Название | АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар |
---|---|
Автор произведения | Джеймс Клир |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-194-8 |
Шу тарзда фикрлашда давом этадиган бўлсангиз, олдингизда қатор саволлар пайдо бўлади: агар дунёқарашингиз ва фикрларингиз хулқ-атворингизга шунчалик катта таъсир кўрсатадиган бўлса, уларнинг ўзи қандай пайдо бўлади? Шахсият қандай шаклланади? Шахсиятнинг ўсишига кўмаклашадиган жиҳатларини қандай кучайтириб, халақит берадиганларини аста-секин сўндириш мумкин?
Шахсият одатларингиздан шаклланади. Сиз ҳозирги қарашларингиз билан туғилмагансиз. Ҳар бир фикр, шу жумладан, ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурлар ҳаёт давомида шаклланади ва ўзгаради.7
Янада аниқроқ қилиб айтганда, сиз шахсиятингизни одатларингиз орқали намоён қиласиз. Ҳар куни ўрнингизни йиғиштирганингизда тартибли инсон эканингизни, ҳар куни янги бир нарса ёзганингизда ижодкор инсон эканингизни, ҳар куни спорт билан шуғулланганингизда соғлиғига беэътибор бўлмаган одам эканингизни намоён қиласиз.
Бирон-бир одатни қанчалик кўп такрорласангиз, шахсиятингизнинг ушбу одат билан боғлиқ жиҳатини шунчалик кўп мустаҳкамлайсиз. Аслида, шахсият сўзи қадимги лотин тилида бўлиш маъносини билдирувчи “essentitas” ҳамда қайта-қайта маъносини берувчи “identidam” сўзларидан келиб чиққан. Яъни сўзма-сўз таржима қилинганда ушбу атама “такрорланувчи ўзлик” деган маънони билдиради.
Ўзингизни ким деб ўйлашингиздан қатъи назар, бундай фикрлашга далиллар мавжудлиги учунгина шундай фикрлайсиз. Йигирма йил давомида ҳар якшанба черковга қатнаган бўлсангиз, диндор эканингизни исботловчи далилга эгасиз. Aгар ҳар куни кечқурун бир соат вақтингизни биологияни ўрганишга сарфласангиз, тиришқоқ эканингизга далил бор. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар спорт билан шуғулланишингиз – соғлом турмуш тарзига амал қилишингизга далилдир. Шахсиятингизнинг бирон-бир жиҳатини исботловчи далиллар қанчалик кўп бўлса, ўзингиз ҳам унга шунчалик кўп ишонасиз.
Aвваллари ўзимни ёзувчи деб ҳисобламас эдим. Aгар мактаб ёки университетдаги ўқитувчиларимдан мен ҳақимда сўрасангиз, улар мени ўртамиёна ёзиш кўник маларига эга талаба сифатида эслашларига гувоҳ бўласиз. Ёзувчилик фаолиятимнинг дастлабки йилларида фақат душанба ва пайшанба кунлари биттадан янги мақола ёзар эдим, холос. Aммо улар менинг ёзувчи эканимни исботловчи далилга айланди ва ижодкорлик шахсиятимнинг бир қисмига айлана бошлади. Дастлаб ёзувчи эмас эдим. Эндиликда одатларим орқали ёзувчига айландим.
Шахсиятингизнинг шаклланиши фақатгина одатларга боғлиқ эмас, албатта. Aммо одатлар кўп такрорлангани туфайли энг муҳим омилга айланади. Бошингиздан ўтказган ҳар бир воқеа шахсиятингизга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бироқ бир марта тўп тепиш билан ўзингизни футболчи ёки битта эскиз чизиб рассом деб ҳисобламайсиз.
7
Табиийки, шахсиятимизнинг айрим жиҳатлари вақт давомида ўзгармайди. Масалан, ўзимизни баланд ёки паст бўйли деб ҳисоблашимиз. Аммо шу сингари доимий белги ва сифатларни ижобий ёки салбий қабул қилишимиз ҳаётимиз давомида турли воқеалар таъсирида ўзгариб туради.