Название | Фаренгейт бўйича 451º |
---|---|
Автор произведения | Рэй Брэдбери |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-199-3 |
– Яхши.
– Улар мени ҳамма вақт нима билан банд эканим ҳақида сўрашгани-сўрашган. Мен ўтириб хаёл суришимни айтаман. Бироқ нима ҳақида хаёл суришимни айтмайман. Бир бош қотиришсин. Баъзан эса уларга мана бундай қилиб, – қиз осмонга қаради, – ёмғир томчилари оғзимга киришини яхши кўришимни айтаман. Уларнинг таъми винога ўхшайди. Сиз ҳеч тотиб кўрганмисиз?
– Йўқ, мен…
– Мени кечирдингиз-а?
– Ҳа, – деди Монтэг ва бир зум ўйланиб қолди. – Ҳа, кечирдим. Худо билади нега. Сиз қандайдир ғалатисиз. Одам сиздан хафа бўлса ҳам, кечириши жуда осон. Ёшингизни ўн етти деганмидингиз?
– Келаси ой ўн еттига тўламан.
– Қизиқ. Ғалати. Хотинимнинг ёши ўттизда. Лекин баъзида сиз ундан анча катта туюласиз. Нега бундайлигини тушуна олмайман.
– Сиз ҳам ҳамма каби эмассиз, мистер Монтэг. Баъзан ҳатто ўт ўчирувчи эканингизни ҳам унутиб қўяман. Яна бир бор жаҳлингизни чиқарсам, майлими?
– Майли.
– Ҳаммаси қандай бошланган? У ерга қандай тушиб қолгансиз? Нима учун айнан шу касбни танлагансиз? Сиз бошқа ўт ўчирувчиларга ўхшамайсиз. Мен айримларини кўрганман ва биламан. Гапираётганимда менга қараб турасиз. Кеча ой ҳақида гапирганимда осмонга қарадингиз. Бошқалар эса ҳеч қачон бундай қилмаган бўлишарди. Қулоқ солиб ўтирмай ўгирилиб, кетиб қолишарди. Ёки дўқ қилган бўлишарди. Ҳеч кимнинг биров учун вақти йўқ. Сиз эса менга яхши муносабатда бўлган кам сонли одамлардансиз. Шунинг учун сизнинг ўт ўчирувчи эканингиз менга ғалати туюляпти. Сизга бу умуман мос эмас.
Монтэг ўзини тенг иккига бўлингандек сезди. Бир қисми оташдек қайноқ, иккинчи ярми эса муз каби совуқ, меҳрибон ва бешафқат, титраётган ва титрамаётган иккала “мен”ининг бири иккинчисини бўғиб, йўқ қилишга интиларди.
– Кетадиган вақтингиз бўлди, – деди у Клариссага.
Қиз уни ёмғирда қолдириб югуриб кетди. Монтэг бир муддат қимир этмай турди.
Кейин секин бир неча қадам ташлади ва бошини кўтариб юзини ёмғирга тутди. Бир зумга оғзини очди…
Механик кўппак ухлаб ётар, шу билан бирга уйғоқ эди. Ўт ўчириш бўлими коридори охиридаги паст овоз чиқариб енгил тебраниб турувчи, хира ёритилган уйчасида яшарди ва бир пайтда ўлиб ётарди. Тунги осмоннинг хира нури катта тўртбурчак деразадан тушиб, механик жонзотнинг мис, бронза ва пўлат қисмларида ўйнарди. Ёруғлик ёқут ойналарда акс этиб, бу ғалати махлуқнинг бурун тешикларидаги ингичка нейлон толаларда жилоланиб, милтилларди. Унинг резина қопланган саккизта оёғи бор эди.
Монтэг қаватлар орасидаги туйнук ўртасига ўрнатилган бронза устундан пастга сирғалиб тушди ва уйқудаги шаҳарни томоша қилиш учун ташқарига чиқди. Булутлар тарқаган, осмон тиниқ эди. У тамаки тутатиб, коридорга қайтиб кирди ва кўппакнинг уйчасига мўралади. Кўппак гуллардан нектар йиғиб уяга қайтган улкан асаларини эслатарди. Фақат у нектар ўрнига ҳушни йўқотиб, талвасага солувчи заҳарга тўла эди. Танаси ана шундай оғуга тўйинтирилган кўппак заҳар кучини уйқу билан енгмоқчи бўлгандай