Название | Япон зобити |
---|---|
Автор произведения | Леонид Чигрин |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-23-224-2 |
Партизанлар ҳам ўзларининг қуролсоз усталарига ўрганиб қолишди, ҳазил-мазахлар ҳам тугади. Уни тиришқоқлиги ва саранжом-саришталиги учун ҳурмат қилишар, ҳатто асир эмас, балки жанговар тақдирдош ўртоқ сифатида мурожаат қила бошлашди. Ютаро Тодани русларнинг бунақа икки тарафламалиги таажжубга соларди. Улар жанг пайтида душманга тошбағир ва шафқатсиз, аммо тинчлик пайтида беғубор ва меҳрибон эдилар. Япон зобитига ғаним сифатида қарамай қўйдилар, бу эса ноодатий муҳитга кўникиб кетишида Ютарога кўмак берарди. Поручик шунақа ҳолат ҳақида ўйлай бошлади: аввалига партизанлар бошқалардан фарқи йўқ умумий душманлар сирасига кирарди, энди эса улар кўз ўнгида аниқ-тиниқ шахсиятларга ажралиб қолди. Ҳатто дўстлар орттирди, агар у ўзиникилар томонга қочиб ўтиб кетса, ораларида Василий, Никодим, Авраамий каби дўстона муносабатлар ўрнатишга улгурган поморлар борлигини била туриб, партизанларга ўқ уза олармиди? Ютаро Тода бир қарашда жўн туюлган ушбу саволга жавоб бера олмасди.
Яна бир ойдан сўнг партизанлар кемалар қабристонидан Соломбалага кўчиб ўтишди. Уйларнинг ёғоч деворларидаги ўқ излари бу ерларда яқиндагина шиддатли отишмалар содир бўлганидан дарак берарди. Поручик ўз бўлинмаси тақдири ҳақида сўраб-суриштирса-да, аниқ бир жавоб ололмади. Ҳа, ҳалок бўлганлар бор эди, қанчалигини ким санабди, дейсиз… Ҳа-я, айтмоқчи, японлар ўрмонга қараб чекинганди, кейин у ердан ҳам сиқиб чиқаришди, балки қочиб кета олишгандир… Ютаро Тода англадики, унга бор ҳақиқатни айтишга ботинишмаяпти: ёки бу ҳарбий сир, ёки уни хафа қилгилари келмаяпти. Эҳтимол, шу ва бошқа тахминлар халал берарди…
Энди у қишлоқда бамайлихотир юра оларди. Тўғри, ортидан ҳануз кузатишар, лекин ҳеч нимадан қисмасдилар. Оқларнинг қисмлари билан жанговар ҳаракатлар энди Архангельск атрофида, ундан нарироқдаги Шенкурск ва Котласда кетаётганди. Жанглар эса қурбонсиз бўлмайди, Ютаро Тода у ёки бу оғайнисининг ҳалок бўлганини билганида, чин юракдан хафа бўларди. Унинг урушга муносабати ўзгара борарди. Тушундики, урушлар икки хил, яъни озодлик ва босқинчиликка бўлинади. Айни пайтда эса поморлар ўз ерларида қандай хоҳлашса, шундай яшаш ҳуқуқи учун озодлик урушини олиб борар, поручик борган сари уларга хайрихоҳ бўлиб бораётганини сезарди. У ушбу қонли тўқнашувларда ўз ролини ҳали аниқ белгилаб ололмаётганди. Ахир ўзи ҳам ушбу заминга тинчлик мақсадида келмаган, демак, у ҳам мана шу инсонларнинг озодлигига дахл қилган. Бироқ, бошқа томондан, у рад эта олармиди ва уни босқинчи сифатида қабул қилишлари мумкинмиди? Ютаро Тода буни ҳам қабул қилишни хоҳламасди. У офицер эди, бурч ва шаън каби тушунчалар унинг учун иккинчи даражали бўлмаган.