Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
Сўнг у шу яқин ўртадаги улкан харсангтошлар орасига беркиниб, кузата бошлади.
Вақт имиллаб ўтарди. Энди у анча тинчланиб ва бўлиб ўтган ишларга кўникиб онаси, хотини ва ўғилчаси билан охирги марта кўришган сўнгги кунни хотирлади. Ўшандан бери икки куну икки кеча ўтган, аммо жуда узоқ вақт кечганга ўхшарди. Чотқолга кетиш фикри туйқус зарбага учраганидан Исмоил қаттиқ афсус чекар, энди у ҳамма ўйлаганларини қайта кўриб чиқиши ва борди-ю, аёли ва ўғилчаси билан Чотқолга омон-эсон етиб олганида ҳам тоғаларига онаси ўлгани, уни қандай дафн қилганини не сўз билан айтади, улар жиянни тушунармиканлар…
Исмоил кўмиш маросимини анча олисдан илғади. Кўпчилик одамлар тўпланишиб турибди. Уларнинг аксарияти от ва эшак миниб олишган. Исмоил кутганидек, улар ёндош йўлдан келишар эди. Қияликка кўтарилишда тўда қадами секинлашди; иккита от эгари устига ўрнатилган тобутда наматга тиғиз ўралган маййит жасади жойланганди. Бори шу. Онахон Бексаатни сўнгги йўлга овулдошлари кузатишарди. Улар ҳозир нималар ҳақида гапиришаётгани Исмоилга қоронғу. Маросим у бекинган жойга қадам-бақадам яқинлашиб келарди. Кузатувчилар орасида хотин-халаж йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки бу ерларда аёллар дафн пайти қабристонга боришмас, уйда қолиб, маййитни кўмиб қайтган эркакларни мотамсаро йиғи билан кутиб олишади. Таомил бўйича Исмоил қабристондан қайтаётган отлиқ қариндошларга бош бўлиши, дафндан кейинги маййитнинг уйида бўладиган илк йиғинни бошлаб бериши, баланд овоз билан ув тортиши ва ўкириб эгар қошига бош қўйиши, Саида эса унга жавобан йўқлов жирларни уввос тортиб куйлаши лозим эди… Лекин улар қонун ва қочоқлик ўртасидаги тегирмон тоши орасида қолганлар, бундан бенасиб эдилар…
Бу орада тўпланганлар қабристонда кеча қазилган гўр ёнида тўхташди. Исмоил ўзи беркинган қўшни тепалик ортидан маросим қандай кечаётганини кўрди. Барча йўл-йўриқларига кўра дафнга Мирзақул бошчилик қиларди. У четроқда қўшоқ қилиб боғланган отлар олдидан дафн жойига яқинлашди, ҳамма жой бўшатиб, унга йўл беришди.
Наматга ўралган маййитни тобутдан олишиб, четга қўйишди ва ҳамма катта айлана ҳосил қилиб, мулланинг узоқ давом этган қироатини тинглашди, муллага жўр бўлишиб айрим оятларни такрорлашар, вазият худди асалари уясини эслатарди. Сўнг тўда яна ҳаракатга келиб қолди – энди маййитни қабр ичига туширдилар-да, шоша-пиша гўрга тупроқ тортдилар.
Буларнинг барини у четдан кузатар ва индамай лабларини қон чиққудай тишларди.
Одамлар қабристонни тарк этиб, бирор тирик жон қолмади, лекин ҳали олисдан товушлар эшитилиб турарди, Исмоил онаси қабрига жилди. Қалтироқ қўлларига таяниб, эс-ҳушини йўқотган ҳолда эмаклаб борди-да, янги пайдо бўлган уюм тупроқни қучоқлаганча, бўғиқ-ҳирқироқ товуш билан ўкириб юборди ва қайғу-аламу қаҳру-ғазабдан нафаси бўғзига тиқилди, худди ақлдан озиб, етим қолган бўри сингари нима деб қичқиргани, кимни ва нимани лаънатлаётганини фаҳмлаш қийин эди. Сўнг эса