Название | Бизким ўзбеклар |
---|---|
Автор произведения | Абдуқаҳҳор Иброҳимов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-59-860-7 |
Кўринадики, Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишнинг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Чиндан ҳам шундай. Бу фикрнинг ҳаққонийлигини кишилик жамиятининг барча тараққиёт босқичлари тасдиқлаб турибди. Аллоҳга минг қайта шукрлар бўлсинким, қадим Турону Туркистону Ўзбекистонимизда ҳам катта-кичик шаҳарларимиз, пойтахт кентларимиз, вилоят марказларимиз бўлган. Қадим Хоразмни минг шаҳарли мамлакат дейилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Дунёда ҳеч бир халқ ўзбеклардек кўп шаҳар қурмаган, кўпдан-кўп пойтахтлар бунёд этмаган бўлса керак, десак сира муболаға бўлмайди. Халқимиз табиатига бошқа халқлар томонидан берилган таърифлардан бири «Ўзбек бойиса иморат қуради» деган накл ҳам бежиз айтилмаган, албатта. Бунга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Буюк хоразмшоҳлар сулоласи даврида Кўҳна Урганчда қурилган улуғ обидалар, Маҳмуд Ғазнавий томонидан бунёд этилган осори атиқалар, Қорахонийлар даврида Бухорода тикланган Арслонхон минораси, Амир Темур Шаҳрисабз, Самарқанд, Ясси, яъни ҳозирги Туркистон ва бошқа шаҳарларда қурдирган улуғвор Оқсарою Кўксаройларни, масжиду мадрасаларни, кўшклару боғлар, Улуғбек нинг Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувондаги уч мадрасаси, Самарқанддаги расадхонаси, Темурийлардан Шоҳрух мирзо, Бойсунқур мирзо, Абулқосим Бобур мирзо, Ҳусайн Бойқаро замонларида Ҳирот, Машҳад, Балх, Мозори Шарифда қурилган беқиёс иморатлар шулар жумласидандир. Алишер Навоий қурдирган иншоотларнинг ўзи бир юз элликдан ортиқдир. Булар мадраса, масжид, мактаб, хонақо, шифохона, карвонсарой, работ ва шу кабилардир.
Ўзбек иморатсозлигининг ўзига хос ва нодир фазилатларидан бири шуки, унда эъзозланаётган туйғу ўзининг такрорланмас ва энг юксак чўққисини топади. Олам олам бўлиб, одам одам бўлиб, ҳали ҳеч бир шоир ва мутафаккир Аҳмад Яссавийдек улкан ва буюк мақбара билан қадрланмаган бўлса керак. Бу мақбара Амир Темур томонидан умрининг охирларида Ясси, ҳозирги Туркистон шаҳрида қурилган обидадир. Инсоният ишқу вафо, садоқату хотирот туйғуларига ошно бўлганидан бери ҳали ҳеч ким суюкли рафиқа Мумтоз Маҳалдек вафотидан кейин ҳам севимли ёри томонидан қурилган садоқат рамзи бўлмиш назири йўқ ёдгорликка муносиб кўрилмаган бўлса керак. Бу Бобур авлодларидан бўлмиш Шоҳжаҳон қурдирган ўша Тожмаҳалдир. Бу хотиравий обидани бунёд этиш ишига Самарқанду Бухородан меъморлар, наққошлар, усталар ҳам таклиф этилганлар.
Умуман, иморат қуриш ва қурдириш ўзбекнинг яхши одатидир. Халқимиз хаёлидаги доимий ва мангу туйғулардан бири иморат қуриш – ҳовли-жой қилишдир. Бунинг яхши томони шундаки, одам ўзи обод қилган тупроққа илдиз отиб, қаттиқ боғланиб қолади. Бу охир-оқибатда ўзи бунёд этган нарсаларни ҳимоя қилишни, юртни сақлашни, яъни ватанпарварликни келтириб чиқаради ва ўстиради. Халқимиз ўзининг кўп минг йиллик тарихий ўтмишида минглаб шаҳарлар бунёд этган, десак муболаға