Мангу латофат: бадиалар. Иброҳим Ғафуров

Читать онлайн.
Название Мангу латофат: бадиалар
Автор произведения Иброҳим Ғафуров
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-8593-8-8



Скачать книгу

туради. Ғафур Ғулом етимлик нималигини ҳаммадан кўра яхшироқ билгани учун ҳам етимлар ва етимлик тақдирини мислсиз бир ҳамдардлик билан ёзади, ўзида туганмас, йўқолмас, битмас инсонпарварликни кашф этади. Унинг энг улуғ асарларидан бирининг «Сен етим эмассан» деб аталиши бежиз эмас. Бу асар инсон шарафига гимндир. Агар адабиётда гимндан ҳар ортиқроқ тантанали бир нарса бўлса, бу шеър ҳам ўша гимндан ҳам ортиқ бир ҳодисадир. Ғафур Ғулом асарларида етимпарварлик оталик ҳиссиётлари билан чамбарчас. Бири иккинчисидан келиб чиқади. Етимликдан хўрланган, ҳақоратланган, камситилган, эзилганларни ҳимоя қилиш, уларни зўравонликлардан муҳофаза этиш, асраш, ҳимояга отланиш Ғафур Ғулом ижодиёти мундарижасининг етакчи қирраларидан бирига айланган. Болаларга, етимларга, эзилганларга ғамхўрлик қилиш, шафқат ва мурувватда бўлишни патернализм деб аташади. Ғафур Ғуломда бу патернализм жуда катта инсонпарварлик даражасига кўтарилганлигини унинг ижодининг бошидан охирига қадар мунтазам кузатиш мумкин. Ўзини халққа ва айниқса, ёш бўғинга ота деб билиш ва ҳис қилишдан Ғафур Ғулом ижодиётида яна бир қанча мотивларнинг, ижодий йўналишларнинг мундарижавий хусусиятлари томир отади.

      Улардан бири шеърий услубга алоқадор нотиқлик. Ғафур Ғулом барча шеърларини нотиқ бўлиб ёзди. Албатта, бу жуда юксак даражадаги шоирона нотиқлик.

      Нотиқликнинг муҳим бир белгиси ва хусусияти бу – мурожаат. Ғафур Ғулом ўз шеърларида ва достонларида ва ҳатто прозасида ҳам доим кимгадир мурожаат қилади. Ва доим кимлар биландир – ўз ўқувчилари, кенг омма билан мулоқот юритади. Шоирлик халқ билан бўлади деган ақида унинг қон-қонига сингиган.

      Мулоқотлар ва мурожаатлардан бош мурод: ватанпарварлик туйғуларини уйғотиш, жўш урдириш, миллий ғурур ва ифтихорни ғалаёнга келтириш, шарқлик одамнинг шаъни, ори, номусини кўтариш, ёшларга мурожаатларида эса уларни илм-фан чўққиларини эгаллашга чақириш, ранг-баранг техникаларни, саноат ва мутахассисликларни эгаллашга илҳомлантириш, ўз халқи, Ватанига муносиб етук фарзанд бўлишга кучли даъват! Унинг ёшлик жўшқинлиги, маърифати илмга чанқоқлик билан тўлган «Бари сеники», «Яша дейман, ўғлим», «Билиб қўйки, сени Ватан кутади», «Навқирон наслимиз синов олдида», «Турсунали нега варракдан айниди» ва жаҳон уруши йилларининг шоҳ асарлари: «Сен етим эмассан», «Кузатиш», «Соғиниш», «Вақт», «Аввал ўқи», «Ўқи», «Олтин медал», «Йигитларга», «Ўзбек элининг ғypyри», «Қуёшчалар шеъри», «Сизга», «Фарзандларга», «Қизимга», «Орзу», «Диплом» (бир бошдан бу каби шеърларининг барини санаб чиқиш қийин) ва бошқа асарларини кузатинг, уларнинг ҳаммасида ёш наслни мамлакат ва миллатнинг таянчи деб қараш, энг улуғ орзу ва умидларни уларнинг камолоти билан боғлаш, жуда камдан-кам топиладиган ишонч ва муҳаббат, фахрланиш акс этади. Ёшларнинг қалбини ифтихор нури билан тўлдириш ва уларни келажакка илҳомлантиришда ҳеч ким Ғафур Ғуломча бадиий юксаклик ва қудратли таъсирчанликка эришолмаган эди.

      Ғафур Ғулом шеъриятида ва умуман