Таниқли адиб Қўчқор Норқобил ҳикояларида энг аввало Инсон бор; унинг қалб қувончи ва қайғулари ишонарли акс эттирилади. Персонажлар китобий эмас, тирик одамлар эканлигини ҳис қиласиз, беихтиёр мулоқотга киришасиз. Характер яратиш машқини эгаллаган ёзувчи ҳикояларида юз берадиган яна бир жиҳат – фавқулодда бурилиш ва кутилмаган якун ўқувчи ҳайратини тошириши, шубҳасиз. Самимий ва равон ифодалар, теша тегмаган иборалар замирида бу дунёда Инсон бўлиб яшаш, одамийликни асраб қолиш ғояси сингдириб юборилган. Адибнинг ҳар бир ҳикоясида севги-муҳаббат, одамийлик улуғланади. Ушбу китобга дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган ва бугунги кунда хорижий давлатлар адабиёт оламида ҳам эътироф этилаётган ҳикоялар киритилди.
Ушбу китобга таниқли публицист, шоир, таржимон ва адабиётшунос Карим Баҳриевнинг турли йилларда битилган адабий мақолалари ҳамда адабиёт хусусидаги суҳбатлари жамланди. Маълумки, муаллиф долзарб мавзуларда битилган, муаммоли масалалар кўтарилган публицистик, сиёсий мақолалар устаси, қисқаси, маҳоратли журналистдир. Мазкур китобда адибни йирик адабий тадқиқотчи, адабиётшунос сифатида кашф этамиз, бадиий олами ва қарашлари билан танишамиз.
Бир неча тaрихий романлар муаллифи, таниқли ёзувчи Наби Жалолиддин 60 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Ёзувчилар уюшмаси унинг сара қиссаларидан иборат тўпламини нашрга тайёрлади. Аксарияти кейинги йилларда ёзилган ушбу асарлар ўқувчиларга манзур бўлади деган умиддамиз.
Ушбу китобдан муаллифнинг қиссалари ўрин олган. Қиссаларнинг таг-моҳиятида миллатнинг ўзлиги, миллий қадриятлари аён кўриниб туради. Бир қарашда шунчаки ҳаёт манзаралари содда тил билан чизилгандек тасаввур берадиган бу асарларда ижодкор инсон қалби фожиалари, унинг қисмати, миллат дардлари, оғриқлари, ундаги ўрнини тўлдириш мушкул бўлган йўқотишлар, одамлар орасида қадр-қиммат, оқибат, садоқат, эътибор кабиларнинг йўқолиб бораётгани кабиларни маҳорат билан акс эттиради. Эзгулик ва ҳушёрликдан бадиий оҳанглар орқали дарс берадиган ушбу китоб ўқувчиларда яхши таассурот қолдиришига умид билдирамиз.
Ёзувчи Луқмон Бўрихон ушбу романида олис Х аср бошларидаги кўҳна Самарқанднинг сиёсий-ижтимоий, маърифий ҳаётидан айрим лавҳаларни қаламга олади. Улуғ аждодларимиздан бири, машҳур аллома Абу Мансур Мотуридийнинг бадиий сиймосини акс эттиришга уринади. Асар драматик воқеаларга, қизиқарли, сермазмун баҳс-мунозараларга бой. Луқмон Бўрихон қаламига мансуб ушбу роман муҳтарам, талабчан ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
Шеър – инсон руҳиятида бетартиб сочилиб ётадиган туйғуларнинг маълум бир шаклдаги ифодаси. Фақат ўша паришон ҳисларни аввало англаш, кейин тартиблаш, сўнгра эса муносиб ифодасини топиб шеърга айлантириш – маҳоратдир. Ушбу тўплам гоҳида изтироблар тасвири, баъзида шодлик ёки қайғу белгиси, баъзан эса исён намойиши бўлиб тўлғонади. Ундаги шеърлар гўё мажбурлаб, катта босим билан муқова остига солингандек, аслида эса китобдан тошиб-қайнаб чиқиб кетадигандек таассурот қолдиради.
