Название | Афсун |
---|---|
Автор произведения | Наргиз Асадова |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-20-789-9 |
КНУТ ҲАМСУН
(1859–1952)
НОРВЕГИЯ
Норвег адабиётининг энг машҳур вакили Кнут Ҳамсун 1859 йил 4 августда туғилган. Адиб ижодини шеъриятдан бошлаган. Бироқ 1890 йилда у ёзган «Очлик» романи адибга фақат Норвегияда эмас, ундан ташқарида ҳам катта шуҳрат олиб келган. Ҳамсуннинг ижодида «Пан», «Виктория», «Мистериялар», «Тентак», «Август», «Ҳалқа туташади», «Ўт босган сўқмоқлар» каби асарлари уни ўқувчиларнинг севимли адиблари сафига қўшади. «Ер мевалари» ёзувчи ижодий фаолиятининг энг юқори чўққиси бўлиб, айнан шу асари учун у 1920 йилда Нобель мукофотига лойиқ кўрилган. Ёзувчи 1952 йил оламдан кўз юмган.
Рус тилидан Рустам ЖАББОРОВ таржимаси
ЗАКХЕЙ
Саҳро қўйнида теран сукунат ҳукмрон.
Бир неча мил масофада на уй, на дов-дарахт бор. Фақат олислардан лалми буғдойзорлар, яшил ўтлоқлар сал-пал кўзга ташланади. Яна узоқдан ўт ўраётган одамлар ва отлар пашшадек бўлиб кўринади. Фақат атрофдан чигирткаларнинг чириллаши эшитилади, холос. Баъзан шамол ҳув тепаликлардан ўрим машиналарнинг шовқинини қулоққа келтириб уради.
Бу Биллиборининг фермаси. У олис Ғарбда, ташқи оламдан узилиб қолган ягона ферма, ундан саҳродаги энг яқин шаҳаргача бир неча кун пиёда йўл босишга тўғри келади.
Узоқдан ферманинг уйлари бепоён буғдойзорлардан бош чиқариб турган мўъжаз чўққиларни ёдга солади.
Қишда фермада ҳеч зоғ қолмайди, бироқ баҳордан то октябрнинг охирги кунларига қадар буғдойзорда етмиш чоғли киши иш бидан машғул бўлади. Уч киши ошхонада: ошпаз ва унинг икки ёрдамчиси. Отхонада эса отлардан ташқари йигирмата эшак бор, холос. Биллибори фермасида биттаям аёл зотини учратмайсиз.
Қуёш фаренгейт бўйича 102 даражада5 қиздиради. Осмон ва ер жазирамадан қовжирайди, қилт этган шабада йўқ. Қуёш қизиб турган тандирнинг ўзгинаси.
Атрофдаги уйлар ҳам жимжит. Фақат ошхона вазифасини ўтовчи эски, усти ёпиқ бостирмадан доимий юмушларга киришиб кетган ошпаз ва ёрдамчиларининг ғўнғир-ғўнғири қулоққа чалинади. Улар ўчоққа хас-хашак ёқишган, мўридан чиқаётган тутун аралаш учқунлар осмонга ўрлайди.
Овқат пишиши билан уни катта рух қозонларда арава билан ҳовлига олиб тушишади. Кейин араваларни эшакларга қўшиб, овқатни буғдойзорга олиб боришади. Ҳарбийларга ўхшаб кетадиган, семиз, оқсоч ирланд ошпаз ярим-яланғоч ҳолатда қўли-қўлига тегмай ишлайди. Унинг юзи тўтиқушни эслатгани учун ҳамма уни «Полли» деб чақиради.
Ошпаз илгари жанубдаги портлардан бирида аскарликни ўтаган. У адабиётга қизиқади, ўқишни билади. Шунинг у ўзи билан қўшиқлар тўплами ва қайсидир газетанинг эски сонини ўзи билан олиб келган. Бу бойлигини у ҳеч кимга раво кўрмайди, фақат бўш вақтида қўлга олиш учун уни ошхонада, ўз жавонида сақлайди. Ошпаз баъзида мутолаага чандон берилади.
Унинг бир шўринг қурғур ҳамюрти бор. Оти Закхей. Аллақачон кўздан қолган бўлса-да, бир куни шу газеталар унинг қўлига тушиб қолди. Закхейга оддий китобни тавсия қилиш бефойда, унинг хира кўзлари саҳифалардаги
5
Фаренгейт – АҚШда ҳарорат ўлчов бирлиги, немис олими Габриэль Фаренгейт шарафига номланган. Фаренгейт бўйича 102 даража Цельсий шкаласи бўйича тахминан 37 даражага тенг.