Название | Ҳаёт қайиғи (1 китоб) |
---|---|
Автор произведения | Тохир Хабилов |
Жанр | |
Серия | |
Издательство | |
Год выпуска | 0 |
isbn | 978-9943-26-895-1 |
кўзларидан оқизар ёшлар,
худди аччиқ пиёз сингари…
Ғирромликни билмаган икки дўстим
Ташлаб кетди ғирром дунёни…
Абдужалил маҳоратли радиожурналист эди. “Ёшлик” радиосининг шаклланишида кўп хизмати бор. Ҳозир радио-телевидениенинг етакчи ходимлари сафида унинг шогирдлари кўп. Абдужалил бадиий адабиётда ҳам машқ қилиб кўрган эди. Шингил ҳикояларини минг тўққиз юз саксон учинчи йилда “Шарқ юлдузи”га тавсия қилганди. Бир томондан журнал талаби ғоят юқори бўлгани учун, иккинчи тарафдан таниқли адибларнинг роман-қиссалари тўлдириб тургани учун бу ҳикояларга ўрин берилмади. Албатта, бундан ранжиди. Шунда “Ҳикояларинг чиқиб, танқидчиларнинг маза-бемаза танқидларини эшитиб кўнглинг хира бўлганидан кўра “чиқмади-я” деб ачинганинг яхшироқ”, деб ҳазиллашганимда “тўғри айтасан”, деб сигарет тутатган эди. Ҳозир матбуотда берилаётган ҳикояларнинг заифлигини кузатиб, “Абдужалилнинг ўша ҳикоялари булар олдида нодир эди, бир амаллаб чиқишига ёрдам берсам бўларкан”, деб афсусланаман.
“Вақт ўтган сайин йўқотганларингизнинг алами каттариб, ўзингизни йўқолиб бораётганингизни ҳис қилиб яшар экансиз, – деган эдилар Рауф Парфи. – Ҳамма йиллар, ҳамма ойлар, ҳамма соатлар айрилиқлардан иборатдек туюлади мен учун. Хаёлимда изтироблар сира камаймади, аксинча, ортиб боради. Чорасиз сайёрамиз инсон фарёдини кўтариб айланаверди, айланаверди…”
Ўрни келганда дўстларим ҳақида яна сўз айтаман. Ўшанда ўлим билан ҳаёт оралиғидаги қилкўприк устида ётганимда уларнинг сўнгги нафаслари ҳақида ўйладим.
Дарвоқе… сўнгги сўз… сўнгги нафас…
Шу ҳолатни ҳеч ўйлаймизми? Билмаймиз… билолмаймиз… Ҳозиргина тилимиздан учган сўз сўнггиси бўлиши эҳтимол… Эндиги чиқарган нафасимиз охиргисидир балки? Киши бу оламни тарк этгач, яқинлари унинг сўнгги ҳаракатларини, сўнгги гапларини эслашади ва ундан ҳикмат излашади. Ажойиб болалар ёзувчиси, кўп йиллик қадрдон акамиз Сафар Барноевнинг касал бўлиб ётганларини эслолмайман. Шу киши олтмиш уч ёшларида кеннойимизга “Малика, ўлиш шунақа осонми?” дебдилару, жон таслим қилибдилар. Бу ҳол каминани кўп ўйга солган эди. Улуғларнинг сўнгги сўзларини эслагандим: англиялик шоир лорд Байрон ўлими олдидан қоғоз ва қалам сўраган экан. Аммо қалам тутишга ҳоли бўлмай: “Тамом, энди жуда кеч”, деб кўз юмган экан. Шоиримиз Шавкат Раҳмон ҳам қўлига қалам тута олмай, 1996 йилнинг 9 август куни сўнгги сатрларни айтиб турган экан:
Ғазабланма дейдилар,
Асабланма, дейдилар?
Диққат бўлма дейдилар
майда-чуйда гаплардан.
Гўёки бу дунёда қолмагандай
бедиллар.
Суқрот ҳаким “Ўлим руҳнинг танадан ажралиши ва танадан айри ҳолда яшаши, мавжуд бўлишидир, шундай экан, мен ўлимдан қўрқмайман”, – деб яшаган. Сўнгги сўзи эса… “Аскулепиосга бир хўрознинг баҳосича қарзимиз бор эди, эсингдан чиқмасин, Критон”, – деб васият қилган экан. Салмон Форсийнинг сўнгги сўзлари насиҳат тарзида бўлган экан: “Нимаики қилсанг, Аллоҳ розилиги учун қил ва буни сира унутма!” Сўфий Ҳалложни “анал ҳақ!” ақидаси учун қийнаб ўлдирганлар. Олдин панжалари, қўллари кесилган, кўзлари ўйилган. Навбат тилни кесишга келганида деган эканларки: “Аллоҳим, сенинг розилигинг учун менга ушбу уқубатларни раво кўрганлардан