Афсун. Наргиз Асадова

Читать онлайн.
Название Афсун
Автор произведения Наргиз Асадова
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-20-789-9



Скачать книгу

қолар, энди майдон бўйлаб улуғвор осойишталик ҳукм сурар, осмон тўла юлдузлар чарақлар, гўзал Сан Марко узра яримта ой балқиб турарди. Мен нотаниш қўшнимга орқа ўгирганимча газета ўқирдим, ниҳоят, унга томон ўгирилишга мажбур бўлдим, чунки шу пайтгача ундан на бирон сас эшитилган, на бирор ҳаракат сезилган, энди эса у тўсатдан гапира бошлаган эди.

      – Венецияга биринчи марта келишингизми дейман, мсье? – сўради у, французчани бироз бузиб гапираркан; мен унга инглиз тилида жавоб қайтармоқчи эдим, у кутилмаганда соф олмон тилида аста, хириллаган бўғиқ овоз билан, товушини тиниқлаштириш учунми, тез-тез томоқ қириб йўталган кўйи сўзида давом этди: – Буларнинг ҳаммасини илк бор кўриб тургандирсиз, ҳойнаҳой? Барчаси сиз кутганингиздек эканми, ишқилиб? Балким ундан ҳам зиёдароқдир, эҳтимол? Эҳ!.. Бу қадар гўзал деб ўйламаган бўлсангиз керак-а? Тўғрими? Сизни бахтиёр ҳисоблаб, ҳавас қилишлари учунгина шундай деётган бўлмасангиз керак? Эҳ!..

      У ўриндиққа бемалол суяниб олди-да, кўзларини тез-тез пирпиратиб, менга диққат билан тикилди. Унинг ҳозирги юз ифодасида аллақандай мубҳамлик зуҳур эди. Орага узоқ сукунат чўкди, ушбу ғалати суҳбатни қандай давом эттиришни ҳам билолмай, ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, у шошиб мен томон энгашиб, сўз қотди:

      – Кўнгил қолиши нима эканлигини биласизми, афандим? – қатъий оҳангда, секин сўради у ва ҳассасига қўллари билан таяниб олди. – Чакана муваффақиятсизлик, омадсизлик эмас, балки чинакам, кенг маънодаги кўнгил қолиши, барча нарсалардан, бутун ҳаётдан кўнгил совишини айтяпман. Албатта, буни сиз билмасангиз керак. Аммо шу туйғу каминани ёшлигимдан бери мудом таъқиб этиб келади, у мени ниҳоят, ёлғиз, сўққабош, бебахт ва бироз ғалати ҳам қилиб қўйган, буни инкор этолмайман. Сиз мени тушуна олармидингиз, афандим? Лекин сиздан илтимос қилгудек бўлсам, мен учун икки дақиқа вақт ажратиб, гапларимни тинглай оларсиз, деб ўйлайман. Чунки гап очилдими, энди уни айтмасам бўлмас… Аввало шуни айтишим керакки, камина кичкинагина бир шаҳарчада, пастор оиласида туғилиб, ўсганман. Унинг файзга тўла ҳужраларида эскича урфдаги, уламоларгагина хос жўшқин, таъсирли некбинлик ҳамда яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ ҳақидаги дабдабали панд-насиҳатлардан иборат ўзига хос, ғайриоддий муҳит ҳукм сурарди. Камина бундайин баландпарвоз гапларни тинглашга сира-сира тоқат қилолмасдим, чунки назаримда, азоб-уқубатларимга айнан улар айбдордек туйилаверарди. Ҳаёт мен учун шунчаки қуруқ сафсатадангина иборат эди, холос, негаки насиҳатлар каминада фавқулодда ва аҳамиятсиз тасаввур ва тушунчалар уйғотар, мен эса улардан ҳеч нимани англай олмас эдим.

      Шу тариқа мен одамлардан илоҳий эзгулик ёки ақл бовар қилмас разолат, ҳаётдан эса мафтункор гўзаллик ё қабоҳат кутиб яшардим. Каминани уларнинг барчасига – бепоён борлиққа, қандай бўлишидан қатъи назар, бўлғуси саргузашт воқеаларга, фавқулодда бахт-омад ҳамда сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, кутилмаган даҳшатли изтиробларга бўлган теран, ваҳимали ҳирс ва ҳавас чулғаб олган