Название | НАМОЗШОМ ХАЁЛИ |
---|---|
Автор произведения | Муҳаммадали ҚЎШМОҚОВ |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
Кўзларида қизғин бир миннатдорлик ҳамда сўнгсиз бир умид чақнаб, Карим Раҳим дарров хатни олди:
– Раҳмат, ука! – деди. – Кўп яшанг!..
Айни ўша кезда Раис:
– Гувоҳ Холов! – деб, янаям чийиллади. – Гувоҳ Холов, айбланувчига нима бердингиз?!
– Хат… Тушунтириш хатимнинг нусхаси.
Раис илкис Карим Раҳимга юзланиб:
– Айбланувчи Раҳимов, хатни котибга топширинг! – деди – Сизга айта-япман!.. Навбатчи, гувоҳ Холовни кутиш залига олиб чиқинг!
Зумда қаёқдандир яна бир чақмоқдай миршаб пайдо бўлдию, Мўмин Холни мажлисхонанинг адоқ томонидаги бурчакка бошлаб бориб, тахта деворнинг қўл етар жойида кўзга у қадар илғанмаётган қора тугмачани босди. Ўша заҳоти девордан сассиз-садосиз бир эшик очилди.
– Киринг!..
Мўмин Хол ичкарига кирди. Курсига чўкди. Бошини суянчиққа тираб, кўзларини юмди.
… қўрқитишмоқчи! – деб ўйлади. – Албатта-да, буларнинг бари бир гўр. Ё ақлимни киргизиб қўйишмоқчими?.. Бу қанақа суд ўзи?!. Эсингни йиғ, Мўмин Хол, жанг энди бошланади. Беаёв, беомон жанг!.. Во ажаб, қонун одамзоднинг эркини ҳимоя қилиш учун яратиладими ёки одамзод қонунга қул бўлиш учун яралганми?!
IV
Мўмин Хол тарақлатиб телефонни нари сурдию, хафаҳол ҳовлига чиқди. Рўзғоридан бошқа ҳаммасидан, ҳатто, дунёсидан ҳам кўнгли совиганлигини яна алам билан ўйлаб, қоровулхона ёнида тўхтади. Қоровулни чақирди:
– Алибой ака!
– Лаббай, балонгизни олай! – Ҳаял ўтмай, белбоғини кифтига ташлаб, қаро-вул рўпара бўлди. – Аччиққина чой дамлаб қўйибман, Холуф. Бир пиёлагина қуйиб берайми, балонгизни олай?
– Раҳмат, Алибой ака, – деди Мўмин Хол. – Терговчи чақираёпти.
Беихтиёр Алибой қоровул калта кузалган соқолини юлқилаб:
– Ў, падарналат-эй, янами?! – деди.
– Агар кечгача қайтмасам, шофёрга айтинг, кечқурун бизди болаларга билдириб қўйсин. Унгача ҳеч кимга сездирманг, Алибой ака. Шофёргаям!..
– Хўп бўлади, балонгизни олай. Аммо-лекин, сиз кўп хавотирланманг, ҳа-лол-покиза одамларнинг зурёдисиз. Ана, мани айтди дерсиз, балонгизни олай, ўйнаб-кулиб қайтасиз ҳали. Дадил бораверинг, Худо ёрингиз бўлсин!..
Мўмин Хол гавжум хиёбондан юрмай, овлоқ кўчадан хомуш бораётиб, аллазамонлар отасидан бот-бот эшитган бир ўгитни эслади.
… бандасига эмас, ҳатто, дунёсига кўз тиккан ҳам мутедир. Тўғри, мол-дунёсига кўз тикмаганим чин. Лекин, нега бу қадар муте, нима учун бунчалар… Агар хотиним, кўрар кўзимдай ўғил-қизларим… Тавба… тавба!..
Раҳматли отасининг нақл қилишича, жаннатмакон Хўжа Аҳмад Яссавий ёлғизгина ўғлининг ўлдирилгани тўғрисида шумхабар келтирган кишига: “Ҳай, аттанг, сапчалигида узибсизлар-да!” деб суюкли оқ отини инъом қилган, ўғли-ни ўлдирган кишига эса қизини никоҳлаб берган экан. Бунақасини нима билан, қанақа ақл билан изоҳлаш мумкин? Нима бу ахир – қиз ҳам кимларнингдир қўлида жувонмарг бўлиши хавфидан қўрқиб, наслу насаб истиқболи ғамидаги саъйи ҳаракатми ёхуд ҳаққа етганликнинг амалий бир кўринишими?