Название | АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб |
---|---|
Автор произведения | РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn |
АБУ АЛИ ИБН СИНО
(РОМАН)
Биринчи китоб
Тошкент – 2019
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
“Ижод” жамоат фонди
Абдужалол РАҲИМ
АБУ АЛИ ибн СИНО
(роман)
Биринчи китоб
Шарқу Ғарбда бир овоздан Шайх ур-раис (Олимлар йўлбошчиси) дея эътироф этилган Абу Али ибн Сино илмий, адабий, фалсафий мероси дунё илм-фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилганини яхши биламиз. Шу боисдан ҳам ўрта асрларга оид миниатюраларда ул зотни ҳақли равишда Аристотель, Платон, Птомелей, Гиппократ, Гален, Эвклид каби фаннинг буюк намояндалари билан бир қаторда тасвирлаб келишган.
“Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди”, дея таъкидланади Жаҳон Тинчлик Конгресси ҳужжатларида.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Энг яхши асарлар” (2018) танлови ғолиби сифатида эътироф этилган мазкур романда буюк ватандошимизнинг болалиги, ўсмирлиги, ҳаётининг 1005 йилгача, яъни йигирма беш ёшигача Бухорода кечган даври қаламга олинган.
Маслаҳатчи:
Абдукарим УСМОНХЎЖАЕВ,
тиббиёт фанлари номзоди, Ибн Сино жамоат фонди илмий маслаҳатчиси.
Тақризчилар:
Қозоқбой ЙЎЛДОШ, педагогика фанлари доктори, профессор.
Маҳкам МАҲМУД, ёзувчи, филология фанлари номзоди.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ, ёзувчи.
Рисолат ҲАЙДАРОВА, ёзувчи.
Исажон СУЛТОН, ёзувчи.
Тошкент – 2019
ИБН СИНО ҲАҚИДА РОМАН
Ўрта асрлар Ғарбий Европа мамлакатларида черков ҳукмронлик қилиб, турғунлик узоқ давом этган бўлса, Шарқда қадимги ҳинд фалсафаси, зардуштийлик, монийлик, янги афлотунчилик, эллинизм маданий меросини ўрганиш ва энг муҳими, исломият маданиятида илм-фанларни излаш ва калом, ҳадис, адаб фанлари гуллаб-яшнади. Уйғониш, маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Беруний, Абу Бакр ар-Розий, Абу Али ибн Сино, Зайниддин Ғаззолий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Божжа, Ибн Туфайл, Ибн Арабий, Ибн Рушд ва бошқа алломаларнинг илмий-ижодий мероси кейинчалик Ғарб уйғониш даврининг бошланишига кучли таъсир кўрсатди.
Абу Али ибн Сино тиббиёт илми даҳоларидан бири, Арасту ва Форобийнинг издоши, руҳшунослик, тиббиёт, фалсафанинг турли соҳалари – мантиқ, ахлоқшунослик, эстетика, онтология (борлиқни ўрганиш), гносеология (билиш назарияси), калом-илоҳиёт соҳаларида қолдирган нодир асарларини жаҳон олимлари минг йилдан буён ўрганиб келмоқдалар. Ибн Сино ҳажман кичик, лекин мазмунан жуда кенг кўламли бўлган “Рисола фи-л-Ишқ” асарида Форобий фалсафасини янада ривожлантириб, табиатдаги барча мавжудотларнинг озиқланиш, ўсиш, ҳаракатланиш, интилиш ва хавф-хатардан сақланиш, жон, нафс, руҳ қувватлари асосида ҳаётга муҳаббат, нурга – ёруғликка, гўзалликка, заминга меҳр, ўз умрини авлодлари орқали абадий давом эттиришга, вайронликка эмас, балки ўсишга, галлаб-яшнашга интилиш қонунияти амал қилишини теран фалсафий мушоҳадалар билан далиллаб беради.
Ибн Синонинг Шарқ ва Ғарбда машҳур бу асарини заковатли замондошимиз, серқирра илмлар соҳиби Нажмиддин Комилов ўзбекчага таржима қилмоқчи эканлигини суҳбатларда айтган эди, аммо афсуски, вақти етмади. Биз яқин дўстимиз ишини давом эттириш маъносида бу асарни Грузия олими К.Серебряков тадқиқ этган ва русча матни бўлган Тифлис нашридан, ҳар икки тил асосида таржима қилдик. (Шоир Зайниддин Баҳриддинов билан ҳамкорликда).
Ўрта асрларда Шарқ Уйғониш даври бўлганлиги ҳақида ёзишга шўролар мафкураси сиёсати йўл бермасди. Шўролар мафкураси Ғарб мамлакатларида ўрта асрларда христиан дини ва черков ҳурфикрликка қарши шафқатсиз курашган даврдаги турғунлик ҳолатини Шарқ ўрта асрларига ҳам механистик, кўр-кўрона кўчирган эдилар. Шўролар мафкураси даҳрийлик – атеизмга асослангани сабабли совет олимлари фан ва динни доимо қарама-қарши қўйиб келдилар.
Шўролар даврида бўлган илмий тадқиқотларда, хусусан Марказий Осиё олимларининг тадқиқотларида ҳам ал-Киндий, Форобий, Абу Бакр Закариё ар-Розий, Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларни динга қарши курашган, моддиюнчи, материалист, даҳрий қилиб кўрсатар эдилар. Академик М.Хайруллаев ўзининг тадқиқотларида муҳим, теран ва холис фикрларни айтиш билан бирга айрим ўринларда марксизм талабларига мувофиқ фикрлайди: “Халифалик ўрнатилиши ва унинг дастлабки тараққиёти даврида араб феодаллари халифа бошчилигида дунёвий билимларга нисбатан кескин салбий позицияни эгаллади”. М.Хайруллаев бу фикрини далиллаш учун Е.Э.Бертельснинг ҳам шўроча руҳдаги фикрини келтиради: “Исломнинг биринчи тарафдорлари ҳар қандай ҳақиқий илмга илтифотсизлик билан қаради. Улар “исломий илмларгина ўрганишга арзийди”, дер