Дунёга машҳур адибларга тааллуқли бир фикр бор – ижодкор кўп ҳолларда ўзининг шоҳ асарини ёзишга улгурмайди. Бадиий публицистикада ҳам шундай. Бугун чоп этилган мақолага кўплаб қутловлар эшитасан, аммо орадан ҳеч вақт ўтмай кўнглингда “Янада теранроқ ёзсам бўларкан”, деган фикр туғилади. Бошқа ҳамкасбларимни билмадим, аммо мен ҳозиргина ёзиб тугатган мақоламни… бутунлай бошқа биров бўлиб, “Бу Мелибоев яна нималарни ёзибди-а?” дея ўқий оламан. Устозлар шунга ўргатишган. Газета муҳаррири сифатида кўп мақолаларни қайтарганман (ҳозир ҳам), бу ишим учун мендан ранжиганлар йўқ эмас. Сиёҳиқуримаган навбатдаги мақоламни шу ранживойлар бўлиб ҳам ўқийман. Публицистикада эришган ютуқларимга ўзлари бехабар, шундайлар анча-мунча ҳисса қўшишган. Бу гал ҳам шу одатимга амал қилдим. Ушбу тўпламга киритишни мўлжал қилганим – юздан ортиқ мақоламнинг кўпи… ўзимдан ўтмади. Начора, кўп йиллар менга миннатсиз ҳамроҳ бўлиб келаётган одатдан воз кечиб бўлмайди. Ўтганлари эса муҳтарам ўқувчилар ҳукмига ҳавола.
Бу дунёда ҳамма нарса омонат. Инсон ҳаёти ҳам. Шунинг учун Тангри таоло бандаларини бир-бирига меҳрли, оқибатли, кўмакдош бўлишга буюрган. Одам боласи бу ҳикматни умри бўйи кўп эшитади. Бироқ ҳамма уни англаб етмайди. Англаб етиши учун инсон, бирор марта бўлсин, ажал билан юзма-юз келиши керак, чамаси. Шунда у ҳаёт деган буюк неъматнинг, инсоннинг, тинчликнинг қадрига етишга уринади, ўрганади, балки. Қулман Очилнинг “Адиб ва жамият” туркумидаги ушбу китобидан жой олган турли жанр ва ҳажмдаги асарларни ўқиб, дилингиз ёришиб, одамга ва оламга меҳрингиз янада товланиб кетади.
Шуҳрат Ориф – адабиёт мухлисларининг эътирофига сазовор бўлган, ўзига хос усул ва оҳанги билан сўз шайдоларининг ҳурматини қозонаётган шоир. Шеърларининг ажиб бир руҳи, фалсафага қорилган жозибаси шоирнинг ихчам сатрларида яққол сезилиб туради. Шоирнинг навбатдаги тўпламидаги қатралар ҳам худди шеърдай ўқилади, ўзингизда шеърнинг таъсирини ҳис қиласиз. Шеърга, оҳангга сиғмаган туйғуларнинг қатралар шаклидаги сеҳри сизни ҳам бефарқ қолдирмайди.
Ҳар кўрганимизда дийдоридан куч-қувват оладиган азиз инсонимиз – онамиз ҳаёт бўлсалар… Отамиз, ака-укаларимиз, дилбандларимизни ҳам она муҳаббатига яқин муҳаббат билан севамиз. Ватан… Бизга ғурурланмоқ, курашмоқ, ғолиблик туйғуларини инъом этган муқаддас макон. Шу ва шу каби қалбга яқин тушунчалар Мунавваранинг шеърларида яна ҳам гўзаллашиб, яна ҳам қадрдонлашиб намоён бўлади. Бу шеърларни ўқигач, соғинганларингизни яна кучлироқ соғингингиз келади. Ёруғлиги, иссиқлиги билан ҳориган туйғуларни уйғотади, жонлантиради. Ўқий бошладингизми, демак, сизда ҳам шундай умидбахш, бедор соатлар бошланяпти…