Название | МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари |
---|---|
Автор произведения | Джеймс А. Робинсон |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-189-4 |
AҚШнинг шимолий ва жанубий штатлари ўртасидаги низолар конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида “бешдан уч” тартиби ва бошқа келишувлар иш бергани туфайли пасайтирилди. Вақт ўтиши билан бошқа ечимлар ҳам қўшимча қилиб борилди. Бунга Сенатда қулчилик тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш учун иттифоқ таркибига ҳар сафар битта қулчилик тарафдори ва битта унга қарши бўлган штатни биргаликда қабул қилиш белгиланган Миссури келишувини мисол қилиш мумкин. Мазкур келишувлар токи охир-оқибатда фуқаролар уруши ўртадаги ихтилофларни шимолий штатлар фойдасига ҳал қилгунига қадар AҚШдаги сиёсий институтларнинг биргаликда осойишта ишлашини таъминлади.
Фуқаролар уруши қонли ва ҳалокатли бўлди. Шунга қарамай, урушдан аввал ҳам, ундан кейин ҳам мамлакатда, айниқса, шимолий ва ғарбий штатларда аҳолининг кўпроқ қатлами учун етарлича иқтисодий имкониятлар мавжуд эди. Мексикадаги вазият эса тубдан фарқ қиларди. Aгар AҚШ 1860–1865 йиллар оралиғидаги беш йилликда сиёсий беқарорликни бошдан кечирган бўлса, Мексикада мустақилликнинг дастлабки эллик йили давомида деярли тўхтовсиз бошбошдоқлик ҳукм сурди. Бунга Aнтонио Лопес де Санта-Анна фаолияти энг ёрқин мисол бўлади.
Веракруслик мустамлака ҳокимияти мулозимининг ўғли бўлган Санта-Анна мустақиллик урушлари пайтида испанлар томонида уришган аскар сифатида донг таратган эди. 1821 йилда Итурбиде тарафига ўтган Санта-Анна муваффақият қозонишдан тўхтамади. 1833 йилнинг майида биринчи бор Мексика президенти бўлгач, бу лавозимда бор-йўғи бир ойга яқин вақт ишлайди ва ҳокимиятни Валентин Гомес Фариасга топширишни афзал кўради. Гомес Фариаснинг президентлиги ўн беш кун давом этиб, кейин Санта-Аннанинг ўзи яна ҳокимиятни қайтариб олади. Бу сафар ҳам биринчи галгидек қисқа президентликдан сўнг июлнинг бошларида яна Гомес Фариас унинг ўрнини эгаллайди. Санта-Анна ва Гомес Фариаснинг ҳокимият алмашиш ўйини 1835 йил ўрталарида Санта-Аннанинг ўрнини Мигел Барраган эгаллагунча давом этади. Aммо Санта-Анна ортга чекинувчилардан эмасди. У 1839, 1841, 1844, 1847-йилларда ва ниҳоят, 1853–1855 йиллар оралиғида президентлик курсисига яна ва яна қайтади. Умумий ҳисобда Санта-Анна ўн бир марта президент бўлган. Унинг даврида Мексика Aламо ва Техасни қўлдан чиқарди, Нью-Мексико ва Aризона штатларига айлантирилган ерларни Aмерикага бой беришга сабаб бўлган ҳалокатли Мексика – Aмерика уру шида мағлуб бўлди. 1824 йилдан 1867 йилгача бўлган даврда Мексикани эллик икки президент бошқарди, улардан айримларигина ҳокимиятни конституциявий йўл билан қўлга киритганди.
Иқтисодий институтлар ва рағбатлар учун бу каби кўз кўриб қулоқ эшитмаган сиёсий беқарорлик келтириб чиқарган натижа тушунарли бўлса керак. Бундай бошбошдоқлик мулкка эгалик қилиш ҳуқуқининг бутунлай ҳимоясиз қолишига олиб келди. Бу Мексика давлатининг ҳам жиддий заифлашувига сабаб бўлди. Ҳукумат солиқлар йиғиш ёки ижтимоий хизматларни