Название | Танланган асарлар: Қиссалар |
---|---|
Автор произведения | Чингиз Айтматов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-6609-8-4 |
Қўрқувдан юраги қинидан чиқиб кетаётгандек, тили қуриб, энтикиб нафас олаётган Саида, Мирзақул кетиши биланоқ уйига югуриб кириб, тишлари бирбирига тегмай дир-дир титраётганига қарамай, бир чўмич муздек сувни симириб юборгандан кейингина бир оз тинчлангандек бўлди: “Йўқ, у сезмаган кўринади, тўғри, сезгани йўқ” деб далда излаб, бесаранжом бўларди. “Исмоилнинг қочиб юрганидан хабар топиб, синаш учун келиб, кузатиб юрибдими? – деб ўйларди у. – Ёки у-бу кишилардан суриштириб юрганмикин? Йўқ, у Исмоилнинг қаерда эканлигини билмайди, бир эмас, юз марта, минг марта излаб келсин, бари бир уни сездирмасликка ҳаракат қиламан! Бошқалар ўз фарзандларининг соғ-саломат қайтиб келишларини тилаб, зор қақшаб Худога илтижо қилиб ётганларида, мен кўз очиб кўрган эримни ташлаб қўярмидим!.. Худо оҳимни эшитди, Исмоилни ўз ихтиёримга юборди…”
Қишнинг энг аёзли кунлари, чилла кириб қолди. Бир ҳафта сурункасига гувиллаб эсган шамол қорни қуюндек учириб, ўнқир-чўнқирларга тўплаган; совуқдан тарашадек қотиб музлаб қолган сўқмоқ йўллар эса киши юрганда оёқ остида чирсиллаб, ойна сингандек овоз чиқарарди. Совуқ билан бирга қўшилгандек турмуш ҳам кундан-кунга оғирлашиб борарди.
Саиданинг ташқаридаги уйига қамалиб олган беш-олтита товуғи бурчакда ҳурпайиб, бир-бирларининг пинжига тиқилиб, эшикка чиқишга эринишар ва совуқдан азоб чекаётгандек кўзларининг оқини кўрсатиб, бир оёқлаб кишига ғамгин термилишарди. Уларнинг яшаши учун ҳам дон керак, бироқ илож қанча! Печканинг орқасида турган кичкина қопдаги жўхори ана-мана дегунча ерга чўкиб, кундан-кунга камайиб бораётганлигидан, Саида уни тишига тишлаб, яна тежаш мақсадида куздан бери тегирмонга боришини ҳам канда қилган эди. Тегирмонда тортиб баракасини учиргандан кўра, уйда ёрғичоқда тортиб олган маъқул эмасми? Колхозга ишга чиққан кунлари Саида бир дақиқа ҳам тинчимас, туни билан қўл тегирмонида ғалла тортиб чиқарди. Қадоқ босган қўллари ловиллаб ачишиб, икки букилиб, чўнқайганича пилта чироқ ёруғида кўзлари тиниб, қоронғилашиб кетаётганига қарамай, тегирмон олдидан нари жилмасди. Нима бўлса ҳам Исмоилга овқат тайёрлаши керак. У тортилган жўхорини элакдан ўтказиб, бир сиқимини боласининг овқатига олиб қўяр, қолган ундан Исмоилга нон пиширар, йиригини кампир иккалалари гўжа қилиб ичишарди. Улар шу зайлда кундагисини кунда тежаб-тергаб сарфлаб, баҳорга чиқиб олиш ташвиши билан яшар эдилар. Шундай бўлгандан кейин товуққа дон қайда дейсиз! Саида уларни, баҳорга чиқиб боламнинг оғзига тухуми тегар, деб боқиб юрган эди, бироқ ёзгача улардан биронтаси ҳам қолмайдиганга ўхшарди. Гўшт бўлмаса, Исмоил кечалари уйга келганда Саида уларни бирин-кетин сўйиб бераверди. Қани энди иложи