Название | Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси |
---|---|
Автор произведения | Стивен Кови |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-175-7 |
Мен одамлар ва ташкилотлар билан ишлашда юқоридаги идрок машқидан тез-тез фойдаланиб тураман. Чунки у ҳам шахсий, ҳам шахслараро самарадорлик борасидаги кўплаб тушунчаларни изоҳлаб беради. Биринчидан, ушбу машқ мавжуд шарт-шароит бизнинг идрокимиз ва парадигмаларимизга қанчалик кучли таъсир этишини кўрсатади. Жуда қисқа муддат – атиги ўн сония картага қараганимиз бутун бошли тасвирни қандай кўришимизни белгилаб берар экан, унда бутун умр давом этадиган шарт-шароитлар-чи? Оила, мактаб, черков, иш муҳити, дўстлар, ҳамкасблар ва шахс этикаси сингари маълум ижтимоий парадигмаларнинг барчаси ҳаётимизда мавжуд таъсир турлари ҳисобланади. Улар сездирмасдан онгостимизга таъсир ўтказиб, бевосита дунёқарашимизни, парадигмаларимизни ҳамда хариталаримизни шакллантиради.
Юқоридаги машқ, шунингдек, парадигмалар бизнинг муносабатимиз ва хулқ-атворимиз манбаи эканлигини кўрсатади. Биз парадигмаларимиздан ташқарида дадил ҳаракатлана олмаймиз. Чунки идрок қилганимиздан бошқача гапириш ва ҳаракат қилиш яхлитликни йўқотишимизга олиб келади. Масалан, сиз экранда ёш аёлни кўрсангиз, шубҳасиз, унга кўчани кесиб ўтишга ёрдам бериш ҳақида тасаввур қилишингиз жуда мушкул. Демак, аёлга нисбатан муносабатингиз ва хатти-ҳаракатингиз уни қай йўсинда идрок қилишингиз билан ҳамоҳанг бўлади.
Шахс этикасининг энг асосий камчилиги ана шунда кўринади. Муносабат ва хулқ-атворимиз шаклланадиган парадигмаларимизни ўрганмас эканмиз, хаттиҳаракатимизни ўзгартиришга уриниш беҳудалигича қолади.
Идрок машқининг яна бир афзал жиҳати шундаки, у парадигмаларимиз бошқа инсонлар билан мулоқотимизга таъсир қилишини очиб беради. Машқ сўнгида биз аниқ ва холисона кўриб турган маълум воқеани бошқалар ҳам ўз нуқтаи назаридан тўғри кўриши мумкинлигини англаймиз. Бошқача айтганда, «Қаерда турганимиз ўтирган жойимизга боғлиқ» эканини фаҳмлаймиз.
Ҳар биримиз ўзимизни ҳодисаларни борича идрок этадиган, яъни холис инсон сифатида тасаввур қиламиз. Лекин ҳақиқат бироз бошқачароқ. Биз дунёни ўз ҳолича кўрмаймиз. Аксинча, ўзимиз қандай бўлсак, дунё кўз ўнгимизда шундай шаклланади. Нима кўраётганимизни айтиш учун оғиз жуфтлаганимизда, биз аслида ўзимизни, идрокимизни, парадигмаларимизни тасвирлашни бошлаймиз. Бошқа одамлар бизнинг фикримизга қўшилмаса, дарҳол улар ҳақида нотўғри фикрга борамиз. Лекин юқоридаги идрок машқидан кўриниб турганидек, самимий, ақлли инсонлар ҳам бир ҳодисани икки хил кўриши одатий ҳол. Сабаби оддий: ҳар бир шахс ўз тажрибасига асосланган индивидуал линзага эгадир.
Лекин бу дунёда факт умуман йўқ дегани эмас. Машқ вақтида дастлаб талабаларга алоҳида берилган иккита расм чиндан ҳам икки хил эди. Кейинроқ уларга учинчи расм баробар кўрсатилади. Энди талабалар бир хил далил – қора чизиқлар ва оқ бўшлиқларга баробар қарайди ва факт сифатида қабул қилади. Лекин бу фактни талқин қилиш машқ бошидаги тажрибага асосланган бўлади. Демак, фактлар – талқиндан ташқарида