Фаренгейт бўйича 451º. Рэй Брэдбери

Читать онлайн.
Название Фаренгейт бўйича 451º
Автор произведения Рэй Брэдбери
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-23-199-3



Скачать книгу

кун.

      – Монтэг, эшитдингизми? Бугун эрталаб билдим. Сиэтлда бир ўт ўчирувчи механик кўппакнинг ҳид билиш тизимини ўзининг кимёвий комплексига созлаб, уни қўйиб юборибди. Ўз жонига қасд қилишнинг антиқа йўлини топибдими?

      Бешинчи, олтинчи, еттинчи кун.

      Шундан сўнг Кларисса ғойиб бўлди. Монтэг аввалига бу кун бошқасидан нимаси билан фарқ қилишини англамади. Фақат атрофда Кларисса кўринмасди. Майсазор бўм-бўш, дарахтлар бўмбўш, кўча ҳам ҳувиллаб ётарди. Монтэг қизни соғинганини ва ҳатто уни излаётганини бошида англамади. Метро бекатига етганда эса унда безовталик бошланган эди. Нимадир содир бўлган, у кўниккан қандайдир тартиб бузилган эди. Тўғри, тартиб бир неча кунгина олдин ўрнатилганди, аммо… Монтэг ортга қайтмоқчи, уйдан метрогача бўлган йўлни қайта босиб ўтмоқчи бўлди. Шундай қилса, Клариссани албатта учратишига ва ҳаммаси ўз ўрнига қайтишига ишончи комил эди. Бироқ поезд келиб қолди ва режаларини чиппакка чиқарди.

      Қарта шитирлаши, қўлларнинг ҳаракати, кўзларнинг пирпираши, ўт ўчириш бўлими навбатчилик қисмининг шифтига ўрнатилган гапирадиган соатнинг бир маромдаги овози “Тўртинчи ноябрь, пайшанба, соат тунги бирдан ўттиз беш дақиқа ўтди. …бирдан ўттиз олти дақиқа ўтди, …бирдан ўттиз етти дақиқа ўтди”. Барча товушлар кўзларини юмиб олган Монтэгга эшитилиб турарди. У юмуқ кўзлари билан ялтиллатиб тозаланган мис ва бронзани ҳам, нур сочиб турган лампаларни ҳам, стол устида ётган олтин ва кумуш тангаларнинг ярқирашини ҳам, ўт ўчириш бўлимидаги сукунатни ҳам ҳис қилиб турарди. Қаршисида – стол атрофида ўтирган одамлар қўлларидаги қартага термилишар, хўрсинишар ва кутишарди.

      “…бирдан қирқ беш дақиқа ўтди”. Гапирадиган соат совуқ йилнинг яна ҳам совуқ тунига аза тутаётгандек эди.

      – Нима бўлди сизга, Монтэг?

      У кўзини очди.

      Қаердандир радионинг хириллаган овози эшитиларди:

      – Ҳар дақиқада уруш эълон қилиниши мумкин. Мамлакат ҳимояга тайёрланмоқда…

      Бино бирдан зириллаб кетди. Ёришиб келаётган осмондан қирувчи самолётлар эскадрильяси учиб ўтди.

      Монтэгнинг кўзлари пирпиради. Битти уни музей экспонати каби диққат билан кузатарди. У ҳозир ўрнидан кўтарилиб, Монтэгга яқинлашади, унга тегиб кўради ва унинг айбини фош қилади… Айбини? Унинг айби нима?

      – Юриш навбати сизда.

      Монтэг қаршисида ўтирган одамларга қаради. Уларнинг юзлари минглаб ҳақиқий ва юз минглаб тасаввурдаги ёнғинларда куйиб, ялтираган, касблари уларнинг ёноқларини нотабиий рангга киритган, кўзларини қизартирган эди. Улар трубкаларини тутатаётганда платина ўт олдиргичлари пуркаган оловга кўзларини қисмай ва пирпиратмай қарай олишарди. Тим қора соч ва қошлар, кўкимтир, соқол қиртишлаб олинганидан кулга булғанганга ўхшаш ёноқлар – буларнинг бари мерос касбларининг тамғаси эди. Монтэг бир сесканиб, оғзи очилиб, қотиб қолди. Хаёлига ғалати фикр келди. Сочи ва қоши тим қора бўлмаган, юзлари куйиб қизармаган, кўкимтир, соқоли қиртишлаб олинган ва шу билан бирга соқоли олинмаганига анча бўлган ўт ўчирувчини аввал ҳеч учратганмикин?