Ҳаёт қайиғи (1 китоб). Тохир Хабилов

Читать онлайн.
Название Ҳаёт қайиғи (1 китоб)
Автор произведения Тохир Хабилов
Жанр
Серия
Издательство
Год выпуска 0
isbn 978-9943-26-895-1



Скачать книгу

Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқса ёмон бўлмас эди.

      Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми?

      Боғча ва мактаб, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.

      Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилармиш. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Яқиндагина, совет давридаги тўй ташвишлари ва машаққатларини унутдикми? Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз? Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам… Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса…” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда, виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.

      Замонлар бўлган – ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз. Нархини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир…

      “Оилангизда нон исрофига қандай қарайсиз?” – дейиш ўрнига “Оилангиздаги нон исрофига нима учун бефарқ қарайсиз?” – деган саволни кун тартибига қўйиш тўғрироқ бўлса керак.

      Саволни бу тарзда кўндаланг қўйишимга сабаб – бугунги кунда деярли барча оилаларда нон исрофига кўзимиз тушади. Бугун 45-50 ёшида келин тушираётган қайнота ва қайноналар болалик чоғларида нонга муҳтож бўлмаганлар, шунданмикин, нон қадрини билмайдилар, деган гапларни ҳам эшитаман. Бу гапларда жон бор, лекин болалигида қорни тўйиб нон емаганлар нон қадрини билади, нонни исроф қилишга йўл қўймайди, дейиш ҳам бир ёқлама тўғри. Нонга муҳтож бўлмаган одамга нонни исроф қилавериш ҳуқуқи берилмаган. Нонни қадрлашга доир қанчадан қанча ҳикматлар, ҳаётий мисоллар бор. Агар келинингиз, ўғлингиз, сўнг набираларингиз нонни қадрламас экан, биринчи галда сиз айбдорсиз.