Стив Жобс. Уолтер Айзексон

Читать онлайн.
Название Стив Жобс
Автор произведения Уолтер Айзексон
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-150-4



Скачать книгу

теоретикларидан бири эди. Жобс унинг қуйидаги қоидаларини ўзлаштириб олганди: биринчиси – “Келажакни айтиб бериш учун уни дастлаб кашф қилиш керак” ва иккинчиси – “Дастурий таъминотни ишлаб чиқувчилар темир билан ишлашни билиши керак”. Кей ўзи Dynabook деб номлаган кичкина шахсий компьютер лойиҳаси устида ишлаётганди. У шу қадар оддий эдики, уни ҳатто ёш бола ҳам тушуниб олиши мумкин эди. Xerox PARC муҳандислари экранда қўрқинчли кўринадиган командалар қаторлари ва DOS-сўровлари ўрнига оддий фойдаланувчи учун тушунарли бўлган график ишлаб чиқа бошлаганди. Якунида улар сичқонча билан босиб очиш мумкин бўлган ҳужжатлар ва папкалардан иборат иш столини ўйлаб топишди.

      Xerox PARC муҳандисларининг яна бир ғояси туфайли GUI график интерфейсни соддалаштиришга муваффақ бўлинди: маълумотларни растрли график шаклида чиқариш мумкин эди. Бунгача кўпчилик компьютерларда матнли интерфейс бўларди. Клавиатура тугмаси босилса, экранда одатда қора фонда совуқ нур сочадиган яшил чизиқлардан иборат белги пайдо бўларди. Белгилар сони чекланганлиги боис бажариш учун кўп команда бериш ва катта процессор қуввати талаб этилмасди. Растрли тизимда эса экрандаги ҳар бир пиксел компьютер хотирасидаги битлар билан назорат қилинарди. Экранда у бу нарсани, масалан, ҳарфни пайдо қилиш учун компьютер ҳар бир пикселга оч ёки тўқ бўлишни буюрар ёки дисплей рангли бўлса, рангни аниқларди. Бу катта ҳисоблаш қувватини талаб қиларди, лекин ажойиб ёрқин графика, шрифтлар ва лол қолдирадиган сифатли тасвир яратиш имконини берарди. Растрли тасвир ва график интерфейслар Xerox PARC компьютерлари моделларининг, масалан, Alto’нинг ва Smalltalk дастурлаш тилининг ўзига хос хусусиятларига айланди. Жеф Раскин уларни келажакдаги компьютерлар деб ҳисобларди ва Жобсни ҳамда Apple’даги ҳамкасбларини Xerox PARC’га боришга кўндирди.

      Лекин бу осон бўлгани йўқ. Жобс Раскинни мижғов назариячи деб ҳисобларди, уни “бетайин қовоқбош” деб атарди. Раскин ўз томонига Аткинсонни оғдиришга мажбур бўлди. У Жобснинг наздида “даҳолар” тоифасига кирарди, фақат шундай йўл билан Стивни Xerox PARC лойиҳалари билан қизиқтиришга муваффақ бўлинди. Лекин Раскин Жобс нимани режалаштираётганини билмасди. 1979 йилнинг ёзида Xerox’нинг венчур инвестициялари билан шуғулланадиган бўлими Apple’ни молиялаштиришнинг иккинчи турида қатнашиш истагини билдирди. Жобс уларга шуни таклиф қилди: “Мен Apple’га миллион доллар маблағ киритишингизга изн бераман, лекин сизлар ҳозир PARC иш олиб бораётган барча лойиҳаларни менга кўрсатасизлар”. Xerox раҳбарлари рози бўлишди, компания Apple’га ўзининг янги технологиясини кўрсатишга қарор қилди, эвазига эса 100 мингта акцияни сотиб олади, ҳар бир акция нархи тахминан 10 доллар турар эди.

      Бир йилдан кейин Apple очиқ акциядорлик жамиятига айлангач, Xerox’нинг улуши 17,6 миллион долларни ташкил этди. Лекин Apple ҳам битимдан катта фойда олишга муваффақ бўлди. 1979 йилнинг декабрида Жобс янги технологиялар билан танишиш учун ҳамкасблари билан бирга Xerox PARC’га келди. Жобс унга у ерда ҳамма махфий лойиҳалар кўрсатилмаганини билиб қолгач, у батафсилроқ намойишни талаб қилди.