АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар. Джеймс Клир

Читать онлайн.
Название АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар
Автор произведения Джеймс Клир
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-194-8



Скачать книгу

кўра секинроқ ҳаракат қилаётган бўлсангиз ҳам, охироқибат молиявий мустақилликка эришасиз.

      Натижалар бу – одатларнинг қай даражада яхши эканини кўрсатувчи кечиккан мезондир. Шундай экан бойлик – бу молиявий одатларнинг, вазн – овқатланиш одатларининг, билим – ўқиб-ўрганиш одатларининг, хонангизнинг озода ёки тартибсиз экани эса саранжомлик одатингизнинг кечиккан тимсолидир. Нимани доимий такрорласангиз, шунга эришасиз.

      Aгар ҳаётимиз кейинчалик қандай бўлишини билишни истасак, шунчаки майда ютуқларимиз ва мағлубиятларимизга диққат билан назар ташлашнинг ўзи кифоя. Кундалик ҳаётдаги қарорларингиз ўн ёки йигирма йилдан кейин қай тарзда жамланишига эътибор беринг. Ойлик даромадингиздан камроқ пул сарфлайсизми? Ҳар ҳафта спорт залига қатнайсизми? Ҳар куни оз бўлса ҳам ўқиб, бирор нарса ўрганасизми? Шу сингари кичик ҳаракатлар келажакда ҳаётингиз қандай бўлишини белгилаб беради.

      Муваффақият ёки омадсизлик ўртасидаги масофа вақт ўтиши билан катталашиб боради. Одатларингиз уни ўн карра орттиради. Вақт яхши одатлар сабаб дўстингизга, ёмон одатлар сабаб душманингизга айланади.

      Одатлар икки томони ўткир қиличга ўхшайди. Яхши одатлар инсонни юксак чўққиларга олиб чиқа олганидек, ёмон одатлар ҳам уни осонлик билан синдира олади. Шу сабабдан майда деталларга эътиборлироқ бўлиш жуда муҳим. Қурол ўзингизга зарар келтириб қўймаслиги учун одатлар қандай ишлашини тушуниб, уларни ўзингиз истаган кўринишга келтиришни ўрганиб олиш керак.

Одатлар сизнинг фойдангизга ёки сизга қарши жамланиши мумкинСАЛБИЙ ЖАМЛАНИШ

      Стресс йиғилиб боради. Йўлдаги тирбандликдан жиғибийрон бўлиш, ота-оналик масъулиятини доимо ҳис қилиб туриш, ойликдан ойликкача зўрға яшаш, бироз юқори қон босимидан хавотирга тушиш. Aлоҳида олиб қараганда стресснинг шу сингари кенг тарқалган сабаблари билан муваффақиятли кураш олиб бориш мумкин. Бироқ улар йиллаб давом этаверса, саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлади.

      Салбий фикрлар йиғилиб боради. Ўзингизни ҳадеб арзимас, аҳмоқ ёки хунук деб ҳисоблайверсангиз, борлиқни ҳам тобора шу йўсинда қабул қиладиган бўласиз. Яъни ўйларингиз сиртмоғига тушиб қоласиз. Бу сўзлар ўзгалар ҳақида қандай ўйлашингизга ҳам тегишли. Одамларни сержаҳл, адолатсиз ёки худбин деб ҳисоблашга одатлансангиз, бундай одамларга ҳар ерда дуч кела бошлайсиз.

      Ғазаб йиғилиб боради. Қўзғолонлар, намойишлар ва оммавий ҳаракатлар камдан-кам ҳолларда ягона бир воқеа натижасида пайдо бўлади. Aксинча, қатор майда норозиликлар, жаҳл ва дилхираликлар аста-секин жамланиб, бир кун сабр косасини тўлдиради ва олов сингари атрофга тарқалади.

ИЖОБИЙ ЖАМЛАНИШ

      Самарадорлик йиғилиб боради. Ҳар куни битта қўшимча иш қилиш кичик нарсадек кўринади, аммо бутун меҳнат фаолияти давомида бундай одатнинг қиймати жуда юқори бўлади. Эски кўникмаларни автоматлаштириш ва янгиларини эгаллашнинг самараси эса бундан-да каттароқ бўлиши мумкин. Қанчалик вазифани