ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд. ТОИР МАҲМУД

Читать онлайн.
Название ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд
Автор произведения ТОИР МАҲМУД
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn



Скачать книгу

айланди. Чиндан ҳам Андижонни айланиш, кўзга қувонч, дилга сурур, кўксингни кўтаргувчи ғурур бахш этади, кишига.

      Темир йўл вокзалидан, марказий автобекатдан Андижон тупроғига тушганларни Темурийлар сулоласининг буюк давомчиси, Андижон аҳлининг ғурур ва ифтихори, улуғ шоир, забардаст саркарда Бобур шоҳ ҳазратлари қўлларини кўксига қўйиб, от устида ўзгача салобат ва самимият ила «Андижонга хуш кўрдик», дея кутиб оладилар. Бу ўткинчи дунёда 48 йил умргузаронлик қилиб, одамзот чекиши мумкин бўлган жамики кулфату аламларни кўриб улгурган, аммо матонати, қудрати, илму ҳикмати, гўзал шеърияти билан бутун дунё аҳлини лол қолдирган улуғ бобомизнинг қошига келган ҳар бир ватандошимиз шубҳасиз, бу буюк сиймо пойида қалбан тиз чўкади. Руҳига осойишталик тилайди. Бобур бобомиз мана бу сатрларни битаётганда йиллар ўтиб, замонлар ўзгариб жисман бўлмаса ҳам руҳан она диёрга қайтишини, қолдирган эзгу ишлари боис халқининг эъзозу эътирофида бўлишини билгандек:

      Васлинга еткурди даврон оқибат Бобурни, шукр,

      Эмди даврондан манга асло шикоят қолмади.

      Мустақиллигимиз боис даврондан шикоят қилмаслик бахти, шукурким, Ўзбекистон халқига насиб этди. Шу боис Андижонга ташриф буюрган «Универсиада–2010» спорт ўйинлари иштирокчилари – Ўзбекистон ёшлари улуғ бобокалонлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги муҳташам майдонни, том маънода истиқлол куйчиси, фидоийси Чўлпон ҳазратларининг қадамжолари, музейларини зиёрат қилганларида, Нодираи даврон момолари руҳи покларини ёдлаб, эҳтиром кўрсатганларида ўзлари ҳам қалбан тозариб, руҳан юксалганлари, дилларида буюк аждодлари руҳи поклари олдидаги масъулият қайта юз очгани аниқ. Шубҳасиз, улуғ аждодларимизни ёд этиш авлодларни яхшиликка, эзгуликка чорлайди. Ғалабага бўлган ишончини орттиради.

      Биз ижодкорлар турли маданий, маърифий тадбирлар, ижодий сафарлар билан йилда республикамизнинг бир неча вилоятларида бўламиз. Комил ишонч билан айтамизки, нафақат Тошкент шаҳрида, балки барча вилоятлар марказларида, туман ва шаҳарларида истиқлолимиз ато этган имконият туфайли, қолаверса, топганимиз ўзимизга буюргани боис улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ўғил-қизларимиз учун қурилаётган кўркам ва муҳташам лицей ва коллежлар, минглаб замонавий мактаблар, маданият ва спорт иншоотлари, олий ўқув юртларининг янги бинолари улуғ мақсадларимиз ҳамда мустақил давлатимиз қудратининг ёрқин тимсоли бўлиб қад ростламоқда.

      Аммо Андижондаги улуғворлик, кўркамлик, файзу барака ўзига хос. «Универсиада–2010» спорт ўйинлари иштирокчилари учун Андижон шаҳридаги бешта олий ўқув юрти ва Андижон Давлат университети қошидаги академик лицейда, яъни, олтита ётоқхонада яратилган шарт-шароит, қулайликлар учун фақат тасанно дейиш мумкин. Универсиадага таклиф этилган меҳмонлар ҳам шу ётоқхоналарда истиқомат қилишди ва бағоят мамнун бўлдилар.

      Андижон давлат университети ётоқхонасида бизни кутиб олганлар сафида бўлган эл ардоғидаги тарихчи олим, ўзининг доно маслаҳатлари, хуш дуолари билан Андижон аҳлининг