб Темиров |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-577-98-5 |
Ўша куни бир хаёли: “Онангни тўйга олиб борма, Миртожининг одамлари аччиқ устида бирон зиён етказиб қўймасин”, дея огоҳлантирганди. Нозим ўз билганча иш тутди. Тўйга онаси билан опасини олиб борди. “Ҳар нима бўлганда ҳам Миртожи онамни танийди, ундан қизи борлигини билгач, ғазабини жиловлай олади”, деб ўйлади у. Баҳодирга эса зудлик билан тўй тадоригини кўришини буюради.
– Бир ҳафта ичида тўй қилиб, тушириб олиб кетасан. Бирон ҳафта қишлоқда турасизлар-да, кейин “чилла-пилла” деб ўтирмасдан, дарҳол йўлга отланасизлар. Тушунарлими?
– Тушунарли, – деди Баҳодир. У Нозимнинг гапини икки қилиш мумкин эмаслигини биларди… Чунки унинг Россиядан тезда излаб топилиши ва қулоғидан ип ўтказиб, қайтариб олиб келишида Миртожи ўйлаганидай, унинг гумаштаси Қўшоқбойнинг саъй-ҳаракатлари эмас, Нозимнинг Самарадаги ошналари кўрган “чора-тадбирлари” сабаб бўлганди.
– Нозимнинг гапини сўзсиз бажарасан, акс ҳолда ўзингни мурда деб ҳисоблайвер, – деганди уни чақириб суҳбатлашган йигитлардан бири…
Шу тобда Нозим ҳув ўша пайпоқфуруш аёлга эргашиб, Самарага келиб янглишмаганини, бу ерда улар ёрдамида ҳали кўп ишлар қилиши мумкинлигини ўйлаб, ўзича ғурурланиб қўйди. Кейин ўйладики, агар Амалияга уйланса, қўли яна ҳам узун бўлади… Онаси ёлғиз ўғлимни ўрисга уйлантираманми, деб албатта тихирлик қилиши мумкин. Ҳечқиси йўқ. Ўзи ҳам шу ерга келгач, бу ернинг қонун-қоидаларига ўрганиб, кўникиб кетади. Дарвоқе… Онаси ҳали Баҳодирга қўшилиб, бу ёққа келишни истамаса-чи? Йўқ. Келади. Қизини ёлғиз юборолмайди-ку. Бунинг устига Нозим ҳам шу ерда. Онасини қишлоқда ушлаб турадиган нима бор?
Нозим ётиб, куни билан дам олиб, эртасига тўппа-тўғри Амалияларникига отланди. Отасининг олдига кириб, бор гапни айтаман. “Қизингизни яхши кўраман. Унинг ҳам менда кўнгли бор. Маъқул десангиз, мени ўзингизга куёв қилиб олинг, ишончингизни оқлашга сўз бераман”, дейишни дилига тугиб қўйди.
“МЕНИ КЕЧИР, ОНА ҚИЗИМ!..”
Миртожибойнинг қалбида иккита қарама-қарши туйғу аёвсиз курашга киришди. Биринчиси, шубҳасиз Нозимга нисбатан чексиз ғазаб ва нафрат, ундан беаёв қасос олиш истаги. Бу масалада ҳеч қандай иккиланиш бўлиши мумкин эмас. Нозимнинг энди… яшашга, тирик юришга ҳаққи йўқ. Кеча Қўшоқбой топиб келган охирги гап шундай хулоса чиқаришга тўла асос беради.
– У ифлоснинг… Россияда қайлиғи бор экан, – деди Қўшоқ.
– Ким айтди, қаерда экан, – деб сўради ғазаб билан Миртожи.
– Ўзининг…